Мўминлар онаси Умму Салама розияллоҳу анҳа

Мўминлар онаси Умму Салама розияллоҳу анҳа
Умму Салама розияллоҳу анҳа. Сиз у ҳақда нималарни биласиз?! Унинг отаси Махзум қабиласининг эътиборли саййидларидан бири ва саноқли араб сахийларидан бири бўлган. Ҳатто у «йўловчилар озуқаси», деб ном қозонган. Чунки йўловчилар унинг манзилига борса ёки у билан бирга юрса озуқа олишмас эди. Унинг эри Абдуллоҳ ибн Асад эса илк Исломга кирган ўн саҳобанинг бири эди. Чунки ундан олдин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва бармоқ билан санарли оз сонли одамгина Исломга киришган эди. Умму Саламанинг асл исми Ҳинд бўлиб, Умму Салама унинг кунияси, сўнг куния исмига ғолиб бўлиб кетган.
Умму Салама розияллоҳу анҳа эри билан бирга Исломга кирди. У ҳам илк Исломга кирувчиларнинг бири бўлди. Умму Салама розияллоҳу анҳа ва эрининг Исломга кириши хабари тарқалгач, Қурайш ғазаб отига минди. Уларнинг бошига мустаҳкам қояларни ҳам тебратиб юборадиган балоларни ёғдира бошлади. Улар бу балолар қаршисида заифлашиб, сусайиб, тушкунликка тушиб қолишмади. Азоблар кучайиб, Росулуллоҳ r асҳобларига Ҳабашистонга ҳижрат қилишга изн бергач, улар муҳожирларнинг олдинги сафида бўлдилар.
Умму Салама розияллоҳу анҳа ва унинг эри Маккадаги данғиллама ҳовлиси, юксак мартабаси ва улуғ насабини Аллоҳ учун тарк этиб, ёт ўлкага кўчиб ўтди. Умму Салама розияллоҳу анҳа ва унинг сафдошлари Нажоший (Аллоҳ жаннатда унинг юзини ёруғ қилсин) ҳимоясида бўлишига қарамай, ваҳий манзили Маккага бўлган иштиёқ ва ҳидоят манбаи Росулуллоҳ ﷺга бўлган соғинч уларнинг қалбларини ўртар эди. Ҳабашистондаги муҳожирларга Маккада мусулмонларнинг сони кўпайиб, Ҳамза ибн Абдул Мутталиб ва Умар ибн Хаттобларнинг Исломга киришлари уларни кучайтириб, Қурайшнинг мусулмонларга озори сусайди, деган хабарлар кетма-кет кела бошлади. Шунинг учун муҳожирларнинг бир гуруҳи Маккага қайтишга қарор қилди. Уларни бу ишга Росулуллоҳ ﷺни кўришга иштиёқ ва соғинч ундаган эди. Шунда Умму Салама розияллоҳу анҳа ва унинг эри қайтувчиларнинг аввалги сафига қўшилди.
Бироқ, қайтувчилар ўзларига келган хабарларнинг муболаға эканини тезда англаб етдилар. Мусулмонларнинг Ҳамза ва Умарнинг Исломга киришидан кейинги ҳаракатлари Қурайш томонидан катта хужум билан қабул қилинган эди. Мушриклар мусулмонларга азоб бериш ва қўрқитишда бор маҳоратларини ишга солиб, олдин уларга маълум бўлмаган ёвузликларни қўллашди. Росулуллоҳ ﷺ асҳобларига Мадинага ҳижрат қилиш учун изн берганларидан кейин Умму Салама розияллоҳу анҳа ва унинг эри динларини сақлаб қолиш ва Қурайш озоридан холос бўлиш учун муҳожирларнинг биринчиларидан бўлишни қасд қилдилар. Бироқ, Умму Салама ва эрининг ҳижрати улар ўйлагандек осон кечмади, балки шунчалар машаққатли, шунчалар фожиали бўлдики, бошқа ҳар қандай фожеа ва машаққат улар қаршисида арзимас бўлиб қолди.
Умму Салама розияллоҳу анҳа айтади: Абу Салама Мадинага кетишга қасд қилгач, мен учун бир туя тайёрлади. Сўнг мени туяга ўтқазиб, боламиз Саламани менга бериб, ҳеч нарсага қарамай туяни етаклаб кетди. Маккадан чиқиб кетишимиздан олдин менинг қавмим Бану Махзумдан бир неча киши бизни йўлимизни тўсди. Улар Абу Саламага айтишди: агар сен ўзингча биздан устун экансан, бизнинг қизимиз бўлмиш бу аёлингга йўл бўлсин ёки сен уни биздан олиб кетиб шаҳарма-шаҳар олиб юришингга ташлаб қўямиз, деб ўйлайсанми?! Сўнг улар Абу Саламага ташланиб, мени ундан тортиб олишди.
Эримнинг қавми Бану Абдуласад мени ва боламни тортиб олганларини кўриб, қаттиқ ғазабга келишди ва: Йўқ, Аллоҳга қасамки, соҳибангизни соҳибимиздан тортиб олганларингиздан кейин, болани соҳибангизда қолдирмаймиз. У бизнинг ўғлимиз, биз унга ҳақлироқмиз, дейишди. Сўнг улар кўз олдимда боламни ўзаро талаша бошлашди. Ҳатто улар унинг қўлини чиқариб олишди. Мен бир неча лаҳза ичида ўзимни парчаланган, ёлғиз ҳолда кўрдим. Эрим динини ва жонини сақлаб қолиш учун Мадинага юзланди. Боламни Бану Абдуласад қабиласи мажруҳ ҳолда тортиб олди… Мени эса қавмим Бану Махзум қабиласи ўзлари билан олиб қолишди. Шундай қилиб бир соат ичида мен билан эрим, мен билан боламнинг ўртаси ажратиб ташланди.
Ўша кундан бошлаб ҳар куни эрталаб водийга чиқиб, фожеамизга гувоҳ бўлган жойда эрим, болам ва менинг ўртамизни ажратишган лаҳзаларни кўз олдимга келтириб, то қуёш ботгунича йиғлаб ўтирар эдим. Мен бир йил ёки бир йилга яқин муддатни мана шу аҳволда ўтказдим. Мана шундай кунларнинг бирида амакимнинг қабиласидан бир киши олдимдан ўтиб қолди. У менинг аҳволимга раҳм қилиб, қавмимдагиларга: Уни эридан ҳам, боласидан ҳам айрибсизлар, бу бечорани қўйиб юбормайсизларми, деди. У шундай, деб уларнинг қалбини юмшатди, ҳатто улар менга агар хоҳласанг эрингни олдига кетавер, дейишди.
Лекин мен қандай қилиб боламни, жигарбандимни Маккадаги Бану Абдуласад қабиласида қолдириб Мадинага эримнинг олдига қандай қилиб бора олайин?! Гўдагим Маккада қолиб, у ҳақда бирор нарса билмасдан туриб, ўзим ҳижрат ҳовлисига бориб олсам, қандай қилиб изтиробим тугасин ва кўз ёшим тўхтасин?! Баъзи одамлар менинг қайғу ташвишларимдан азоб чекаётганимни кўриб ҳолатимга раҳмлари келди. Улар мен ҳақимда Бану Абдуласад қавми билан суҳбатлашиб, менга шафқат қилишларини сўрашди. Сўнгра улар болам Саламани қайтариб беришди.
Маккада мен билан бирга сафарга чиқадиган одамни кутиб туришни истамадим. Чунки кутилмаган бирор воқеа бўлиб, мени эримнинг олдига боришдан бирортаси тўсиб қолишидан қўрқдим… Шунинг учун шошилиб туямни тайёрлаб ва боламни бағримга олиб эримнинг олдига бориш учун Мадинага қараб йўл олдим. Мен билан бирга бирортаси йўқ эди. «Танъим»га (Маккадан 3 мил наридаги жой) етганимда Усмон ибн Талҳани учратдим. У: «Эй йўловчилар озуқасининг қизи қаерга кетябсан?!», деди. Мен: «Мадинага, эримнинг олдига», дедим. У: «Сен билан бирга бирортаси борми?», деди. Мен: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ ва мана бу ўғилчамдан бошқа ҳеч ким йўқ», дедим. У: «Аллоҳга қасамки, Мадинага етиб олгунингача мен сени ҳаргиз ёлғиз қолдирмайман», деди. Сўнг у туямнинг тизгинидан ушлаб мен билан бирга йўлга тушди.
Аллоҳга қасамки, мен араблар ичида ундан кўра олийжаноб ва илтифотли бирор кишини эшитмаганман. Агар бирор жойда тўхтасак, туямни чўктириб, мендан ўзини четга оларди, мен туянинг устидан ерга тушганимдан кейин туяга яқинлашиб эгарини туширар, сўнг мендан нарироқда бошқа дарахтнинг соясида ётиб дам олар эди. Йўлга чиқиш вақти бўлгач, туямни тайёрлар, уни менга олиб келар, сўнг мендан ўзини четга олиб: «Мин», дер эди. Мен туяга миниб, жойлашганимдан кейин уни тизгинидан олиб, етаклар эди. У то Мадинага етгунимизгача мана шундай қилиб борди. У Бани Амр ибн Авфнинг Қубо қишлоғини кўргач: «Эринг шу қишлоқда, Аллоҳнинг баракаси ила унга кир», деди. Сўнг Маккага қайтиб кетди.
Узоқ айрилиқдан кейин парчаланган қалблар яна бирлашди. Абу Салама розияллоҳу анҳунинг кўзи қувончга тўлди. У хотини ва боласи билан бахтли бўлди… Сўнгра ҳодисалар кўз очиб юмгунча ўтиб кета бошлади. Бунинг орасида Абу Салама розияллоҳу анҳу Бадр жангида қатнашди. Бадрдан мусулмонлар ғалаба билан қайтишди. Бадрдан кейин Уҳуднинг оғир жангида мардонавор жанг қилди. Бироқ, Уҳуд жангида оғир жароҳат олди. Даволанганида жароҳати битгандай бўлди-ю, бироқ жароҳати ириб кетиб, уни тўшакка ётқизиб қўйишди. Абу Салама розияллоҳу анҳу даволанаётган кунларида хотинига айтди: «Эй Умму Салама мен Росулуллоҳ ﷺнинг шундай деганини эшитдим:
«لا تُصِيْبُ أَحَداً مُصِيْبَةٌ، فَيَسْتَرْجِعَ عِنْدَ ذَلِكَ يَقُولُ: اَللُّهُمَّ عِنْدَكَ اِحْتَسَبْتُ مُصِيْبَتِيْ هَذِهِ. اَللَّهُمَّ أَخْلِفْنِيْ خَيْراً مِنْهَا، إِلَّا أَعْطَاهُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ…»
«Бирор одамга мусибат етган пайтда: (Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун), деб истиржо айтса ва Эй Парвардигоро мен ушбу мусибатим муқобилига Сендан савоб умид қиламан. Эй Парвардигоро, менга бу мусибатдан яхшилик бер, деса, Аллоҳ Азза ва Жалла унга яхшиликни беради».
Абу Салама розияллоҳу анҳу бир неча кун касал бўлиб ётди. Бир кун тонгда Росулуллоҳ ﷺ уни кўргани келди. Уни зиёрат қилиб, ҳовлисининг эшигига етиши билан Абу Салама розияллоҳу анҳу ҳаётдан кўз юмди. Набий r муборак қўллари билан дўстининг кўзини беркитди ва осмонга юзланиб:
«اَللَّهُمَّ اغْفِرْ لِأَبِيْ سَلَمَةَ، وَارْفَعْ دَرَجَتَهُ فِي الْمُقَرَّبِيْنَ. وَاَخْلِفْهُ فِيْ عَقْبِهِ فِي الْغَابِرِيْنَ. وَاغْفِرْ لَنَا وَلَهُ يَا رَبَّ الْعَالَمِينْ، وَأَفْسِحْ لَهُ فِي قَبْرِهِ، وَنَوِّرْ لَهُ فِيْهِ»
«Эй Парвардигор Абу Саламани мағфират қилгин, уни муқарраблар даражасига кўтаргин, уни оқибати борасида ўтган (яхши одам)ларга эргаштиргин. Эй бутун оламлар Парвардигори, бизни ва уни мағфират қилгин, унинг қабрини кенг ва мунаввар қилгин».
Умму Салама розияллоҳу анҳа Абу Саламанинг Росулуллоҳ ﷺдан қилган ривоятини эслаб: «Эй Парвардигоро, бу мусибатимга Сендан савоб умид қиламан», деди. Бироқ, у: «Эй Аллоҳ, бу мусибат ўрнига менга ундан кўра яхшироғини бер», дея олмади. Чунки у ўзига ким ҳам Абу Саламадан яхши бўла олар эди, деб савол берар эди.
Мусулмонлар Умму Салама розияллоҳу анҳанинг мусибатидан қайғуга тушишди. Улар олдин бирор одамнинг мусибатига бунчалик қайғуришмаган эди. Улар Умму Саламага «араблар беваси», деб ном беришди. Чунки Мадинада унинг кичкина боласидан бошқа бирор яқини йўқ эди.
Муҳожир ва ансорлар ўзлари устидаги Умму Салама розияллоҳу анҳанинг ҳаққини ҳис қилишди. Абу Салама розияллоҳу анҳуга тутган аза кунлари тугаши билан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Умму Саламани қўлини сўради. Умму Салама унинг талабини рад этди… Сўнг Умар розияллоҳу анҳу унинг қўлини сўради. Уни ҳам худди Абу Бакр розияллоҳу анҳуни рад этгандек рад этди… Сўнг Росулуллоҳ ﷺ ҳам унинг қўлини сўради. Умму Салама розияллоҳу анҳа Росулуллоҳ ﷺга айтди: «Эй Росулуллоҳ ﷺ менда уч ҳислат бор: Мен ғайратли аёлман, сиз менда сизни ғазабингизни келтирадиган бирор нарсани кўришингиздан ва шу сабабли Аллоҳ менга азоб беришидан қўрқаман, мен ёши ўтган ва фарзандлик аёлман». Набий ﷺ:
«أَمَّا مَا ذَكَرْتِ مِنْ غَيْرَتِكِ فَإِنِّيْ أَدْعُو اللهَ عَزَّ وَجَلَّ أَنْ يُذْهِبَهَا عَنْكِ. وَأَمَّا مَا ذَكَرْتِ مِنَ السِّنِّ فَقَدْ أَصَابَنِيْ مِثْلُ الَّذِيْ أَصَابَكِ، وَأَمَّا مَا ذَكَرْتِ مِنَ الْعِيَالِ، فَإِنَّمَا عِيَالُكِ عِيَالِيْ»
«Сен айтган ғайратингга келсак, мен Аллоҳдан уни сендан кетказишини сўрайман. Ёшинга келсак, сенга етган нарса менга ҳам етган. Фарзандинга келсак, сени фарзандинг мени ҳам фарзандимдир», дедилар.
Сўнг Росулуллоҳ ﷺ Умму Саламага уйланди. Аллоҳ Таоло Умму Салама розияллоҳу анҳанинг дуосини қабул қилди ва унга Абу Саламадан яхшироғини қолдирди. Мана шу кундан бошлаб махзумийлик Ҳинд ёлғиз Саламанигина онаси бўлиб қолмади, балки барча мўминларнинг онаси бўлиб қолди. Аллоҳ Таоло Умму Саламанинг юзини жаннатда мунаввар қилсин ва ундан рози бўлсин.

