Хабар ва изоҳ

Жапаровнинг Кремлга шошилинч сафари

Жапаровнинг Кремлга шошилинч сафари

Қирғизистон давлат раҳбари Садир Жапаров пайшанба куни Россия Президенти Владимир Путин билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Учрашув давомида Владимир Путин Бишкекка қилган сўнгги сафари ниҳоятда самарали бўлганини алоҳида эътироф этди.

“Биз ўшанда жуда самарали иш олиб борган эдик. Барча келишувларимиз изчил амалга оширилаётганини, ҳар икки томондан ҳам жамоаларимиз фаол ва шиддат билан ишлаётганини таъкидлашни истардим. Бу саъй-ҳаракатларнинг меваси Қирғизистон иқтисодиётининг ўсиш суръатларида ҳам ўз аксини топмоқда. Сизнинг бугунги амалий ташрифингиз ҳам муносабатларимизни янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонаман”, — деди Путин.

Ўз навбатида, Садир Жапаров икки давлатни тарихий дўстлик ришталари боғлаб туришини, Россия Қирғизистоннинг стратегик ҳамкори ва асосий иттифоқчиси бўлиб қолишини алоҳида қайд этди.

Изоҳ:

Жапаровнинг Кремлга қилган шошилинч сафари ҳақида аввалдан хабар берилмади. Ушбу ташриф Европа Иттифоқи Россияга қарши навбатдаги санкцияларнинг янги пакетини қабул қилиб, чекловлар гирдобига Қирғизистон ҳам илашиб қолган бир пайтга тўғри келди. Зеро, Брюсселнинг назарида Қирғизистон санкция остидаги товарларни Россияга қайта экспорт қилишнинг барқарор каналларидан бирига айланиб улгурган.

Маълумки, Путиннинг Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи доирасида санкцияларни четлаб ўтиш механизмларига доир келишувларга эришилган эди. Унга кўра, Қирғизистон ўз криптовалютасини муомалага чиқариб, ундан Россияга санкциявий товарларни сотишдаги пул ўтказмалари учун фойдаланиш кўзда тутилган. Чунки криптовалюта транзакциялари кўпинча аноним бўлиб, яширин ҳаракат қилувчилар учун кенг имконият яратади.

Халқаро “Financial Times” нашрининг тадқиқотларига кўра, Қирғизистон ҳудудида ташкил этилган биржа жорий йилнинг тўрт ойи ичида рублга боғланган рақамли валюта орқали 9 миллиард 300 миллион долларлик токен айлантирган. Россия Шимолий Корея ва Эрон билан савдо алоқаларида ҳам санкцияларни четлаб ўтиш учун айнан криптовалюталардан фойдаланиб келаётгани сир эмас.

Шундай экан, Жапаровнинг бу сафари Европа Иттифоқи томонидан жорий этилаётган санкциялар туфайли Россия билан келишилган механизмларга путур етказмаслик чораларини муҳокама қилиш мақсадида амалга оширилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Путиннинг учрашув чоғида айтган сўзлари ҳам айнан шунга ишора қилмоқда.

Нурдин Асаналиев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button