Бирлашган Араб Амирликлари ОПЕКдан чиқишини билдирди

Бирлашган Араб Амирликлари ОПЕКдан чиқишини билдирди
Бирлашган Араб Амирликлари ОПЕК аъзолигидан чиқишини расман эълон қилди. Ушбу қадамни жаҳон нефть бозоридаги кучлар мувозанатини тубдан ўзгартириб юборадиган стратегик ҳаракат сифатида баҳолаш мумкин. Мазкур қарор мамлакатда нефть қазиб олиш ҳажмини ошириш ва картел томонидан қўйилган қатъий чекловлардан воз кечиш нияти билан боғланмоқда. АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатлар таранглашиб бораётган бир пайтда, Амирликларнинг бу ҳаракати ОПЕК ичидаги жипсликка путур етказиши ва нефть нархига бўлган босимни кучайтириши мумкин. Бу қарорнинг акс-садоси нефть бозори доирасидан чиқиб кетиши эҳтимолдан холи эмас. Шунингдек, бундай қадам яқин орада нефть таклифининг ортиши ва нархларнинг пасайишига таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Бу эса ўз навбатида иқтисодиёти нефть экспортига таяниб қолган давлатларга қақшатқич зарба бериши мумкин. Бундан биринчи галда, нефть даромадлари бюджетнинг салмоқли қисмини ташкил этувчи Россия, Ироқ, Нигерия ва Венесуэла каби давлатлар жиддий талофат кўради. Нархларнинг пасайиши ушбу мамлакатларда бюджет тақчиллигининг ортишига, миллий валюталарнинг қадрсизланишига ҳамда ижтимоий ва инвестициявий дастурларнинг чекланишига олиб келади. Таъкидлаш жоизки, айни дамда фонд биржаларида нефть нархи аллақачон пасая бошлаган.
Саудия Арабистонининг мавқеи ҳам алоҳида хавотир остида қолмоқда. ОПЕК ичидаги тартиб-интизомнинг сусайиши натижасида Ар-Риёд бозордаги асосий бошқарувчилик ролини бой бериши мумкин. Агар бошқа давлатлар ҳам Бирлашган Араб Амирликлари изидан борадиган бўлса, Саудия Арабистони бозордаги ўз улушини сақлаб қолишда ва нархларни назорат қилишда мисли кўрилмаган қийинчиликларга дуч келади. Бу вазият АҚШ ва Европа Иттифоқи учун ғоят манфаатли бўлиб, ушбу ташаббус ортида айнан мана шу кучлар турган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Асосий урғу нефть нархини туширишга қаратилган. Зеро, арзон нефть инфляция босимини жиловлаш, саноатни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётнинг ташқи энергетик зарбаларга нисбатан сезувчанлигини камайтириш имконини беради. Бундан ташқари, ОПЕКнинг заифлашуви экспорт қилувчи давлатларнинг жаҳон нарх сиёсатига кўрсатадиган таъсирини кескин пасайтиради. Эришиладиган фойдаларни ҳисобга олганда, Ғарбнинг бу жараёндан нақадар манфаатдор эканини, ҳатто уни парда ортидан туриб бошқараётганини тахмин қилиш мумкин. Шу боис, нефть қазиб олиш устидан жамоавий назорат механизмларини бузиш ёки заифлаштириш АҚШ ва Европа Иттифоқининг узоқ муддатли стратегик мақсадларига тўла мос келади. Ушбу вазият Ғарб ва экспортчилар ўртасидаги мураккаб муносабатлар шароитида юз бераётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Бу қарор фойда тарозисини истеъмолчи давлатлар (АҚШ ва ЕИ) томонга оғишига ёрдам беради. Шу билан бирга, ушбу қарорнинг таъсири экспортчи давлатларга (Саудия Арабистони, Россия) бўлган босимни ошириб, нефть бозорини беқарорлаштириши ва бошқариб бўлмас ҳолатга келтириши мумкин.
Латифул Расих




