Бишкек ҳокими сув тарифини икки баробаргача оширишни таклиф қилди

Бишкек ҳокими сув тарифини икки баробаргача оширишни таклиф қилди
Бишкек шаҳар ҳокими ичимлик суви учун тарифларни қайта кўриб чиқишни таклиф қилиб, тегишли лойиҳани шаҳар кенгашига тақдим этди. Унинг таклифига кўра, канализациянинг бир куб метри 6,80 сомни, ичимлик суви эса 15,73 сомни ташкил этиши керак. Бундан ташқари, сувдан йирик ҳажмда фойдаланувчи корхоналар учун юқори коэффициентлар жорий этилади.
Ҳозирда амалдаги нархлар ичимлик сувининг бир куб метри учун 10,45 сомни, канализация учун эса 3 сомни ташкил этади. Сув ҳисоблагичи ўрнатилмаган хонадонларда эса ҳар бир киши учун ойига 111 сомдан ҳақ олинади.
Изоҳ:
Бундан аввал расмий ҳукумат апрель ойидан бошлаб айрим соҳа ходимларининг иш ҳақи икки баробаргача оширилиши ҳақида эълон қилган эди. Бироқ, афсуски, оширилган маошлар фуқароларнинг қўлига етиб бормай туриб, тарифларни икки бараварга ошириш орқали бу маблағларни қайтариб олиш чоралари кўрилмоқда. Бунга ёқилғи ва унинг ортидан озиқ-овқат маҳсулотларининг тинимсиз қимматлашини, шунингдек, май ойидан электр энергияси нархи ошишини ҳам қўшсак, халқнинг чўнтагига кирган маблағ аслида ортиғи билан қайтариб олинаётгани ойдинлашади.
Эслатиб ўтамиз, Бишкекни тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 2014-2015 йилларда Швейцария ЕТТБ (Европа тикланиш ва тараққиёт банки) билан биргаликда 5,5 миллион евро кредит ва 4,9 миллион евро грант ажратган эди. Лойиҳанинг давоми сифатида 2016 йилда яна 8 миллион евро кредит ва 8 миллион евро грант ажратилди. Очиқ маълумотларга кўра, Қирғизистон ҳудудидан йилига 55 миллиард куб метр тоза сув оқиб чиқади, бироқ мамлакат бу сувнинг бор-йўғи 7 фоизидан фойдаланади, холос. Бундан ташқари, ер ости тоза сув захиралари ҳам 19 миллиард куб метрни ташкил этади.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, сув тарифининг оширилиши аслида халқаро ташкилотларнинг қатъий талабидир. Улар ажратилган кредитлар ўз вақтида қайтарилишини таъминлаш учун шундай шартларни қўяди. Қарзларни тўлашда қийинчилик туғилганда эса, бу иқтисодий талаблар сиёсий талабларга айлана бошлайди. Аниқроғи, ўз манфаатларига мос келувчи қонунларни қабул қилдириш талаби қўйилади. Бундан ташқари, ажратилган маблағларнинг коррупция йўли билан «қумга сингиб кетишига» атайин кўз юмилади. Чунки улар бундан ҳукуматга босим ўтказиш ричаги сифатида фойдаланишади. Бишкекни тоза сув билан таъминлаш учун ажратилган маблағларнинг самарасиз сарфлангани бунга яққол мисолдир.
Демак, ҳукуматнинг маблағларни ўнг-у сўлга нотўғри сарфлашлари ва исрофгарчиликлари эвазига юзага келган зарарларни тарифлар нархини ошириш орқали халқнинг ҳисобидан қоплаш — бу адолатсизликдан бошқа нарса эмас. Зеро, Қирғизистон тоғли ҳудуд бўлгани сабабли, улкан сув захираларига эга ва бу захиралар аҳоли эҳтиёжини бемалол таъминлашга етиб, ортиб ҳам қолади. Мутасаддилар эса бу бебаҳо неъматдан оқилона унумли фойдаланиш ўрнига, маблағларни коррупция йўли билан ўз чўнтакларига урмоқда. Натижада, сув муаммоси ҳал этилмай, халқаро ташкилотлар босими остида ҳар икки йилда сув нархлари оширилмоқда. Бугунги инқирознинг асл сабаби ҳам мана шунда.
Бунинг акси ўлароқ, Исломда сув умумий мулк (омма мулки) ҳисобланади. Бундай мулкларни муҳофаза қилиш учун шариат махсус ҳукмларни баён қилиб берган. Масалан, давлат умумий ва давлат мулкини фақат шаръий ҳукмлар асосида бошқара олади. Уларни хусусий мулкка айлантиришга йўл қўйилмайди. Шариатга кўра, сувнинг ҳар қандай туридан фойдаланиш Уммат учун бепул бўлиши лозим. Шу билан бирга, Ислом мусулмонларга умумий мулкдан, шу жумладан сувдан ҳам тежаб-тергаб фойдаланишни буюради. Шариат бу ҳукмларни ижро этишда қонун кучидан олдин инсонларнинг Аллоҳга бўлган иймони ва тақвосига суянади. Жамият доимий равишда Аллоҳнинг ҳукмларига итоат қилишга даъват қилинади, фақатгина қайсарлик билан тартибни бузувчиларга нисбатан қонуний чоралар кўрилади. Демак, бугунги кунда Қирғизистон ва бутун дунёда кузатилаётган сув муаммоси ресурслар танқислигидан эмас, балки фақат фойданинг кетидан қувувчи капиталистик тизимнинг иллатларидан келиб чиқмоқда. Шундай экан, бундай адолатсиз капиталистик тизимни қулатиб, ўрнига шаръий адолатни қарор топтириш йўлида ҳаракат қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Нурдин Асаналиев




