Кремль Марказий Осиё учун ўзининг «қизил чизиғини» белгилади

Кремль Марказий Осиё учун ўзининг «қизил чизиғини» белгилади
Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг йиғилишида муҳим баёнот билан чиқди. Унинг сўзларидан Марказий Осиёда янги таъсир марказлари пайдо бўлаётганидан ва минтақадаги кучлар нисбати ўзгараётганидан Москванинг очиқчасига норози экани сезилди.
Гап расман, инқирозли ҳудудлардан, хусусан, Афғонистон ва Яқин Шарқдан қуролли гуруҳларнинг сизиб кириш хавфи ҳақида борди. Бироқ, бу таҳдидларга урғу бериб айтилган гаплар хавфсизлик ҳақида қайғурганликдан эмас, аксинча минтақавий элитага босим ўтказиш сифатида айтилди. Бу Москванинг эски ва синалган усулидир: эҳтимолий радикализм ваҳимаси Россия билан ҳарбий-сиёсий ҳамкорликни кучайтириш учун асосий баҳона сифатида тақдим этилади. Шу нуқтаи назардан, «жангари гуруҳлар» ҳақидаги ҳар қандай гап-сўзлар ташқи душман образини яратишга хизмат қилади. Бошқача айтганда, бу шерикларни «тартибга солиш» ва уларга мустақил сиёсат юритишнинг оқибатларини эслатиб турувчи ўзига хос «қамчи» вазифасини ўтайди.
Баёнотнинг Марказий Осиё минтақасидан ташқарида бўлган йирик давлатларнинг ҳарбий иштирокига «йўл қўйиб бўлмаслиги» ҳақида айтилган қисми анча муҳимроқ бўлди.
Бу сўзлар асосан АҚШ ва НАТО ташкилотига қарата айтилганига шубҳа йўқ. Зеро, улар Афғонистонни тарк этгач, минтақада логистик ёки ҳарбий иштирок имкониятларини бир неча бор муҳокама қилишган эди. Аслида, бу билан Москва Марказий Осиёдаги хавфсизлик тартибини белгилашда ўзининг алоҳида ҳуқуқи борлигини даъво қилмоқда. Шу билан бирга, бу ишора нафақат ташқи кучларга, балки минтақа ичкарисига ҳам қаратилган. Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни диверсификация қилиш бўйича ҳар қандай ҳаракатлари – хоҳ у Ғарб, хоҳ Туркия ёки бошқа ўйинчилар билан бўлсин – Москва тарафидан нохуш, ҳатто душманлик сифатида қабул қилинади. Дипломатик тилдаги «йўл қўйиб бўлмас деб ҳисоблаймиз» деган ибора, аслида мулойим, аммо тушунарли тарзда чизилган «қизил чизиқ» сифатида қабул қилинади.
Ушбу баёнот муайян маънода Хитойни ҳам четлаб ўтмади. Минтақада Пекиннинг иқтисодий таъсири ортиб бораётган бир шароитда, Россия шу йўл билан хавфсизликнинг асосий кафили сифатидаги мақомини сақлаб қолишга уринаётганини кўрсатмоқда. Бу эса минтақанинг ҳарбий архитектураси Москва назорати остида қолиши шартлиги ҳақида ШҲТдаги ҳамкорларини огоҳлантиришдир.
Сурия, Ливан ва Ғазо секторидаги тўқнашувларнинг тилга олиниши умумий баёнотнинг маъносини тўлдиради: Россия Яқин Шарқдаги беқарорликни Марказий Осиё учун потенциал хавф сифатида боғлашга ҳаракат қилиб, ташқи таҳдид ваҳимасини кучайтирмоқда. Бу эса Москвага минтақанинг «ягона ҳимоячиси» сифатидаги ролини мустаҳкамлаш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, Белоусовнинг баёноти хавф-хатарларнинг олдини олишга қаратилган таҳлил эмас, балки сиёсий огоҳлантиришдир. Москва минтақанинг аста-секин ўз таъсир доирасидан чиқиб кетаётганидан безовталанмоқда. Шунингдек, у ташқи кучларга нисбатан қатъий ишоралар бериш ва қўшни давлатларга «юмшоқ босим» ўтказиш орқали, сунъий беқарорлик ҳақида хавотир уйғотиш билан ўз назоратини қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда.
Абду Шукур




