Қирғизистонликларнинг ярмининг жамғарган пули бир ойга ҳам етмайди

Қирғизистонликларнинг ярмининг жамғарган пули бир ойга ҳам етмайди
Агар қирғизистонликларнинг 50 фоизи асосий даромадидан айрилиб қолса, мавжуд харажатларини қарзга ботмасдан бир ойдан ортиқ муддатга қоплай олмайди. Бу ҳақда Миллий банк аҳолининг молиявий саводхонлиги бўйича 2025 йилда ўтказган тадқиқотида маълум қилди.
Тадқиқот натижаларидан, сўровнома иштирокчиларининг 18 фоизининг маблағи ҳатто бир ҳафтага ҳам етмаслиги, 32 фоизининг топган-тутгани эса фақат бир ҳафтадан бир ойгача етиши маълум бўлган.
Ўз навбатида, сўровномада иштирок этганларининг 29 фоизигина харажатларини бир ойдан олти ойгача бўлган муддатда бемалол қоплай олиши мумкин. 15 фоизининг жамғарган маблағи эса олти ойдан ортиқ вақтга етиши мумкин. Қолганлар бу саволга жавоб бера олишмаган.
Тадқиқотда айтилишича, асосий даромад манбасидан айрилган тақдирда бор маблағи бир ой ёки ундан ҳам камроқ вақтга етадиган кишиларнинг сони сўнгги тўрт йил ичида сезиларли даражада ортган. Хусусан, 2021 йилда бу кўрсаткич 39 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб 50 фоизга етган.
Бундан ташқари, сўровнома иштирокчиларининг 59 фоизи маблағи етмай қолишидан доимо хавотирда эканини билдирган. 39 фоизи эса «эплаб-сеплаб тирикчилик қиляпмиз» деган фикрга қўшилган.




