Адолатли давлат учун «ўзимизнинг одамлар» эмас, энг сара кишилар лозим

Адолатли давлат учун «ўзимизнинг одамлар» эмас, энг сара кишилар лозим
Қирғизистон президенти Садир Жапаров онлайн форматда Талас шаҳридаги «Ақилман» лицейи ва қатор ижтимоий объектларни очиб берди. Давлат раҳбари ўз нутқида Қирғизистонни янги босқичга кўтарадиган келажакдаги олимлар, муҳандислар, шифокорлар, ўқитувчилар ва давлат хизматчилари ҳақида тўхталиб ўтди.
Бу – баҳс қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Мамлакат тараққий этиши учун ҳақиқатан ҳам кучли мактаблар, истеъдодли ёшлар, замонавий лабораториялар ва сифатли таълим олиш учун ташкил этилган кенг имкониятлар зарурдир. Бироқ масала битта лицейнинг очилиши билангина ҳал бўлиб қолмайди. Аксинча, айнан шу ерда таълим тизимидан ҳам кенгроқ қамровли бўлган жиддий муаммога эътибор қаратиш талаб этилади.
Президент Жапаров «Ақилман» лицейининг битирувчилари қандай касбни танлашидан қатъи назар, олий маълумотга эга бўлгач, давлат хизматига махсус тартибда кира олишларини алоҳида таъкидлади. Бундай тизим қонунчиликда ҳам тасдиқланган: «Ақилман» лицейи битирувчилари малака талабларига жавоб берган тақдирда, кадрлар захирасига имтиҳонсиз кириш ҳамда давлат ва муниципал хизматга (шаҳар, туман, қишлоқ ёки маҳаллий аҳоли пунктларини бошқариш билан шуғулланувчи маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларига) қабул қилинишда имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бироқ бу ерда гап фақат битта лицей ҳақида эмас, балки бутун бошли таълим ва кадрлар тизимининг адолатлилиги хусусида кетмоқда. Қирғизистон ҳар йили минглаб мутахассисларни етиштириб чиқаради. Улар орасида истеъдодли ёшлар, олимлар, муҳандислар, шифокорлар, ўқитувчилар, дастурчилар ва иқтисодчилар кам эмас. Бироқ уларнинг кўпчилиги қўлига диплом олгани билан, ўз соҳаси бўйича иш топа олмайди. Айримлари эса ўз юртида муносиб имконият йўқлиги туфайли чет элга кетишга мажбур бўлмоқда. Бу эса меҳнат миграцияси кучайишининг асосий омилларидан бири бўлиб қолмоқда.
Бунинг натижасида, таълим тизимини бирламчи тарзда келажакдаги давлат хизматчиларини тайёрлаш манбасига айлантириб қўйиш хавфи туғилади. Ваҳолонки, унинг асосий вазифаси фақат бу билан чекланиб қолмайди. Таълим — бутун мамлакат равнақи учун сифатли инсон капиталини шакллантиришнинг бош қуролидир. Шу боис «Ақилман» лойиҳасини ёшларга сарфланган инвестиция сифатидагина эмас, балки ҳукуматга маъқул бўлган кадрлар захирасини шакллантиришнинг мумкин воситаси сифатида ҳам баҳолаш муҳимдир.
«Ўзимизнинг одам» тамойили касбий маҳорат билан рақобатлаша бошлаганда, давлат ўзининг энг қимматли имкониятларидан биридан, яъни энг сара кишиларни танлаб, уларга йўл очиб бериш имкониятидан маҳрум бўлади.
Бундай вазиятда ёш авлодга зиддиятли сигнал узатиладиган вазиятлар юзага келади. Бир томондан, ёшлар таълим олишга, илм билан машғул бўлишга, ривожланишга ва ўз соҳасининг етакчи мутахассиси бўлишга чақирилса, иккинчи томондан, улар мансаб поғонасидан кўтарилишда билим ва ютуқлардан ташқари шахсий таниш-билишлар ҳам муҳимлигини кўришади.
Бу эса соғлом рақобатга бўлган ишончни сўндириб, бутун бошли бир авлоднинг интилиши ва ғайратига салбий таъсир этиши мумкин.
Айнан шунинг учун ҳам «Ақилман» лицейи мамлакатнинг келажакдаги кадрлар муаммосини ҳам, умуман юртни ривожлантириш масаласини ҳам ҳал қила оладиган ягона механизм бўлолмайди. Ҳозирча «Ақилман» лицейи миллий кадрлар захирасини тайёрлашнинг умумий тизимининг бир қисми сифатида эмас, балки чекланган доирадаги ёшлар учун ташкил этилган имтиёзли йўл сифатидагина кўзга ташланмоқда.
Ҳар бир мактабда, коллежда ёки университетда таҳсил олаётган истеъдодли ёш талабалар ўз билими, салоҳияти ва ютуқлари билан давлат бошқарувига келиш учун тенг имкониятга эга бўлиши шарт. Шундагина давлат фақат тор доирадаги амалдорларни етиштириб чиқармасдан, балки ҳақиқий профессионал элитани ҳам шакллантира бошлайди.
Давлатнинг кучи бунёд этилган биноларнинг сони билангина ўлчанмайди. Кучли давлат мустаҳкам мафкуравий пойдевордан, шу пойдеворга таянган профессионал институтлардан ҳамда уларни самарали бошқара оладиган, ўша ғоялар асосида тарбия топган инсонлардан бошланади.
Қирғизистонда ҳозир ҳам кучли мутахассислар етарлича бор. Лекин давлат уларни доим ҳам қизиқтириб, юртимизда ишлаши учун зарур шароитларни тузиб бера олмаяпти. Бундан ташқари, хорижда меҳнат қилиб юрган қирғизистонлик мутахассислардан иборат яна бир улкан захира ҳам бор. Уларни ватанга қайтариш мумкин. Бироқ бунинг учун қуруқ шиорлар эмас, балки реал шароитлар, муносиб касбий муҳит ва юртига қайтиб, муваффақиятли ишлаб кетганларнинг порлоқ мисоллари керак.
Бу борада билим ва билимдон инсонга бутунлай бошқача эътибор қаратилган Халифалик давлатининг тарихий тажрибасига эътибор қаратиш муҳимдир. У давлатда олим, шифокор, математик, таржимон ёки файласуф шунчаки тирикчиликни кўзлаб юрган мутахассис сифатида эмас, балки жамият, давлат ва диний аҳамиятга молик улуғ ишни бажарувчи инсон сифатида эъзозланган.
Натижада, айнан мана шундай қараш асосида билимни юксак қадрлайдиган бутун бошли бир маданият шаклланган. Илм изланиб, бошқа тиллардан таржима қилиниб, асраб-авайланган ҳолда кейинги авлодларга етказиб турилган. Турли ўлкалар ва халқлардан олимлар таклиф қилиниб, кутубхоналар, мадрасалар ва илмий марказлар барпо этилган. Инсоний капитал фақат битта муассаса ёки битта таълим лойиҳасидан кутиб ўтирилмаган. Аксинча, истеъдод қаерда бўлмасин, уни излаб топиб, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга ҳаракат қилинган.
Айнан шунинг учун ҳам бу тарихий тажриба фақат Қирғизистон учун эмас, балки бутун Ислом олами учун ниҳоятда муҳимдир. «Билим олсанг, иш топасан» деган тор тушунча билан кучли авлод етиштириб бўлмайди. Авваламбор, таълим олишни – иймонли инсоннинг Аллоҳнинг олдидаги масъулияти ҳамда Оламлар Роббисига хизмат қилишнинг бир қисми сифатида қабул қиладиган маданиятни шакллантириш лозим. Шундагина давлат ва жамият мактабдан тортиб то касбий ҳаётгача бўлган босқичда ҳар бир истеъдодли инсоннинг салоҳиятини юзага чиқариш учун муносиб шароит ярата олади.
Хулоса шуки, юртимизга шунчаки дипломли ёки мартабали билимдон ёшлар эмас, балки мустаҳкам мафкуравий пойдеворга таянган, билим ва қобилияти жамият учун реал фойда келтирадиган авлод зарур. Бошқача айтганда, шундай бир соғлом тизим барпо этилиши лозимки, унда инсон бирор кимнинг «одами» бўлмасдан туриб ҳам ҳақиқий профессионал бўла олсин ва Аллоҳ учун хизмат қилсин.
Латифул Расих




