Цивилизациявий таназзул

Цивилизациявий таназзул
Тарих файласуфлари цивилизацияни эскирган зинага қиёслайдилар: ундан юқорига кўтарилган сари, босиб ўтилган поғоналар бирин-кетин тушиб қолаверади. Агар инсон пастки поғоналардан йиқилса, у қадар кўп зарар кўрмаслиги мумкин, бироқ бир неча баландликка кўтарилгач содир бўлган қулашнинг оқибатлари анча хатарли кечади. Муайян бир баландликка етганда эса, ҳар қандай йиқилиш ўлим билан ниҳояланади. Шунга қарамай, замонавий жамиятларнинг ҳалокати муқаррар қисмат эмас. Тарихий далиллар уларнинг заволга яқинлигини кўрсатса-да, ўтмишдаги халқлар қисматидан сабоқ олиш учун ҳали ҳам имконият мавжуд.
«Цивилизацияларнинг циклик (даврий) алмашинуви» назариясини тадқиқ қилган тарих файласуфлари бир овоздан шуни тасдиқлайдиларки: ички омиллар цивилизацияларнинг заифлашишига, эскиришига ва ниҳоят қулашига сабаб бўлувчи асосий омилдир. Чунки бу иллатлар ижтимоий организмнинг иммунитетини маҳв этади ва уни ташқи аралашувлар олдида ҳимоясиз қилиб қўяди. Ташқи кучлар эса шунчаки келиб, сўнгги зарбани беради ёки цивилизация ўзагига охирги болтани уради. Бу жиҳатдан ижтимоий тузум биологик организмга ўхшайди: организмнинг иммун тизими ишдан чиққач, турли вирус ва бактериялар унга ёпирилиб, охир-оқибат уни ҳалок қилади.
Дарҳақиқат, Қуръони Карим ҳам жамиятлардаги таназзул сабаблари ички омилларга боғлиқ эканини таъкидлайди. Зеро, айнан ички нуқсонлар ижтимоий иммунитетни заифлаштириб, жамиятни ташқи таъсирларга очиқ қилиб қўяди. Бу борада Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:
﴿أَوَلَمَّا أَصَابَتْكُمْ مُصِيبَةٌ قَدْ أَصَبْتُمْ مِثْلَيْهَا قُلْتُمْ أَنَّى هَذَا قُلْ هُوَ مِنْ عِنْدِ أَنْفُسِكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ﴾
«(Эй мўминлар), агар сизларга (Ухудда душман томонидан) бир мусибат етса — ҳолбуки, сизлар (Бадр жангида) унга икки баробар мусибат етказган эдингиз — Бу бало қайдан келди? — дейсизми?! (Эй Муҳаммад), уларга: «Бу мусибат — мағлубият ўз қилмишларингиздан», деб айтинг! Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир». (Оли Имрон сураси, 165-оят).
﴿إِنَّ اللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُوا مَا بِأَنْفُسِهِمْ﴾
«Албатта, бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас». (Раъд сураси, 11-оят).
﴿ذَلِكَ بِأَنَّ اللَّهَ لَمْ يَكُ مُغَيِّرًا نِعْمَةً أَنْعَمَهَا عَلَى قَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُوا مَا بِأَنْفُسِهِمْ وَأَنَّ اللَّهَ سَمِيعٌ عَلِيمٌ﴾
Бунга (яъни, уларнинг азобга гирифтор бўлишларига) сабаб — Аллоҳ бир қавмга инъом қилган неъматини то улар ўзларини ўзгартирмагунларича ўзгартирувчи эмаслиги ва Аллоҳ эшитгувчи, билгувчи эканлигидир. (Анфол сураси, 53-оят).
Шунингдек, Пайғамбаримиз ﷺ суннатлари ҳам жамиятларнинг ҳалокатини ички омилларга боғлайди. Масалан, кемадаги кишилар ҳақидаги ҳадис ва у зотнинг ﷺ ушбу сўзлари бунга далилдир:
«كُلُّ رَجُلٍ مِنَ الْمُسْلِمِينَ عَلَى ثَغْرَةٍ مِنْ ثُغَرِ الْإِسْلَامِ، اللَّهَ اللَّهَ لَا يُؤْتَى الْإِسْلَامُ مِنْ قِبَلِكَ»
«Ҳар бир мусулман Ислом чегараларидан (қалъаларидан) бирида туради. Шундай экан, Исломга сен томондан зарар етиб қолишидан Аллоҳдан қўрқ!»
Бу ердаги «الثغرة» сўзи жанг майдонидаги мудофаа чизиғини ёки девордаги тирқишни англатади. Бу контекстда ҳар бир мусулмоннинг жамиятдаги ўрни, масъулияти ва хизмати тушунилади.
Ушбу оят, ҳадис ва ҳикматли сўзлар шуни кўрсатадики, цивилизацияларнинг инқирози, давлатларнинг таназзулига ва ижтимоий бирликнинг заифлашишига инсонлар ва жамиятларнинг ўзлари бевосита жавобгардир. Ташқи омиллар эса, қанчалик важоҳатли бўлмасин, агар жамиятнинг ички ҳолати бунга мувофиқ бўлмагунча ҳеч қандай натижага эриша олмайди.
Мусулмон мутафаккири Абдураҳмон ибн Халдун (ҳижрий 808 йилда вафот этган) цивилизациялар заволи масаласини фалсафий жиҳатдан асослаб берган илк олимдир. У ўзининг машҳур «Муқаддима» асарида давлат тараққиётини беш босқичга бўлиб тушунтирган: энг қудратли даврдан бошланиб, бора-бора заифлашиш, эскириш, сўнгра тебраниб қолиш ва ниҳоят бутунлай қулаш. Бу инқироз соф ички омилларнинг маҳсули ҳисобланади.
Профессор Холид Фуад Таҳтаҳ ўзининг «Тарих фалсафаси ҳақида» китобида шундай ёзади: «Ибн Халдун инсоният тарихида давлатларнинг даврий алмашинуви назариясини, айниқса унинг ижтимоий ва умумий фалсафий жиҳатларини асослаган биринчи мутафаккир ҳисобланади. У цивилизация (унинг тушунчасида давлат) муайян даврлар билан алмашиб туришини англаб етган ва бу ўзгаришнинг занжирсимон табиатини инсон ва жамият ўртасида қиёслаган». У яна: «Унинг қарашича, жамиятнинг ҳам ўз умри бор: у худди инсон каби туғилади, вояга етади, сўнг қарийди ва ниҳоят ўлади. Шунга кўра, давлат қуйидаги босқичлардан ўтади: бадавийлик (кўчманчилик), гуллаб-яшнаш ва таназзул», дея қўшимча қилади.¹
Ибн Халдундан кейин келган бошқа файласуфлар ҳам унинг изидан бориб, цивилизацияларнинг даврий алмашинуви назариясини қўллаб-қувватладилар. Улар ҳам жамиятни парчалаб, босқинчилар ўлжасига айлантирадиган ички бўлинишлар ва тартибсизликларнинг улкан ролини алоҳида қайд этганлар. Уларнинг энг машҳурлари: Жамбаттиста Вико (1744 йилда вафот этган), Освальд Шпенглер (1936 йилда вафот этган) ва Арнольд Тойнби (1975 йилда вафот этган).
Масалан, Арнольд Тойнби цивилизациялар ва давлатларнинг таназзулини ва инқирозини биринчи навбатда ички, шахсий омиллар билан изоҳлайди. Унинг фикрича, ташқи кучлар фақатгина ички заифликлардан фойдаланади, холос: улар ички инқироз туфайли очилган тирқишлардан кириб, давлатга ва халққа сўнгги зарбани беради. Таназзулга олиб келувчи энг бош сабаб эса — бошқарув тизимларининг ички муҳитдан келиб чиқаётган чақириқларга тўғри жавоб бера олмай қолганидир.
Профессор Холид Фуад Тахтах юқорида зикр этилган асарида шундай ёзади: «Тойнби цивилизацияларнинг қулашини улар ташқи тажовузга учрашдан аввал ич-ичидан емирилиши билан изоҳлайди. Зеро, бундай ҳолатдаги ташқи ҳужум сўнгги нафасини чиқараётган жамиятга берилган якуний зарба ҳисобланади. Шунинг учун қайси бир цивилизация ёки давлат бўлмасин, у ичидан чиримай туриб, ташқаридан мағлуб этилмайди. Дарҳақиқат, ҳеч бир империя ўз-ўзини ҳалокатга маҳкум этмагунча, ташқи кучлар олдида тиз чўкмайди».
Муҳаммад Ҳасанайн Ҳайкал эса ўзининг «Америка империяси ва Ироққа ҳужум» номли китобида АҚШ ҳақида қуйидаги фикрларни билдиради: «Гарчи бугунги кунда Америка сиёсати араблар кўзига ақлсиз ва тинимсиз зўравонлик бўронидек кўринса-да, бу ваҳимага тушиб, қочишга туртки бўлмаслиги керак. Зеро, тарихнинг энг ибратли сабоқларидан бири шуки — қудратли империялар ўзларининг юксак чегарасига етгунча кибрланаверади ва ниҳоят ўша юксакликка эришгач, у ерда қолиш ниҳоятда қимматга тушишини англаб етади. Ўшанда таназзул зарурияти туғилади. Бироқ империялар бунга қаршилик кўрсатади ва айнан ўша паллада зўравонлик энг юқори нуқтага чиқади. Бу қадимги Римдан тортиб, барча буюк империялар бошидан ўтган қисматдир. Тарихдаги буюк империяларни душманлари юзма-юз жангда енгмаган, аксинча, улар кучни ҳаддан зиёд ишлатиш ва мутакаббирлик туфайли ўз-ўзини қулатган. Чунки улар замон шиддатига мослаша олмай, ўз кучларини абадий деб ўйлаб хато қиладилар».
Бугунги кунда Ғарб дунёси ва капиталистик тузумларнинг аҳволини кузатган киши уларнинг ички муаммолар гирдобига ботиб қолганини кўради. Бу муаммолар борган сари ошкор бўлиб, юзага чиқмоқда. Нефт нархининг тушиб кетиши ва COVID-19 пандемияси ортидан келиб чиққан молиявий бўҳронлар уларни катта ўзгаришлар ва кескин бурилишлар остонасига олиб келди. Бундан ташқари, ушбу жамиятлар фақат шахсий манфаат ва моддий қарашлар устига қурилган. Капитализм эса динни ҳаётдан ажратиш (секуляризм) фикратига таянади ва бу фикрат унинг ақидаси ҳисобланади. Айнан шу фикратга асосланиб, “инсон ўз ҳаёт низомини ўзи белгилайди” деб ҳисоблайди. Шу боис уларда инсон эркинликларини — яъни эътиқод, фикр, мулк ва шахсий эркинликларни муҳофаза қилиш муқаддас саналади.
Демократия айнан мана шу мабдадан келиб чиққан. Уларнинг тушунчасида инсон ўз ҳаётидаги қонунларни ўзи белгилайди. Шу сабабли халқ ҳокимият манбаи ҳисобланади: у қонун чиқаради, ҳукмдорни «ёллаб» ҳокимиятга олиб келади ва хоҳлаган вақтида ундан ҳокимиятни тортиб олади, шунингдек, халқ ўзи истаган тизимни жорий қилади. Зеро, уларнинг назарида бошқарув — халқ ва ҳукмдор ўртасидаги ижара шартномасидир, яъни халқ белгилаган тизим асосида иш юритиш учун тузилган битимдир.
АҚШ ва Ғарб дунёсидаги воқеалар бизни мулоҳазага чорлайди: капитализм ва Ғарб цивилизацияси ҳақиқатан ҳам таназзулга юз тутдими? Америка халқининг ўз ҳукумати сиёсатига қарши чиқиши АҚШнинг заифлашишига, унинг таъсири камайишига ва бутун дунёда, хусусан, Яқин Шарқда таъсири чекланишига олиб келувчи ички омиллардан бири бўладими? Агар шундай бўлса, у ҳолда Яқин Шарқда Американинг ўрнини қайси кучлар эгаллайди? Ёки Яқин Шарқ ва Ислом дунёси ўз ақидадан келиб чиққан тузуми билан дунё етакчилигига қайта қайтиб келиб, инсониятга бахт улаша оладими? Айниқса, моддий руҳ ҳукмронлик қилиб, ахлоқий қадриятлар емирилган ҳозирги даврда бунинг имкони борми?
Шубҳасиз, дунё бугунги кунда ўз ақидасидан келиб чиққан тузумга асосланган цивилизациявий лойиҳани тақдим эта оладиган кучга муҳтож. У сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал қила оладиган, Умматни Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Рошид Халифалик байроғи остида бирлаштирадиган қудрат бўлиши лозим.
(¹) Эслатма Ал-Ваъй: Абдураҳмон ибн Халдуннинг давлатларнинг умри ва таназзули ҳақидаги фикрлари цивилизацияларнинг пайдо бўлиши, юксалиши, пасайиши ва йўқ бўлиши масаласига тааллуқли эмас. Чунки унинг қарашлари — гарчи баҳсли ва муҳокамага муҳтож бўлса-да — фақат «асабият» (қабилавий жипслик) устига қурилган давлатлар ҳақидадир. Унинг тушунчасида давлат — бу бир сулоланинг ёки гуруҳнинг ҳокимиятдаги даврини англатади. Масалан: Умавийлар давлати, Аббосийлар давлати, Салжуқийлар давлати ёки Айюбийлар давлати каби. Бу сулолавий давлатларнинг туғилиши, ўсиши ва кейинчалик пасайиб йўқ бўлиши бир цивилизациянинг пайдо бўлиши ёки йўқ бўлиши каби эмас. Зеро, бу давлатларнинг барчаси Ислом цивилизацияси соясида вужудга келиб, гуллаб-яшнаган ва цивилизация муайян бир сулоланинг қулашдан таъсирланмаган. Шу боис, Ибн Халдун терминологиясидаги «давлат» сўзи цивилизацияни ёки ҳозирги тушунчадаги давлатни англатмайди, балки у бошқарувчи сулолаларнинг даврларини англатади.
Манбалар:
- «Ар-Риёд» газетаси, 21-Рамазон ҳижрий 1435 йил — 19-июль 2014 йил, №16826: «Цивилизацияларнинг қулаши: эскириш ичкаридан бошланади».
- annabaa.org сайти («Ан-Наба» ахборот тармоғи).
- Холид Фуад Тахтах, «Тарих фалсафаси ҳақида».
- Муҳаммад Ҳасанайн Ҳайкал, «Америка империяси ва Ироққа ҳужум».




