Янгиликлар

Саудияда тату-салон очилди

Саудияда тату-салон очилди

Саудия Арабистонида Муҳаммад ибн Салмон ҳокимият тепасига келганидан буён, жамиятни Ғарб турмуш тарзига мослаштириш жараёни шиддат билан давом этмоқда. Бу борада қабул қилинган «Vision 2030» лойиҳаси доирасида мамлакатда Ғарбга хос турли бузуқликлар кенг ёйилмоқда. Масалан, хорижлик қўшиқчи ва раққосалар иштирокидаги концертлар, тунги дискотекалар ҳамда исломий қадриятларга зид бўлган кўнгилочар тадбирлар кундалик ҳолатга айланиб улгурди.

Шунингдек, эркаклар ва аёллар аралаш дам оладиган соҳил бўйи масканлари (пляжлар) ҳам тобора кўпайиб бормоқда. Бундай жойларда аёлларнинг очиқ-сочиқ ярим яланғоч юришига изн берилган. Ўтган йили эса пойтахт Ар-Риёдда спиртли ичимликлар сотиладиган илк дўконлар иш бошлади. Гарчи бу дўконлар халқнинг норозилигини келтириб чиқармаслик учун фақат дипломатларга хизмат қилиши айтилган бўлса-да, аслида бу мусулмонлар орасида ичкиликбозликни ёйиш ва ахлоқни бузиш йўлидаги илк қадам ҳисобланади.

Навбатдаги ўзгариш сифатида, эндиликда татуировка хизматига, яъни баданга сурат чизишга рухсат берилди. Мамлакат шарқидаги Ал-Ҳабур шаҳрида ҳукуматдан расмий ижозат олган биринчи тату-студия очилди. Ваҳоланки, илгари татуировка қилдириш қатъиян тақиқланган эди. Ғарб турмуш тарзига мослаштириш бундай шиддат билан ташланаётган қадамларга қараб айтиш мумкинки, бир пайтлар «тавҳид ўлкаси» дея эътироф этилган Саудия Арабистонида ҳали яна кўплаб бузғунчи иллатларга йўл очиб берилиши шубҳасиздир.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button