Янгиликлар

Уруш бошланганидан буён Ғазо аҳолисининг сони деярли 10 фоизга камайди

Уруш бошланганидан буён Ғазо аҳолисининг сони деярли 10 фоизга камайди

2025 йил якунига келиб Ғазо секторининг аҳолиси тахминан 224–254 минг кишига камайган. Бу ҳақида Фаластин Марказий статистика бюроси (PCBS) маълум қилди.  Муассаса томонидан тақдим этилган рақамларга кўра, урушга қадар 2,3–2,4 миллион кишини ташкил этган аҳоли сони ҳозирда 2,13 миллионгача камайиб, умумий қисқариш 10–10,6 фоизни ташкил этмоқда.

Европа-Ўртаер денгизи Инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиш марказининг раиси Рами Абду ҳам худди шу каби рақамларни келтириб ўтди. Унинг таъкидлашича, аҳоли сонининг қисқаришига урушда ҳалок бўлганлар, бедарак йўқолганлар ҳамда оғир жароҳат, очлик ва турли хасталиклар оқибатида ҳаётдан кўз юмганларнинг кўплиги сабаб бўлган.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2025 йил охири ва 2026 йил бошидаги маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар сони 70–73 минг кишига етган. Уларнинг орасида 18–21 минг нафари ёш болалар ва 12–14 минг нафари аёллардир. Яна 11 мингга яқин инсон бедарак йўқолган. Уларнинг аксарияти вайрон бўлган бинолар вайроналари остида қолиб кетган бўлиши мумкин. Жароҳат олганлар сони эса 171–173 минг кишини ташкил этади.

Шу билан бирга, тинчлик битими ҳам тўлиқ бажарилгани йўқ. Ўт очишни тўхтатиш бўйича тузилган келишувда ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш, (Исроил) қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқиш, гуманитар ёрдамнинг тўсиқсиз етказиб берилишини таъминлаш ҳамда вайрон бўлган инфратузилмани қайта тиклаш кўзда тутилган эди.

Бироқ, хабар қилинишича, ушбу мажбуриятлар ҳечам бажарилмаган. Маълумотларга кўра, ўт очишни тўхтатиш тартиби тахминан 3700 марта бузилган. Бунинг оқибатида 1200 кишидан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлиб, яна 3600га яқин киши жароҳат олган.

Ҳудуддаги гуманитар вазият ҳануз оғирлигича қолмоқда. Ғазо секторига жуда зарур бўлган ёрдамнинг бор-йўғи 35 фоизи етказиб берилмоқда, холос. Шунингдек, ҳудуднинг тахминан 70 фоизи (Исроил) назорати остида қолмоқда.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button