Институтлар мустаҳкамланмоқдами ёки назорат кучаймоқдами?

Институтлар мустаҳкамланмоқдами ёки назорат кучаймоқдами?
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 5 июнь куни ШҲТга аъзо давлатларнинг Ички ишлар ва Жамоат хавфсизлиги вазирлари билан бўлиб ўтган учрашувда жиноий гуруҳлар сунъий интеллект имкониятларидан тобора фаолроқ фойдаланаётганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, хавфли тўдалар киберҳужумларни автоматлаштириш, сохта хабарлар тарқатиш ва ноқонуний молиявий амалиётлар учун янги каналлар тузиш устида иш олиб бормоқда.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, айнан шу сабабли ШҲТнинг хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги институционал базасини мустаҳкамлаш борасидаги амалий қадамлар бугунги кунда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Изоҳ:
Президентнинг ушбу баёноти бугунги кун воқелигини яққол акс эттиради. Замонавий технологиялардан нафақат жиноий гуруҳлар, балки бошқа доиралар ҳам кенг фойдаланаётгани айни ҳақиқатдир. Бироқ, бу ўринда жиноятчиликнинг келиб чиқиш сабабларини муҳокама қилиш ўрнини, жиноятчилар қўллаётган воситалар баҳси эгаллаб олмаслиги лозим.
Сунъий интеллект, рақамли платформалар ва замонавий алоқа воситаларининг ўзи аслида жиноятчилик манбаи ҳисобланмайди. Улар бор-йўғи бир восита, холос.
Жиноят олами ҳам, ҳукуматнинг ўзи ҳам ҳар доим энг қулай ва самарали воситалардан, яъни оддий ресурслардан тортиб, интернет ва сунъий интеллект технологияларигача бўлган имкониятлардан фойдаланиб келмоқда. Шу боис, агар эътибор фақатгина технологияларга қаратилаверса, у ҳолда жиноятчиликнинг анча чуқурроқ илдизлари ҳамда давлат институтлари фаолиятидаги камчиликлар назардан четда қолиб кетиши ҳеч гап эмас.
Бироқ, давлат тузилмалари, ҳуқуқ-тартибот органлари ва давлат мулозимлари сиёсий тарғибот масалаларида, хусусан, Исломнинг ҳаёт тизимини қоралашда худди шу рақамли технологиялардан фаол фойдаланиб келаётганини ҳам унутмаслик лозим.
Масала фақатгина жиноятчиликка қарши кураш ваколатларини кенгайтириш билангина чекланиб қолмаслиги зарур. Бу жараён, янги берилаётган кенг ваколатлар суиистеъмолчиликларга йўл очмаслиги учун, мавжуд «қонуний чекловлар» доирасида уларни тизгинлаб турадиган механизмларни ҳам талаб қилади.
Бундан ташқари, рақамли муҳитдаги жиноий фаолиятнинг кўплаб турлари ҳуқуқ-тартибот органларига анчадан бери маълум. Мисол учун, интернет орқали гиёҳванд моддаларни тарқатиш каналларини, онлайн-фирибгарлик схемаларини ёки айрим ноқонуний молиявий амалиётларни аниқлаш кўп ҳолларда техник жиҳатдан у қадар мураккаб масала эмас.
Демак, бундай жиноий фаолиятлар узоқ вақт давомида тўхтамай давом этиб келаётган бўлса, у ҳолда муаммо технология ёки ваколатларнинг етишмаслигида эмас, балки институтлар фаолиятининг сифатида, назоратнинг сустлигида ва мансабдор шахсларнинг масъулиятсизлигида, деган хулосага келиш мумкин. Шундай экан, институционал базани мустаҳкамлаш фақатгина назорат ва техник имкониятларни кенгайтириш билан чекланиб қолмаслиги керак.
Аввало, бундан ҳам муҳимроқ бўлган жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат институтлари самарадорлигини ошириш, уларнинг фаолиятини шаффофлаштириш ва жиноят олами ривожига замин яратувчи ижтимоий омилларни бартараф этиш каби чора-тадбирларни илгари суриш шартдир.
Буларни эса инсоннинг барча инстинктларини ва ақлини тўлақонли қондира оладиган мукаммал мафкурасиз амалга ошириб бўлмайди.
Шу боис, Яратувчи томонидан белгилаб берилган ва инсониятнинг барча муаммоларини ҳал қилувчи ҳаққоний ақидага суянилмас экан, жиноятчиликка қарши кураш яна айланиб келиб оддий фуқаролар учун янги тақиқ ва чекловларни жорий этиш масаласига бориб тақалаверади. Хавф ва таҳдидлар эса ҳамиша сақланиб қолаверади.
Бундай ёндашувнинг оқибатларидан яна жамият азият чекади, бу каби чора-тадбирларнинг жиноятчиларга қарши нечоғли самара бериши эса мавҳумлигича қолаверади.
Хужжат Жамиа




