АҚШдаги мигрантларни сақлаш марказларида ўлим ҳолатлари кўпаймоқда

АҚШдаги мигрантларни сақлаш марказларида ўлим ҳолатлари кўпаймоқда
АҚШдаги мигрантларни вақтинча сақлаш марказларида ҳаётдан кўз юмаётганлар сонининг ортиб бориши мамлакатнинг иммиграция сиёсатига нисбатан жиддий саволларни кун тартибига чиқармоқда. Расмий маълумотларга кўра, биргина 2026 йилнинг дастлабки беш ойи давомида миграция марказларида 18 киши вафот этган. Июнь ойида ҳам яна бир фожиали ўлим ҳолати қайд этилди. Таққослаш учун, 2025 йилда 33 нафар, 2024 йилда эса 11 нафар инсон ушбу масканларда жон таслим қилган эди. Бу рақамлар сўнгги йилларда ўлим ҳолатлари сони ортиб бораётганидан далолат беради.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк мазкур вазиятни инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши деб баҳолади ва ҳар бир ўлим ҳолати юзасидан мустақил текширув ўтказишга чақирди. У ўз баёнотида ушбу марказларда одам сонининг ҳаддан ташқари кўплиги, тиббий ёрдамнинг етишмаслиги, жисмоний куч ишлатилиши ва маҳбусларни бир кишилик камераларга қамаш каби оғир муаммолар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
АҚШ ҳукумати ушбу вақтинча сақлаш марказларининг сиғимини 90 минг кишигача кенгайтиришни режалаштираётган бир пайтда, бундай чора-тадбирлар мавжуд шароитни яхшилайдими ёки аксинча, муаммоларни янада чуқурлаштирадими, деган ҳақли савол туғилади. Агар назорат ва тиббий хизмат кучайтирилмаса, инсон ҳуқуқлари бўйича танқидлар янада авж олиши мумкин. Зеро, бу манзара буюк бир давлатни эмас, балки ҳатто учинчи дунё мамлакатларидаги аҳволдан-да тубанроқ ҳолатни акс эттирмоқда.




