Американинг Эронга ҳужуми ва унинг ортидаги яширин геостратегик сиёсат!

Американинг Эронга ҳужуми ва унинг ортидаги яширин геостратегик сиёсат!
Американинг Эронга қилган ҳужуми — яъни режим раҳбари Хоманаийни ҳамда раҳбариятнинг асосий ўзагини ташкил этувчи ҳарбий ва хавфсизлик мутасаддиларини нишонга олиши — Американинг Эрон масаласига нисбатан муносабатида стратегик бурилиш бўлди. Трамп ҳужум олдидан «Truth Social» платформасида эълон қилган қисқа баёнотида амалиётнинг тўртта асосий мақсадини белгилаб берди:
- Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаслик;
- Унинг ракета арсенали ва ишлаб чиқариш объектларини йўқ қилиш;
- Минтақадаги Эроннинг прокси кучларини заифлаштириш;
- Унинг дениздаги ҳарбий имкониятларини маҳв этиш.
Бироқ, АҚШ бу ҳарбий мақсадлар билан бир қаторда кенг кўламли сиёсий мақсадни ҳам илгари сурди. У ҳам бўлса — Америка санкциялари туфайли келиб чиққан оғир иқтисодий вазият сабабли туғилган халқ норозилигидан фойдаланиб, режимни ичдан ўзгартиришга туртки беришдир. Ҳужум бошланганидан бир неча соат ўтгач, Трамп эронликларни ўз мамлакатларида ҳокимиятни қўлга олиш учун «бир неча авлод давомида қайталанмаслиги мумкин бўлган имконият»дан фойдаланишга чақирди. Бу эса, бундай даражадаги ҳужумдан кўзланган мақсад режимни парчалаб, сўнг Эрондаги вазиятни ё янги шартларга кўра қайта тузилган режим орқали, ёки мутлақо тобе (қўғирчоқ) режимни олиб келиш орқали бошқаришни кўзлаганини англатади. Американинг Эрон режими билан бўлган муносабатларидаги ушбу стратегик бурилиш унинг гегемонлигига, халқаро тизимига ва ҳатто бутун Ғарб тузумига хавф солаётган янги стратегик ва геостратегик ўзгаришлар туфайли юзага келди.
Бу ўзгаришларнинг бошида кундан-кунга ортиб бораётган Исломий уйғониш ва унинг кучайиб бораётган цивилизацион лойиҳаси туради. «Араб баҳори» қўзғолонлари ва Шомдаги Исломий инқилоб Исломий ҳолатнинг стратегик бурилишида ва мусулмон халқларининг Ғарб тизимига (сиёсати, маданияти ва сақофатига) қарши цивилизацион қўзғолонида бурилиш нуқтаси бўлди. Ушбу Исломий цивилизацион чорлов Ғарбни ва унинг етакчи давлати бўлган Американи Исломий оқимга қарши стратегияларини қайта кўриб чиқишга ҳамда уни тўхтатиш ва унга қарши туриш учун янги сиёсатлар ишлаб чиқишга мажбур қилди.
Бу сиёсатлар бир неча шаклда намоён бўлди. Улардан бири — қаттиқ куч ва ваҳшиёна ҳарбий имкониятларни қўллаш орқали «шок ва фалажлик» ҳолатини вужудга келтириш эди. Бироқ, бу уринишлар Афғонистон ва Ироқда катта муваффақиятсизликка учради. Шундан сўнг «терроризм ва экстремизмга қарши кураш» ниқоби остида хавфсизлик босими кучайтирилди. Кейинроқ «фикрий уруш» эълон қилиниб, RAND тадқиқот маркази таклиф қилган «модернистик демократик Ислом», «иброҳимий дин» каби лойиҳалар орқали Исломни бузиб кўрсатиш ва уни ўзининг мабдаий (ғоявий) кучидан маҳрум қилиш учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишди. Аммо бу уринишлар ҳам Ислом фикратининг қудрати ва унинг барча сохта ғояларни енгиб ўтиш қобилиятига дуч келди. Сўнг минтақа харитасини қайта чизиш ва режимларни қайта шакллантириш стратегияси олдинга чиқди. 2006 йилда Кондолиза Райснинг нутқида «Янги Яқин Шарқ» ибораси янграши билан бу фикр очиқлана бошланди. Аслида минтақа географиясини қайта тузиш мустамлакачилик стратегияларининг узоқ муддатли қисми эди. Бироқ, бу ҳаракатлар ҳам «араб баҳори» ва Шомдаги баракотли инқилобга дуч келиб, Ғарб Халифаликни қулатгандан кейин тузган «функционал режимлар» тизимининг муваффақиятсизлигини очиққа чиқарди.
Исломий манзаранинг кучайиши ва мазкур қўғирчоқ тизимларнинг унга қарши курашдаги ожизлиги Американи минтақага тўғридан-тўғри мустамлакачилик сиёсатини қайта жонлантиришга мажбур қилди. Бу режа хариталарни қайта чизиш ва режимларни қайта тузиш орқали амалга оширилмоқда. Мақсад — Ироқ ва Сурия моделини бутун минтақага ёйиш: яъни Америка элчихоналари орқали бошқариладиган режимлар, «элчи» ва «махсус вакил» номи остидаги америкалик волийлар, қуруқлик, дениз ва ҳавода жойлашган стратегик базалар орқали мутлақ ҳарбий устунлик, минтақа денизларини назорат қилиш ва муҳим дениз йўлларини тўлиқ бошқаришдир. Бу билан бир қаторда, энергия ва фойдали қазилмалар каби стратегик соҳаларда Америка капитализмининг иқтисодий ҳукмронлиги ўрнатилади. Бошқача айтганда, мақсад — Исломни ва унинг цивилизацион лойиҳасини тўхтатиш учун янги «салиб юришлари»га ўхшаш мустамлакачилик ҳолатини қайта тиклашдир. Шунингдек, капиталистик тузумнинг вайронакор ва сурункали иқтисодий инқирозидан ҳосил бўлган «қора туйнук»ни тўлдириш учун минтақани шафқатсизларча талон-торож қилиш ҳамда бу ҳудудни Хитойга қарши Американинг стратегик базасига айлантириш кўзланмоқда.
Американинг бугунги асосий мақсади — тўлақонли мустамлакаларни ҳамда буйруқларини сўзсиз бажарадиган, қулсимон малай режимларни ўрнатишдир. Бугунги кунда Америка Трамп давридан буён Эрон масаласига айнан шу нуқтаи назардан ёндашмоқда. Бундан кўзланган мақсад — Эрон режимини қайта шакллантириб, уни Американинг мустамлакачилик талабларига ҳамда АҚШ гегемонияси дуч келаётган оғир геостратегик вазиятга мослаштиришдир. Америка ушбу тартибни минтақага очиқ ва ваҳшиёна куч ишлатиш орқали сингдиришга ҳаракат қилмоқда.
Маълумки, Эрон режими ўтган асрнинг етмишинчи йиллари охирида пайдо бўлган ва ўша пайтда Совет Иттифоқига қарши туриш учун Америкага зарур бўлган геостратегик эҳтиёжни қондирган эди. Кейинчалик у минтақада ўз таъсирини кенгайтириб, Америкага хизмат қилиб келди (масалан, Афғонистон ва Ироқнинг босиб олинишида). Бироқ бугунги кунда Исломий уйғонишнинг стратегик ривожланиши, Ислом цивилизацияси лойиҳаси ва уни мабдаий тарзда кўтариб чиқаётганларнинг даъватлари, шунингдек, Америка гегемонияси дуч келган мураккаб геостратегик вазиятлар сабабли, Америка учун Эрон режими бўйича кун тартибидаги асосий масала уни янги давр талабларига мувофиқ қайта қуриш бўлиб қолди. Бошқача айтганда, уни тўлиқ Америкага қарам бўлган, «тиш-тирноғи» олинган ва Ғарб цивилизациясининг стратегик асоси бўлган яҳудий вужуди билан алоқаларни нормаллаштиришга тайёр режимга айлантириш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, бундай ўзгартирилган режимдан Американинг Хитойга қарши стратегиясида фойдаланиш ҳам мақсад қилинган.
Айнан шу ерда геостратегик сиёсатнинг яширин жиҳатлари намоён бўлади. Бу — Исломий омилдан кейинги, Американинг Эронга босим ўтказишининг энг муҳим сабабларидан бири ва Хитойга қарши давом этаётган «совуқ уруш»нинг бир қисмидир.
Охирги ўн йилликда Хитой ва Эрон ўртасидаги муносабатларнинг шубҳали даражада тез ривожланиши Америка гегемониясига жиддий геостратегик хавф туғдирди. 2016 йилда асос солинган Хитой ва Эроннинг кенг қамровли стратегик шериклиги 2021 йил март ойида 25 йиллик узоқ муддатли шартнома билан мустаҳкамланди. Ушбу келишув энергетика, инфратузилма, технология, хавфсизлик ва ҳарбий соҳаларда ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган геосиёсий ва иқтисодий иттифоқни юзага келтирди. Келишувнинг нақадар жиддий эканини унинг узоқ муддатлилиги ва Хитой томонидан тахминан 400 миллиард доллар миқдорида сармоя киритилиши яққол кўрсатиб турибди.
Ушбу келишув Хитойга Яқин Шарқда стратегик ва геостратегик таянч нуқтасини тақдим этиб, «Бир макон — бир йўл» ташаббуси доирасидаги қуруқлик йўли учун муҳим ўтиш йўлаги имконини берди. Шунингдек, Эрон Хитой учун Осиёни Европа билан боғловчи стратегик тугунни ечиш воситасига айланди ва Америка назорат қиладиган йўлларни четлаб ўтиш имконини берди. Бу эса Хитой савдо йўлларининг хавфсизлигини кучайтириб, Америка назоратидаги денгиз йўлларига бўлган қарамликни камайтиради. Натижада, бу ҳолат Хитойнинг мавқеини мустаҳкамлаб, Америка гегемониясини заифлаштиради.
Шунингдек, ушбу келишув Хитойга энергия манбаларини жуда арзон нархда олиш имконини берди. Чунки Эрон энергетика тармоғига қарши жорий этилган Америка ва Ғарб санкциялари унинг нефти нархини пасайтириб юборган эди. Хитой бугун Эрон нефтининг энг йирик импортчиси ҳисобланади. 2025 йилда Хитой Эрон нефтининг 80 фоиздан ортиғини сотиб олди. Эрон нефти Хитой умумий нефть импортининг 14 фоизини ташкил этади, бу эса Эрон нефтига бўлган қарамликнинг юқори даражасини кўрсатади.
Бундан ташқари, Эрон Ҳурмуз бўғозини назорат қилади. Бу эса иқтисодиёти борган сари энергияга кўпроқ боғланиб бораётган Хитой учун энергия оқимининг хавфсиз ва узлуксиз етиб келишига қўшимча кафолат беради. Чунки Хитой иқтисодиёти борган сари энергияга кўпроқ қарам бўлиб бормоқда.
Шунингдек, ушбу келишув Эрон учун Ғарб ва Америка санкцияларини четлаб ўтишда муҳим иқтисодий тиргак бўлиб хизмат қилмоқда. Келишув Эронга нефть савдоси ҳисоб-китобларида Хитой валютаси бўлган юандан фойдаланиш имконини берди. Бу эса ўз навбатида АҚШ долларининг ҳукмронлигини заифлаштиришга ва Американинг «петродоллар» сиёсатига зарба беришга ўз ҳиссасини қўшади.
Америка ушбу шерикликни стратегик хавф сифатида қабул қилди ва буни Эрон режими аста-секин Шарққа бурилиб, Америка бошчилигидаги дунё тартибига қарши турган лагерь билан яқинлашаётганининг белгиси деб билди. Агар бундай йўналиш Эрон режимининг ички сиёсий доиралари таъсирида кучайишда давом этса, режим тўлалигича Хитой томонига ўтиб кетиши мумкин деб баҳолади. Америка гегемониясига мана шундай стратегик хавф туғдирган бундай мураккаб геостратегик вазият Эрон режимини Америка учун ўта долзарб ва кескин масалага айлантирди. Бу эса Трампнинг ушбу муаммони тезроқ ҳал қилиш истагини изоҳлаб турибди. Шунингдек, «Янги Яқин Шарқ» лойиҳасининг назариётчиси бўлган Кондолиза Райснинг нима учун Трампнинг Эронга нисбатан ҳужумкор сиёсатини очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаганини ҳам изоҳлаб турибди.
Райс Трампни «Эрон масаласини узил-кесил ҳал қилишга» чақирган эди. Бошқача айтганда, бу Эрон режимини ҳозирги шаклида бутунлай тугатиш ва «Эрон муаммоси»ни ёпиш кераклигини билдиради.
Шу боис, Трамп маъмурияти Эронга қарши тажовузкор ҳаракатлари орқали Хитойнинг йўлини тўсишга, унинг қаршисидаги «Эрон дарчаси»ни ёпишга ва Хитой учун арзон нефтнинг асосий манбаини кесиб қўйишга ҳаракат қилмоқда (у бундан аввал Венесуэла нефти йўлини ҳам ёпган эди). Агар бундай таъминот узилса, бу Хитой саноатига, айниқса, барқарор ва ишончли энергия манбаларига муҳтож бўлган Хитой ҳарбий саноатига жиддий хавф туғдиради.
Бундан кўзланган пировард мақсад — Хитой ва Эрон ўртасидаги шерикликни парчалаш эди. Шу сабабли АҚШ Эрон режими раҳбари Хаменеийни нишонга олиш орқали тизимни қаттиқ ларзага келтириш, сўнгра уни емириб, Американинг геостратегик манфаатларига мос равишда қайта қуришни режалаштирди. Эрондаги бу воқеалар Венесуэла сценарийсини такрорлашга уринишдек кўринади: яъни, мақсад тўлиқ Америкага хизмат қилувчи қўғирчоқ ҳукуматни ўрнатиш, Эроннинг нефть ва газ конларига эришишни таъминлаш, стратегик Ҳурмуз бўғозини назорат қилишни осонлаштириш ва Исломий цивилизация лойиҳасига қарши Американинг мустамлакачилик сиёсати учун таянч база яратишдир.
Демак, Американинг Эронга қарши ҳужумларининг оқибатлари фақат Форс кўрфази ва Яқин Шарқ билан чекланиб қолмайди. Бу Американинг Хитойга қарши олиб бораётган «совуқ уруши»нинг бир қисмидир. Янада кенгроқ маънода эса бу ислом цивилизацияси лойиҳасига ва унинг ғарб тизимига қарши қўяётган жиддий чақириғига қарши ҳаракат деб ҳисобланади.
Бироқ Трампнинг бу уринишлари муваффақиятсизликка учради. Ҳужум орқали Эрон режимини ларзага келтириш, тартибсизлик келтириб чиқариш, сўнгра уни парчалаб, қайта тиклаш мақсади амалга ошмади. Режим зарбани ўзига сингдириб олди. Шундай қилиб, Венесуэла сценарийсини Эронда такрорлашга бўлган уриниш чипакка чиқди. Бу эса, минтақадаги ҳукмдорларнинг хиёнатига қарамай, Ислом дунёсининг ўзига хос мураккаб шароитлари қаршисида Американинг стратегик ожизлигини очиқ кўрсатиб қўйди.
Шунга қарамай, Эрон режими функционал режим бўлиб қолмоқда. У Ғарбга юзланса — Америкага, Шарққа юзланса — Хитойга хизмат қилиши мумкин. Аммо у ҳеч қачон Исломга ва унинг умматига хизмат қилмайди. Эрон режими арзимас таъсир доираси учун савдолашиб, мустамлакачиларга хизмат кўрсатиш орқали ўз ўрнини сақлаб қолишга уринмоқда.
Демак, Ислом уммати учун асосий муаммо ҳамон ечилмасдан қолмоқда ва борган сари кескинлашмоқда. Бу — бир асрдан зиёд вақтдан бери давом этаётган геосиёсий ва геостратегик давлатнинг йўқлиги муаммосидир. Бу уммат тарихидаги ўта узоқ ва оғир давр бўлди. Шу сабабли бу минтақа Ғарб мустамлакачилари, салбчилар юриши, шунингдек, яҳудий вужуди, руслар, ҳиндулар, Хитой ва Бирма буддистларининг зулм майдонига айланди. Буларнинг барчаси бугунги мавжуд режимларнинг хиёнати ва мустамлакачи билан ҳамкорлиги туфайли амалга ошмоқда.
Мусулмонлар бошидан кечираётган бу геосиёсий ва геостратегик бўшлиқни фақат буюк Ислом Халифалиги давлатигина тўлдира олади. У хоин ва уятсиз режимларнинг кирларини тозалаб, кофир Ғарбнинг ҳукмронлигига чек қўяди, унинг цивилизациясини шарманда қилади ва ундан келиб чиққан жаҳаннам ҳаётига барҳам беради. Шундагина Уммат ўз Раббисига бўйин эгиб, Унинг шариатини ҳаётга татбиқ этиш билан қайтадан ўз иззат-шарафига эришади.
مَن كَانَ یُرِیدُ ٱلۡعِزَّةَ فَلِلَّهِ ٱلۡعِزَّةُ جَمِیعًاۚ إِلَیۡهِ یَصۡعَدُ ٱلۡكَلِمُ ٱلطَّیِّبُ وَٱلۡعَمَلُ ٱلصَّـٰلِحُ یَرۡفَعُهُۥۚ وَٱلَّذِینَ یَمۡكُرُونَ ٱلسَّیِّـَٔاتِ لَهُمۡ عَذَابࣱ شَدِیدࣱۖ وَمَكۡرُ أُو۟لَـٰۤىِٕكَ هُوَ یَبُورُ
Ким куч-қудратни истайдиган бўлса, бас барча куч-қудрат Аллоҳникидир. (Ҳар бир) хуш сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур. Ёмон макр-ҳийлалар қиладиган кимсалар учун эса қаттиқ азоб бордир ва уларнинг макрлари ҳам ҳалок бўлур (яъни беҳуда кетур). (Фатир:10).
Муҳаммад Мунажи




