Мақолалар

Хитой инвестицияларининг Қирғизистон учун хавф-хатарлари

Хитой инвестицияларининг Қирғизистон учун хавф-хатарлари

Хитой Қирғизистонда қуёш ва шамол электр станциялари қурилиши учун 1 миллиард долларгача инвестиция киритишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Миллий инвестиция агентлиги «China Energy Engineering Investment» компанияси делегацияси билан ўтказилган самарали мулоқот якунида маълум қилди.

Бу музокаралар ҳақидаги янгилик мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғини ривожлантириш йўлидаги ижобий қадам сифатида талқин қилинмоқда. Гап шунчаки йирик сармоя ҳақида эмас, балки қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги кредит тизими ҳақида бормоқда. Бу лойиҳа Қирғизистондаги электр энергиясининг сурункали тақчиллигини бартараф этишнинг мақбул ечими сифатида кўрсатилмоқда. Бироқ стратегик нуқтаи назардан ёндашилса, бундай лойиҳа расмий баёнотларда айтилганидек ижобий эмас, бунга анча эҳтиёткорлик билан баҳо бериш талаб этилади.

Асосий муаммо фақатгина «қарз тузоғи» сифатида ном чиқарган Хитой капиталининг иштирокида эмас, балки у билан тузилаётган келишувларнинг шартларига ҳам боғлиқ. “Бир макон, бир йўл” (Belt and Road Initiative) ташаббуси доирасидаги бундай битимлар кўпинча қабул қилувчи давлатнинг инвесторга узоқ муддатли молиявий ва операцион қарамлигини келтириб чиқаради. Қирғизистоннинг ички ресурслари чекланганини инобатга олсак, молиялаштириш битими давлат кафолати остидаги кредитлар ёки хорижий компаниянинг энергия объектларини ўнлаб йиллар давомида назорат қилишига йўл очувчи моделлар асосида тузилиши эҳтимоли жуда юқори.

Бундай ҳолат юз берган тақдирда, мамлакатнинг энг муҳим стратегик тармоқларидан бири бўлган энергетика тизими амалда қисман ташқи бошқарув остига ўтиб қолиш хавфига дуч келади. Гарчи активлар расман мамлакат ичида қолса-да, таъсир этишнинг ҳақиқий воситалари, яъни лойиҳани ишлатиш, техник хизмат кўрсатиш, асбоб-ускуналар етказиб бериш ва рақамли бошқарув тизимлари устидан ҳақиқий назорат ўрнатиш инвестор қўлида қолаверади. Қайта тикланувчи энергия соҳаси учун бу алоҳида нозик масаладир, чунки у технологик жиҳатдан тўлиқ импортга боғлиқ. Шу боис, бундай вазият асбоб-ускуналарни етказиб берувчи томонга бўлган узоқ муддатли қарамликни келтириб чиқаради.

Бошқа сармоядор бўладими, ўзгача тарифлар ёки электр энергиясини харид қилишнинг бошқача шартлари бўладими — бундан қатъи назар, масаланинг моҳияти ўзгармайди. Агарда қатъий ва узоқ муддатли шартномалар имзоланса, давлат ички иқтисодий вазиятнинг қандай ўзгаришидан қатъи назар, электр энергиясини олдиндан белгиланган ёки хорижий валютага боғланган нархларда сотиб олишга мажбур бўлиб қолади. Бундай манзара кўплаб мамлакатларда тарифларнинг ошишига ва энергетика сиёсатидаги мослашувчанликнинг чекланишига олиб келган.

Бунга мисол:

Покистонда CPEC (Хитой-Покистон иқтисодий коридори) доирасидаги энергетика лойиҳалари ташқи қарзнинг кескин ўсишига ва Хитой компанияларига белгиланган тўловлар бўйича мажбуриятларнинг кўпайишига сабаб бўлди. Натижада бюджетга оғир юк тушиб, аҳоли учун электр энергияси тарифлари кўтарилди.

Замбияда хитойлик кредиторлардан олинган қарзлар узилмаганлиги сабабли энергетика активлари (жумладан, ZESCO давлат компанияси) устидан назорат инвестор бошқарувига ўтиб кетиш хавфи туғилди. Бу эса мамлакат ичида жиддий сиёсий инқирозни келтириб чиқарди.

Қозоғистонда ҳам айрим қўшма лойиҳалар маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлди. Бунга иқтисодий қарамликдан қўрқиш ва маҳаллий бизнес ҳамда мутахассисларнинг лойиҳаларда иштирокининг камлиги асос бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, барча ҳолатларда — қарз юкининг ортиши, шартномадаги қатъий мажбуриятлар, активлар устидан назоратнинг чекланиши ва стратегик қарорларга ташқи таъсирнинг кучайиши каби бир қатор хавф-хатарлар такрорланмоқда. Бу ерда геосиёсат ҳам масаланинг яна бир алоҳида жиҳати ҳисобланади. Қирғизистоннинг инфратузилма секторларидаги Хитой таъсирининг кучайиши унинг нафақат иқтисодий, балки сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнига ҳам таъсирини кенгайтиради. Энергетика саноий ва ижтимоий барқарорликнинг пойдевори эканини ҳисобга олсак, бу соҳадаги қарамлик вақт ўтиши билан сиёсий заифлик омилига айланади.

Гарчи бундай инвестицияларнинг ўзи асосий хавф-хатар саналмаса-да, улар кичик ва заиф давлатларнинг музокаралардаги мавқеи кучсиз бўлгани сабабли хавфли ҳисобланади. Шунингдек, жараёнлар устидан назорат ўрнатиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва тажриба алмашинувини таъминлайдиган адолатли ҳамда аниқ шартлар мавжуд бўлмаган тақдирда, бу сармоялар хавфга айланади. Бугунги вазиятда Қирғизистон шунчаки янги генерация қувватларига эга бўлиш билан чекланиб қолмай, балки жиддийроқ муаммога рўбарў келмоқда. Аниқроғи, мамлакатнинг стратегик инфратузилмаси ташқи ресурслар ҳисобига ривожланган ҳолда, давлат бошқаруви ташқи кучларнинг қўлига ўтиб кетиш хавфи юзага келмоқда.

Демак, бу ердаги асосий масала сармоянинг ҳажмида ёки технологияда эмас, балки орадан 10–20 йил ўтгач, ушбу лойиҳанинг самарасини ким ва қандай шартлар асосида назорат қилишидадир. Айнан мана шу омил энергетика барқарорлигининг мустаҳкамланишини ёки, аксинча, Хитойнинг экспансион (кенгайиш) сиёсатига бўлган қарамликнинг кучайишини белгилаб беради.

Латыфул Расых

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button