Қумторнинг фойдаси халққа етдими?

Қумторнинг фойдаси халққа етдими?
“Қумтор Голд Компани” корхонаси 9 апрель куни берган ҳисоботида 2025 йил давомида 1 миллиард 434 миллион доллар даромад кўрганини маълум қилди. Ушбу маблағнинг 706 миллион доллари соф фойдадир. Шунингдек, ўтган йили компания солиқлар ва мажбурий тўловлар учун 246 миллион 507 минг доллар сарфлаб, 300 миллион доллар миқдорида дивиденд тўлаган. Маълумотларга кўра, “Қумтор Голд Компани” корхонаси 2025 йилда Қумтор конидан 12 тонна-ю 81 килограмм олтин қазиб олган.
Изоҳ:
Қирғизистон президентининг таъкидлашича, “Қумтўр” корхонаси давлат ихтиёрига ўтгандан буён унинг умумий даромади 5 миллиард 115 миллион долларни ташкил этган. Бу рақамлар сўнгги беш йил ичида Қумтор корхонасининг олтин қазиб олиш ҳажми сезиларли даражада ошганидан далолат беради. Бироқ, ушбу ижобий кўрсаткичлар билан бир қаторда, давлат қарзининг ортиши ва халқнинг қашшоқлашуви каби салбий иқтисодий жараёнлар ҳам кучайиб бормоқда.
Қизиқ жиҳати шундаки, “Қумтор” корхонаси 706 миллион доллар соф фойда кўрганини эълон қилган куннинг ўзидаёқ оммавий ахборот воситалари, Жаҳон банки таълим соҳаси учун 6,36 миллион доллар кредит (унинг 2 миллиони грант) ажратгани, Осиё тараққиёт банки бюджетни қўллаб-қувватлаш учун 28,2 миллион доллар грант ажратгани, Европа тикланиш ва тараққиёт банки эса энергетика соҳасига 67,7 миллион евро кредит ажратгани ҳақида хабар берди. Булар халқаро молия ташкилотларидан олинган ва ўша кунда эълон қилинган кредитлардир. Бундан ташқари, Қирғизистон йил давомида бошқа давлатлар ва ташкилотлардан ҳам мунтазам равишда қарзлар олиб келмоқда, бу эса ўз навбатида давлат қарзининг жадал ўсишига сабаб бўляпти.
Шундай қилиб, кончилик соҳасида ўсиш бўлаётган бўлса-да, қарз олиш тинмаяпти. Энг ачинарлиси, олинаётган қарзлар иқтисодиётни юксалтирувчи ишлаб чиқариш соҳаларига эмас, балки бюджет тақчиллигини ёпишга сарфланмоқда. Бундай вазият мамлакатни борган сари “қарз сиртмоғи”га тортиб бориши шубҳасиздир.
“Қумтўр”дан тушаётган фойда миқдори ортиб, солиқларнинг янги турлари ва ставкалари жорий этилаётганига қарамай, чет элдан тинмай кредит олинмоқда. Лекин оддий халқнинг турмуш даражаси ҳамон оғирлигича қолмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) томонидан шу йилнинг март ойида эълон қилинган ҳисоботга кўра, мамлакат аҳолисининг 26 фоизи қашшоқликда яшамоқда. Ҳисоботда ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг хавфли нуқталарини эътиборга олиниб таъкидланишича, аҳолининг 41 фоизи сифатли озиқ-овқат сотиб олишга қурби етмайди, оилаларнинг 75 фоизи маблағ етишмовчилиги сабабли қарз олишга ёки саломатлик учун зарур харажатларни қисқартиришга мажбур. Шунингдек, 5 ёшдан 9 ёшгача бўлган болаларнинг 30 фоизида темир моддаси етишмовчилиги кузатилган бўлса, 5 ёшгача бўлган болаларнинг 21 фоизи анемиядан азият чекади.
Кўриниб турибдики, ҳукуматнинг капитализм тамойилларига асосланган амалдаги сиёсати мамлакатни қашшоқлик сари етаклаб, ташқи қарзларга қарам қилиб қўйди. Омма халққа тегишли бўлган ер ости бойликлари бир ҳовуч кимсаларнинг манфаатлари учун хизмат қилмоқда, асосий фойдаларни эса ҳамон чет эл компаниялари ташиб кетмоқда.
Ҳарун Абдулҳақ




