Эрон уруши авж олиб, муддати узайиб бормоқда

Эрон уруши авж олиб, муддати узайиб бормоқда
АҚШ Мудофаа вазирлиги (Пентагон) Оқ уйга Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш учун 200 миллиард доллардан зиёд маблағ ажратишни таклиф қилди. Ушбу таклифни тез орада Конгресс муҳокамасига киритиш режалаштирилмоқда.
Ҳозирча Оқ уй Конгрессдан айнан қанча маблағ сўраши бўйича аниқ тўхтамга келгани йўқ. Сўнгги икки ҳафта ичида Пентагон бир нечта молиявий таклифларни тақдим этди. Талаб қилинаётган бу маюлағ Дональд Трамп маъмурияти шу кунгача амалга оширган ҳаво амалиётлари сарф-харажатларидан анча юқори бўлиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Оқ уйдаги айрим юқори мартабали мулозимлар Конгресснинг бундай катта сўровни маъқуллашига шубҳа билан қарашмоқда. Айниқса, ҳарбий тўқнашувларга қарши бўлган конгрессменлар томонидан можарога қаршилик кўрсатилиш эҳтимоли юқори.
Дональд Трамп маъмурияти қўшимча маблағ сўраш билан бир қаторда, Яқин Шарқдаги ҳарбий иштирокини мустаҳкамлаш мақсадида минтақага бир неча минг аскар юбориш имкониятларини ҳам кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги америкалик расмий вакиллар ва ишончли манбаларга таяниб хабар берди. Манбаларнинг таъкидлашича, бундай қадам Эронга қарши ҳарбий кампания доирасида АҚШнинг ҳаракатлар кўламини сезиларли даражада кенгайтиришга хизмат қилади.
Кўриб чиқилаётган сценарийлар орасида Ҳурмуз бўғози орқали ўтаётган нефть танкерлари хавфсизлигини таъминлаш асосий ўрин тутади. Ушбу вазифа, асосан, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари ва денгиз флоти зиммасига юкланади. Бироқ, айрим манбаларга кўра, бўғозда тўлиқ хавфсизликни ўрнатиш учун Эрон соҳиллари яқинига АҚШ аскарларини жойлаштириш зарурати туғилиши мумкин. Шунингдек, АҚШ маъмурияти Эрондаги Харк оролига ҳам ҳарбий бўлинмаларни юбориш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу орол Эрон нефть экспортининг тахминан 90 фоизи ўтадиган асосий марказ ҳисобланади.




