Итоат

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ҳадиси Шариф билан
Итоат
Азиз мухлислар, “Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.
أَخْبَرَنَا قُتَيْبَةُ بْنُ سَعِيدٍ، قَالَ: حَدَّثَنَا اللَّيْثُ، عَنْ يَحْيَى بْنِ سَعِيدٍ، عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الْوَلِيدِ بْنِ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ، عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ، قَالَ: «بَايَعْنَا رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى السَّمْعِ وَالطَّاعَةِ فِي الْعُسْرِ وَالْيُسْرِ وَالْمَنْشَطِ وَالْمَكْرَهِ، وَأَنْ لَا نُنَازِعَ الْأَمْرَ أَهْلَهُ، وَأَنْ نَقُومَ بِالْحَقِّ حَيْثُ كُنَّا لَا نَخَافُ فِي اللَّهِ لَوْمَةَ لَائِمٍ» (السنن الكبرى للنسائي 6551
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ ﷺга оғир кунларимизда ҳам, енгил кунларимизда ҳам, хурсандчиликда ҳам, хафачиликда ҳам қулоқ солиб итоат этишга, иш эгаларидан иш талашмасликка, қаерда бўлсак ҳам Аллоҳнинг йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмай ҳақиқатни адо этиб, ҳақиқатни айтишга Байъат қилдик». (Насоий, «Ас-Сунан ул-кубро», 6551).
Энг гўзал сўз – Аллоҳ Таолонинг каломидир, энг тўғри йўл эса У Зотнинг Росули Муҳаммад ﷺнинг йўлидир.
Ушбу ҳадиси шариф бизни Исломни Аллоҳ Таоло севадиган ва рози бўладиган тарзда маҳкам тутишга ҳамда буюрилган амалларни чин дилдан бажаришга ундайди. Бу ерда саҳоба Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу мусулмонлар Пайғамбаримиз ﷺнинг буйруқларига қулоқ солиб, сўзсиз итоат этишга қасамёд қилганлари ҳақида сўз юритмоқда. Бу итоатнинг энг юқори чўққиси бўлиб, хоҳ енгиллик, хоҳ оғирлик пайти бўлсин, буюрилган амрларни жон деб тинглаб, мукаммал равишда адо этишни англатади. Демак, кимки Исломни қабул қилиб, уни ҳаётини тартибга солувчи муқаддас дин деб билса, қандай вазиятга тушишидан қатъи назар – шариатда кўрсатилган узрли ҳолатлардан ташқари – Ислом келтирган барча кўрсатмаларни ҳеч қандай истисно ва баҳоналарсиз бажариши лозимдир.
Ушбу ҳадис матнида нафсимизнинг мансаб ва ҳукмронликка бўлган табиий мойиллигини жиловлаш ҳамда уни тўғри йўналтириш учун нималар қилишимиз кераклиги ҳам баён қилинган. Биз мансаб ортидан қувмаймиз ва унга эга бўлганлар билан тортишмаймиз, чунки бу зиммамизга юклатилган омонат бўлиб, уни ўз ўрнига қўймоқ лозим. Бу ҳадис бизни ҳақиқатни баланд кўтарувчи ҳақ аҳли билан бирга бўлишга ҳамда Қудратли Аллоҳдан ўзга ҳеч кимнинг маломатидан қўрқмасликка чақиради. Ҳақ аҳли – бу Исломни ҳаётга татбиқ этишга, динни ва унинг аҳлини адолатсизлик ҳамда итоатсизликдан ҳимоя қилишга бел боғлаган зотлардир. Бундай инсонларнинг кимлиги ҳеч кимга сир эмас ва улар ҳеч қачон бошқаларни ҳақ йўлдан адаштирмайди.
Аллоҳ Таолодан бизни Ўз буйруқларига мувофиқ иш юритадиган, ҳақиқат устида собит турадиган, шариатни барпо этиб, уни ҳимоя қиладиган ҳақ аҳли қаторига қўшишини сўраймиз.
Азиз биродарлар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.
Ҳижрий 1448 йил, 24-робиъус соний.
Милодий 2026 йил, 5-октябрь.




