АҚШ Ироқдан чиқишни режалаштирмоқда

АҚШ Ироқдан чиқишни режалаштирмоқда
«ABC News» нашрининг хабар беришича, Америка ўз қўшинларини сентябрь ойининг охиригача Ироқдан олиб чиқишни режалаштирмоқда. Бу 2003 йилда Ироққа бостириб кирган АҚШ ҳарбийларининг ушбу мамлакатдан тўлиқ чиқиб кетишини англатади.
2024 йилда Вашингтон ва Бағдод АҚШ бошчилигидаги «Ислом давлати» гуруҳига қарши амалга оширилаётган чекланган ҳарбий амалиётларни босқичма-босқич тўхтатиш бўйича келишувга эришган эди.
Ўтган йили Америка аскарлари Ироқ ҳудудидаги кўплаб базалардан ўз ҳарбий қисмларини олиб чиқиб кетган бўлса-да, бироқ ярим мухтор Шимолий Курдистон ҳудудида ўз ҳарбий иштирокини сақлаб қолганди. Жорий йилнинг 28 февраль кунида АҚШ ва (Исроил) Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлаганидан буён, мазкур минтақадаги ҳарбий базалар мунтазам равишда ҳужумларга учраб келмоқда.
Чоршанба куни Ироқ бош вазири Али ал-Заидий АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари, адмирал Брэд Купер билан учрашди. Музокаралардан сўнг ал-Заидий 30 сентябрь санасини Ироқдаги ИШИДга қарши глобал коалициянинг ҳарбий миссияси якунланадиган ҳамда ҳарбийлар тўлиқ олиб чиқиб кетиладиган «аниқ ва қатъий муҳлат» сифатида эълон қилди.
Оқ уй расмийларидан бири АҚШ ҳарбийларини олиб чиқиш жараёни 30 сентябрга қадар якунига етишини тасдиқлади. Бироқ у Ироқда айни пайтда қанча Америка аскари қолгани ҳамда улар кейинчалик қаерга жойлаштирилиши ҳақидаги маълумотни очиқлашдан бош тортди.
2003 йилда бошланган Американинг Ироққа босқини бутун мамлакатни вайрон қилиб, оғир гуманитар инқирозни келтириб чиқарди. Давлат институтлари ва хавфсизлик тизимининг издан чиқиши мислсиз беқарорлик ҳамда шиддатли зўравонликлар тўлқинини юзага келишига сабаб бўлди.
Йўқотишлар миқёси жуда катта бўлиб, юз минглаб инсонлар урушнинг бевосита қурбонига айланди, яна юз минглаб инсонлар урушдан кейинги зўравонликлар ва инфратузилмаларнинг издан чиқиши оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Миллионлаб ироқликлар ўз уй-жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Соғлиқни сақлаш, сув таъминоти, электр энергияси ва бошқа ҳаётий муҳим тармоқлар мислсиз даражада зарар кўрди.
АҚШ Ироқнинг мавжуд бошқарув тизимини вайрон қилиб, унинг ўрнига беқарор, заиф ва Америкага тобе давлатни барпо этди. Ушбу уруш Ироқнинг мусулмон халқи учун жуда қимматга тушди. Бугунги кунга келиб, Ироқ молиявий жиҳатдан Американинг тутқунига айланиб, турли мазҳаблараро можароларни алангалатадиган синов майдонига айланиб қолди.




