ҲАМАС ҳокимиятни топширмоқда

ҲАМАС ҳокимиятни топширмоқда
Оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарларга кўра, ҲАМАС ҳаракати 2007 йилдан буён Ғазо секторини бошқариб келаётган ўзининг махсус ҳукумат қўмитасини расман тарқатиб юборди. Махсус қўмитанинг раҳбари Муҳаммад ал-Фарра ўз лавозимини тарк этар экан, қўмита фаолияти тугатилганини эълон қилди.
ҲАМАС ҳаракатидан олинган маълумотларга кўра, Ғазони бошқариш бўйича Миллий қўмита (NCAG) ўз фаолиятини расман бошлагунига қадар, собиқ қўмитанинг ишини вақтинча назорат қилиб туриш учун умумиллий келишув асосида вакил тайинланади. NCAG — сиёсий кучлар вакили бўлмаган, фаластинлик арбоблардан ташкил топган технократик орган ҳисобланади.
Ушбу қўмита АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан тузилган Тинчлик кенгашининг қарорига биноан ташкил этилган бўлиб, у ҳудуддаги фуқаролик бошқарувини — аҳолига хизмат кўрсатиш, муниципалитетлар фаолияти ҳамда инфратузилмани қайта тиклаш ишларини ўз зиммасига олиши лозим.
Ваколатларни топшириш жараёни 2025 йилда Ғазода ўт очиш тўхтатилганидан кейин қабул қилинган Трампнинг 20 банддан иборат тинчлик режасининг иккинчи босқичига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Тинчлик режаси қуйидаги муҳим вазифаларни ўз ичига олади:
- Гаровга олинганларни озод қилиш;
- ҲАМАСни қуролсизлантириш;
- Исроил қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқиб кетиш;
- Ўтиш даврида халқаро назоратни ўрнатиш;
- Ғазо секторини аста-секин тиклаш.
2025 йилнинг ноябрь ойида ушбу режа БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюцияси билан маъқулланган эди.
ҲАМАС вакиллари тўғридан-тўғри фуқаролик бошқарувидан расман воз кечишни Миллий қўмита сари ташланган жиддий қадам дея баҳоладилар.




