Яман ва унинг минтақа воқеаларидан таъсирланиши

Яман ва унинг минтақа воқеаларидан таъсирланиши
Яман Раҳбарият кенгаши раиси Рашод Ал-Алимий ўтган ҳафтадан олдинги чоршанба куни Яманнинг расмий ва маҳаллий медиа раҳбарлари ва вакиллари билан бўлиб ўтган кенгайтирилган учрашув асносида мамлакат ҳукумати янги сулҳни ҳам, ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни ҳам қўллаб-қувватламаслигини, чунки барқарор тинчлик қурол ва суверенитетни фақат ўз қўлида монополия қилган ҳамда давлатдан ташқарида қуролли гуруҳлари бўлмаган давлатга таянишини маълум қилди. Шунингдек, Алимий ҳусийлар гуруҳига сўнгги мурожаат йўллаб: «Қуролни ташлаш, сиёсий партияга айланиш ва бошқа яманликлар билан тенг асосда сайлов қутилари орқали рақобатлашиш учун ҳануз имконият очиқдир», деди.
Алимий айтган ушбу сўзлар ва айнан шу вақтда айтилиши сиёсий позициянинг ҳам, ҳарбий позициянинг ҳам ўзгарганидан далолат беради. Зеро, сиёсий нутқ оҳангида кескинлик, ҳарбий жавобда эса аввалгидан кўра шиддатлироқ куч сезилмоқда; чунки ўтган йиллардан бери ҳусийларнинг Рувайк, Моха, Маъриб ва ҳатто Оли Сауд қироллиги жанубига берган зарбаларига жавобан барча фронтлар бир вақтда Саудиянинг қўллаб-қувватлови, балки кўрсатмаси билан бундай ҳаракатга келмаган эди.
Америка сиёсати минтақада бир ёки бир нечта давлатнинг ҳукмронлик ўрнатишига тўсқинлик қилувчи ҳарбий мувозанат ўрнатилишини тақозо қилди. Бу эса вақти-вақти билан Америкадан ундан халос бўлиш ва уни жиловлаш учун ўзи истамаган саъй-ҳаракатни талаб қилиши мумкин — худди бугунги кунда Эронни жиловлаш учун сарфлаётган ҳаракати каби. Ваҳоланки, Америка сиёсатининг қайта-қайта муваффақиятсизликлари оқибатида, кетма-кет келган Америка маъмуриятлари Афғонистон, Ироқ, Ливан, Сурия ва Яманда Эрондан ёрдам сўрашга мажбур бўлган ва бунинг ортидан Эрон минтақага тўғридан-тўғри таъсир ўтказадиган бўлиб қолган эди. Сўнгра Эрон Американинг минтақадаги режалари ва манфаатлари қаршисида тўсиққа айланди. Шунингдек, Америка яҳудий вужудини ўзидан ҳеч қачон ажралмайдиган, балки Америка у орқали ўз манфаатларини рўёбга чиқарадиган восита бўлиб қолиши шарт бўлган қурол деб билади. Шу сабабли Америка Саудия, Туркия ва Покистон ўртасида қўшма мудофаа бўйича «Макка битими»ни барпо этди.
Америка Макка битими билан кифояланиб қолмасдан, биринчи навбатда Америка манфаатларининг тақозосига мувофиқ, Бобул-Мандаб бўғози, Қизил денгиз ва Адан кўрфазидаги денгиз хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва кемалар қатнови эркинлигини ҳимоя қилиш, шунингдек халқаро савдо йўлларини хавфсиз қилиш ҳамда энергия таъминоти йўллари ва муштарак денгиз манфаатларини ҳимоя қилиш орқали Эрон қўллаб-қувватлаётган ҳусийларнинг денгиздаги таҳдидларига қарши курашиш учун институционал мудофаа доирасини қуришни мақсад қилган Саудия ва Покистон бошчилигидаги 39 давлатдан иборат яна бошқа бир иттифоқни ташкил этди. Зеро Америка ўтган асрнинг етмишинчи йилларидан бери «Қизил денгиз хавфсизлиги» номи остида Қизил денгизни назорат қилиш ва унинг устидан ўз нуфузини ёйиш устида ишлаб келмоқда.
Эронга келсак, унинг Афғонистон, Ироқ, Сурия ва бошқа жойларда Америкага кўрсатган барча хизматлари уни қутқара олмади; зеро Америка Исломга қарши урушида қурол сифатида ишлатган ҳолда Эрон, Саудия, Ливан, Сурия ва Яманда бир-бирига зид мазҳабпарастлик марказлари билан минтақани тўлдирганидан сўнг уни четлатмоқда.
Сурияда Америка чизган режага кўра Эроннинг роли тугади, шунинг учун ундан чекинишни талаб қилди ва ҳақиқатан ҳам Эрон Суриядан чекина бошлади ҳамда ўз кучларини олиб чиқди. Америка эса ўзининг минтақавий таъсир воситаси бўлган жиноятчи малайи Башар ўрнига Туркия орқали бошқа бир малайни алмаштирди. Худди шунингдек, Жанубий Ливанда ҳам Америка яҳудий вужудига Эрон ҳизби раҳбарларини ўлдириш ҳамда унинг кучлари ва инфратузилмасини вайрон қилиш учун яшил чироқ ёқди. Бундан ташқари қайта тиклаш ва қочқинларнинг қайтишига рухсат бериш эвазига доимий тинчлик битимини имзолашгача етиб бориш мақсадида уни қуролсизлантириш ва сиёсий партияга айлантириш устида ишлаш учун Ливанга босим ўтказди.
Ироқда эса Америка Эроннинг Нури Ал-Моликийни бош вазирликка тайинлашига тўсқинлик қилди ва Али Аз-Зайдийни олиб келди. У Эрон иттифоқчиларига қарши курашда коррупция масаласини босим қуролига айлантирди, шунингдек қуролни давлат қўлида чеклаб қўйди ва барча гуруҳлардан сиёсий партияларга айланишни талаб қилди.
Яманда эса Америка БАА кучларини чиқариб юбориш учун Саудия орқали Рашод Ал-Алимийга босим ўтказди. Бунинг кетидан уни Америка томонга оғдириб, ҳусийларга қарши сўнгги ҳарбий амалиётларда логистик ёрдам берди, хусусан Эроннинг минтақадаги қўлларини қирқиш учун амалиётларга учувчисиз учоқларни (дронларни) киритиш орқали буни амалга оширди, токи Америка ўз мақсади бўлган Эронни ўз орбитасида айланадиган давлат эмас, балки ўзига қарам бўйсунувчи давлатга айлантириш мақсадини рўёбга чиқарсин.
Минг афсуски, Америка минтақани Покистон, Саудия Арабистони ва Туркиядаги ўз малайларига топширмоқда. Чунки уларнинг сиёсати хоҳ тўлиқ тобе бўлсин, хоҳ унинг орбитасида айлансин, АҚШга боғлангандир. Ваҳоланки, ушбу давлатлар ўзларининг улкан инсоний ресурслари, ҳарбий кучлари, табиий бойликлари, кенг географик макони ва Ер юзидаги энг хавфли бўғозлар устидан ҳукмронлиги билан бирлашиб, исломий ўзлигини қайта тиклаган, исломий ҳаётни қайта бошлаган ва бутун дунё давлатларидан устун бўлган ягона буюк давлатга айланиши лозим эди.
Кузатув шуни кўрсатадики, ҳудудида Эроннинг қўллари бўлган ёки ҳануз мавжуд бўлган Америкага тобе ҳукмдорларда муштарак бир омил бор, у ҳам бўлса, ушбу мамлакатлар режимларининг қуролли гуруҳлар ёки қолдиқ кучларга нисбатан босим сифатида қўяётган талабларидир. Бу талаблар – қуролни топшириш ва уни фақат давлатлар қўлида чеклаш, шунингдек ушбу гуруҳларнинг сиёсий партияларга айланиши ва сайлов қутилари орқали рақобатлашишдан иборат. Бу эса ушбу талабларнинг манбаси ягона бир томон — яъни Америка эканини кўрсатади ва бу ўша мамлакатлардаги, жумладан Ямандаги гуруҳларни оддий бир фарқ — вақт омили билан бир хил қисматга дучор қилади.
Минтақадаги манзара мана шундай кўриниш олмоқда: Америка ва босқинчи вужуд қўли билан мусулмонларнинг ўлдирилиши давом этмоқда ва тўхтамайди. Бас, Фаластин, Ливан, Ироқ, Сурия, Эрон ва шунингдек Яманда бомбардимон ва вайронгарчилик, бутун минтақада инфратузилмани йўқ қилиш авжидадир. Буларнинг барчаси мусулмон юртларидаги куфр ва унинг аҳлининг лойиҳаларига хизмат қилиш ҳамда мусулмонларни Парвардигорлари юклаган эзгулик ва адолат рисолатидан узоқлаштириш учундир. Ваҳоланки ана шу рисолат уларни ва улардан олдингиларни зулматлардан нурга олиб чиққан, хорликдан кейин азиз ва ожизликдан кейин кучли қилган эди.
Ушбу рисолат Аллоҳнинг изни билан муқаррар равишда келувчи ва барпо бўлувчидир! Бу эса ўзларини Аллоҳнинг динига ва Унинг сўнгги рисолатига бағишлаган зотларнинг онги, азму қарори ва фидокорлиги билан бўлади. Ислом ва унинг аҳли душманларининг бурнини ерга ишқаб, ер юзи зулм ва ноҳақликка тўлгани каби адолат ва инсофга тўлиши ҳамда замин ўз Роббисининг нури билан мунаввар бўлиши учун пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи Рошид Халифалик барпо бўлади:
﴿وَيَوْمَئِذٍ يَفْرَحُ الْمُؤْمِنُونَ * بِنَصْرِ اللَّهِ يَنصُرُ مَن يَشَاء وَهُوَ الْعَزِيزُ الرَّحِيمُ﴾
«Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусрати-ғалабаси билан шодланурлар. У Ўзи хоҳлаган кишига нусрат-ғалаба берур ва У Азиздир, Раҳимдир» (Рум сураси, 4-5-оятлар).
Роя газетасининг 2026 йил 26 август чоршанба кунги 614-сонидан




