Мақолалар

9-МАЙ ҚАНДАЙ КУН?

9-МАЙ ҚАНДАЙ КУН?

Шубҳасизки, Иккинчи жаҳон уруши кўҳна тарихда бўлиб ўтган энг йирик уруш ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу қонли урушда зафар қучган томонлар 9 май кунини Ғалаба байрами сифатида кенг нишонлаб келмоқдалар. Улар қаторида, аксарият аҳолиси мусулмонлардан иборат бўлган Қирғизистонда ҳам бу кун расмий байрам сифатида белгиланган.

9 май кунининг асл моҳиятини англаш учун, аввало, тарих варақларига бир оз назар ташлаш лозим:

1919 йилда Биринчи жаҳон уруши Версаль шартномаси билан ниҳоясига етди. Мазкур шартномага кўра, Германия ўзи босиб олган ҳудудлардан чиқиб кетди, Австрия-Венгрия эса иккига бўлинди. Шунингдек, дунё хавфсизлигини сақлаш важи билан «Миллатлар лигаси»ни тузиш лойиҳаси кўриб чиқилди. Севр шартномасига биноан, Усмоний халифаликнинг катта қисмини ва Германиянинг мустамлакаларини Англия билан Франция бўлиб олди.

Англия ва Франция ўзларининг мазкур мустамлакаларини сақлаб қолиш мақсадида Миллатлар лигасига асос солишди. Тинчликни асраш ва қуролсизланиш масалалари ушбу ташкилотнинг бош шиорига айланди. Бироқ Англия Францияга нисбатан мувозанатни сақлаш учун Германияни қўллаб-қувватлаб, уни қуролланишга ундади. Англия ва Россиянинг муайян даражада шароит яратиб бериши натижасида Германия яна улкан куч-қудратга эга бўлди. Шундан сўнг у қайтадан жаҳон уруши оловини ёқди. Чунки биринчидан, Германия нацизм мафкурасига қаттиқ ёпишиб олиб, бошқа миллатлар устидан ҳукмронлик қилишни истарди. Иккинчидан эса, Биринчи жаҳон урушидан кейин бой берилган ўлжаларни қайтариб олиш у ёқда турсин, бутун дунё бойликларига эгалик қилишга кўз тиккан эди.

1939 йилда бошланган Иккинчи жаҳон урушида «Учлар иттифоқи» (Германия, Япония, Италия) ҳамда уларга қарши Антигитлер коалицияси (СССР, Англия, Франция ва кейинчалик АҚШ) кураш олиб борди. Бу урушда 60 дан ортиқ давлат иштирок этди. Натижада жами бўлиб 25 миллион ҳарбий ва 38 миллион тинч аҳоли қурбон бўлди. Бу қурбонларнинг салмоқли қисми, яъни қарийб 20 миллиони СССР фуқаролари эди. Ниҳоят, уруш «Учлар иттифоқи»нинг мағлубияти билан якунланди.

Ғолиблар қўлга киритилган ўлжаларни тақсимлаб олиш ва келажакдаги хавфсизликни кафолатлаш мақсадида 1945 йилнинг февраль ойида Ялта шартномасини тузишди.

Германия ушбу шартнома кўра, АҚШ, СССР, Англия ва Франция таъсири остидаги тўртта оккупация ҳудудига бўлиб ташланди. Кейинчалик бу ҳудудлар АҚШ ва СССР таъсири остидаги Ғарбий ва Шарқий зоналарга ажратилди.

СССР Японияга қарши урушга киришга қарор қилди, бироқ Американинг Японияга ядровий бомба ташлаб, урушга нуқта қўйиши натижасида бу қарор бекор бўлди. Шу тариқа Япония АҚШ таъсири остидаги давлатга айланди. Корея эса СССР ва АҚШ таъсир доирасидаги икки қисмга бўлинди.

Ғалаба қозонган томонлар халқаро Бирлашган Миллатлар Ташкилотини (БМТ) тузишга қарор қилишди. Бу ташкилотга Америка, СССР, Англия, Франция ва Хитой асос солди.

Қисқача қилиб айтганда, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг мазкур беш давлат бутун дунё давлатларини ўзаро тақсимлаб олди. Дунё бойликларидан баҳраманд бўладиган олтинчи шерик пайдо бўлиб қолмаслиги учун, бу беш давлат ўзаро келишиб, бошқа мамлакатларни итоатда тутиб турувчи бир «тузоқ» сифатида БМТни тузишди. Ташкилот низомида келтирилан «ер юзида тинчликни мустаҳкамлаш ва хавфсизликни таъминлаш» каби ялтироқ сўзлар, унинг асл мақсадидан бехабар оддий инсонларни мафтун қилиш учун ишлатиладиган ниқобдан бошқа нарса эмас.

1947 йилда Париж конференцияси бўлиб ўтди. Бу конференция якунида Италия ўз мустамлакаларидан маҳрум бўлди ва бу ҳудудларда АҚШ, СССР ҳамда Англиянинг таъсир доиралари ўрнатилди. Венгрия, Руминия ва Финландия каби давлатлар эса товон тўлайдиган бўлишди.

Бу воқеалардан хулоса қиладиган бўлсак, Иккинчи жаҳон уруши аслида йирик давлатларнинг ҳукмронлик ва бойлик талашиш йўлидаги уруши эди. Шундай экан, нима учун биз бу давлатлар ўртасидаги кураш натижасини «Буюк ғалаба» деб қабул қилишимиз керак? Бу ерда қайси томон ғалаба қозонишининг мустамлака халқлар учун нима фарқи бор? Масалан, бугунги кунда Америка ва Россия ўртасида Марказий Осиё учун кечаётган таъсир талашида ким ғолиб чиқиши биз учун қандай аҳамиятга эга? Йирик давлатлар бизга ўзлари хоҳлагандек чегара чизиб беришса, биз уни «она ватан» деб аташимиз аҳмоқлик эмасми? Кечагина СССР ватанимиз эди. Қани, бугун ундан бизга нима мерос бўлиб қолди? Нима учун биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси эмасмиз? Иттифоқ даврида ядровий синовлар ўтказилган Қозоғистон нега ядровий давлат ҳисобланмайди? Аслида, ҳозир ҳам у ерда ядро қуроли бор, лекин у Россияга қарашли.

Эртага АҚШ ва Россия курашида Америка туркий забон халқлар учун «Туркистон» давлатини қуриб берса, уни ҳам «Ватанимиз» деб куйлаб юраверамизми?

Аслида, тарих тонги отилгандан буён то қиёматга қадар давлатлар ўртасидаги кураш фақат икки сабабга асосланади: Бири — ҳукмронликка бўлган муҳаббат, иккинчиси — моддий манфаатлар ортидан қувишдир.

Ҳукмронликка бўлган интилишнинг ўзи яна иккига бўлинади: бири муайян мафкура (идеология) ҳукмронлигини ёйишга бўлган интилиш бўлса, иккинчиси ўз миллатининг устунлиги ва манманлигига бўлган муҳаббатдир. Масалан, Ислом давлатида 1300 йилга яқин, коммунистик давлатда эса қарийб 30 йил мафкуравий ҳукмронликка интилиш бўлган. Иккинчи жаҳон урушига сабабчи бўлган Германия нацизми ва Италия фашизмида эса миллий устунликка бўлган ишқибозлик ва моддий манфаатлар кетидан қувиш асосий ўринни эгаллаган.

Мусулмонлар булардан хулоса чиқарган ҳолда, тарихдан ибрат олишлари лозим. Агар улар ўз эътиқоди ва қадриятлари йўлида моли ва жони билан билан курашмасалар, шу тариқа куфр давлатлар ўртасидаги жаҳон урушларининг ёки улар уюштирган маҳаллий низоларнинг қурбони бўлиб қолаверадилар. Албатта, Иккинчи жаҳон урушида эл-юртини ҳимоя қилиш ниятида жангга отланган ота-боболаримиз ҳаққига дуо қиламиз, Аллоҳ Таоло уларни Ўз раҳматига олган бўлсин. Шу билан бирга, биз билиб туриб куфр давлатлар ўртасидаги манфаатлар тўқнашувининг қурбонига айланиб қолмаслигимиз керак. Зеро, бунинг учун ҳам Аллоҳ Таолонинг ҳузурида жавоб берамиз.

Бурана

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button