Мақолалар

Уйи бузилаётган фуқаро ўз жонига қасд қилишга уринди

Уйи бузилаётган фуқаро ўз жонига қасд қилишга уринди

21 апрель куни Бишкек атрофидаги «Оқ-Ордо» аҳоли пунктида прокуратура ходимлари билан уйлари мажбурий тартибда бузилаётган аҳоли ўртасида кескин низо келиб чиқди. Можаро вақтида маҳаллий турғунлардан бири ўз жонига қасд қилишга уринди. Мазкур ҳолат тасвирланган видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

Маълумотларга кўра, бузилаётган тўртта уй бўйича иш ҳозирда маъмурий судда кўрилаётгани сабабли, аҳоли бузиш ишларини вақтинча тўхтатиб туришни илтимос қилган.

Мамлакатда бу каби воқеалар тез-тез такрорланиб, ҳукумат ва халқ ўртасидаги зиддиятларни янада авж олдирмоқда. Зеро, умрининг асосий қисмини уй-жой қуришга сарфлаб, лекин бир кунда бор-будидан айрилиб қолиш оддий халқ учун оғир зарбадир. Кўпчилик ер участкаларини анча йиллар олдин сотиб олган. Аммо қонунда кўрсатилганидек, 2021 йилгача уй-жойларини битказишга улгуришмаган. Бироқ сўнгги фармонга биноан, ер участкалари фақат 2021 йилгача қурилиши тугалланган уй эгаларига берилиши белгиланган.

Афсуски, расмий ҳукумат мазкур ерларни ноқонуний сотган мансабдорларни жазолаш ўрнига, уларга алданган оддий халқни жазоламоқда. «Тартиб ўрнатамиз» деган иддао билан одамларни ўз жонига қасд қилиш даражасигача олиб боришмоқда.

Ҳукумат эса халқни уй-жой билан таъминлаш масъулиятини фойда келтирувчи лойиҳага айлантириб олган. Бундан ҳам хавотирлиси, мусулмон аҳолининг эҳтиёжларини шариатда ҳаром қилинган кредит сиёсатига боғлаб қўйиб, ипотека уйлари орқали капиталистларнинг фойда кўришига шароит яратиб бермоқда.

Бунинг акси ўлароқ, Исломда халқни асосий эҳтиёжлардан бири бўлган уй-жой ва ер билан таъминлаш раҳбарларнинг бурчи ҳисобланади. Бунинг учун маблағ Байтулмолдан (давлат хазинасидан) ажратилади ва уй-жойга эга бўлишга қурби етмаган фуқароларга уй-жой қуриб берилади. Шунингдек, хусусий мулк давлатники ёки шахсники бўлишидан қатъий назар, у дахлсиз ҳисобланади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўз ер участкасини масжид учун бермаслик устида Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу билан судлашгани бунга яққол мисол бўла олади:

«Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврида аҳоли сони кўпайганлиги сабабли Расулуллоҳ ﷺнинг масжидларини кенгайтиришга эҳтиёж туғилади. Шу сабабли масжид учун яқин атрофидаги ер ва уйларни сотиб олишга қарор қилинади. Атрофдаги мусулмонлар бу қарорни мамнуният билан қабул қилишади. Фақат бир киши ўз ерини масжид учун беришдан бош тартади. У зот Пайғамбаримизнинг амакилари Ибн Аббос розияллоҳу анҳу эдилар. Шунда мўминлар амири Умар розияллоҳу анҳунинг ўзи ўртага тушиб, агар таклиф қилинган маблағ камлик қилаётган бўлса, уни кўпайтириб беришини ва қурилишни тезроқ битказиш истагини айтади. Шунга қарамай, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу таклифни рад этади. Натижада, Умар розияллоҳу анҳу қозига мурожаат қилишга мажбур бўлади. Ўша пайтда фиқҳ илми билан танилган Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу қози эди.

Халифа қозига мурожаат қилиб: “Мен давлат раҳбари сифатида Аббосга ер участкаси учун бозор баҳосидан анча юқори маблағ таклиф қилдим. У қаршиликни тўхтатиб, ерини сотиши керак”, — деди. Аббос розияллоҳу анҳу эса: “Бу менинг шахсий мулким. Уни қиммат нархга сотишни ҳам, масжидга беришни ҳам истамайман. Қози менинг мулк ҳуқуқимни давлатдан ҳимоя қилиб бериши керак”, — деб жавоб берди.

Қози Убай ибн Каъб Икки томонни тинглагач, шундай ҳукм чиқарди: “Ҳеч кимнинг шахсий мулкни куч билан тортиб олишга ҳаққи йўқ. Бу масжидни кенгайтириш учун бўлса ҳам мумкин эмас. Аббоснинг мулки ўзида қолади. Ҳеч ким, ҳатто халифа ҳам уни сотишга мажбурлай олмайди”.

Бу масала битгандан сўнг Ибн Аббос розияллоҳу анҳу қозидан: “Эй Убай, қозининг ҳукми кучга кирдими?”, деб сўради. У “ҳа” деб жавоб бергач, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деди: “Ундай бўлса мени тингланглар, шу дақиқадан бошлаб мен ўз еримни масжид кенгайтирилиши учун беғараз топширдим. Энди менинг ерим халифа ихтиёрига ўтди”.

Бундан ҳайратланган Каъб розияллоҳу анҳу: “Эй Аббос! Беш дақиқа олдин ерингни қиммат баҳога ҳам сотишни истамаган эдинг. Ҳукм чиққандан кейин уни совға қилишингга нима сабаб бўлди?”, деб сўради. Бунга Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Мен Ислом шахсий мулкни қанчалик юксак даражада ҳимоя қилишини дунёга кўрсатиб қўймоқчи бўлдим», — деб жавоб берди.

Демак, фақат Исломгина халқнинг асосий эҳтиёжларини адолат билан ҳал қилади ва шахсий мулкни тўлиқ ҳимоя остига олади. Капиталистик тузум эса фойдага асослангани учун фақат капиталистларнинг хавфсизлигини ҳимоя қилади, унинг зарари ва жазосини эса оддий халқ тортади.

Хулоса қилиб айтганда, ўзганинг мулкини тортиб олишнинг барча турлари ҳаромдир. Кимдир бировнинг ерини тортиб олса, у катта гуноҳ ва оғир жиноят содир этган бўлади. Пайғамбаримиз ﷺ айтганлар:

«مَنْ ظَلَمَ قِيدَ شِبْرٍ مِنَ الْأَرْضِ طُوِّقَهُ مِنْ سَبْعِ أَرَضِينَ»

«Ким бир қарич ерни зулм билан тортиб олса, (қиёматда) етти қават ер унинг бўйнига осиб қўйилади» (Ойша розияллоҳу анҳодан Муслим ривояти).

Шундай экан, давлат ернинг қийматини бозор баҳосида тўлаб берганидан кейингина уни давлат ҳисобига олишга ҳақли. Зулм йўли билан оддий халқни ўз уйидан ҳайдаб чиқариш ҳаромдир. Шунингдек, ер устида қурилган иморатнинг қиймати ернинг қийматидан юқори бўлиши лозим.

Мумтоз Мавароуннаҳрий

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button