Осиё тараққиёт банкининг мамлакатларни навбатдаги қарз гирдобига ботириш ҳийласи

Осиё тараққиёт банкининг мамлакатларни навбатдаги қарз гирдобига ботириш ҳийласи
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш ниқоби остида “DRB” облигацияларини, яъни «офат облигациялари»ни илк бор муомалага чиқаргани маълум бўлди. Бу ҳақда ОТБнинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган 59 – йиллик анжуманида эълон қилинди.
Мазкур облигациялар Қирғизистон ва Тожикистонни йирик табиий офатлардан ҳимоя қилиш ҳамда бундай кўнгилсизликлар юз берган тақдирда тезкор маблағ билан таъминлашга қаратилган.
“DRB” облигациялари олдиндан белгиланган ва мустақил равишда тасдиқланган параметрлар асосида, кучли зилзила ёки сув ташқини содир бўлганда, тезкор ва мақсадли молиявий кўмак беришни кўзда тутади. Офат юз берган тақдирда, тўпланган маблағлар миллий ижтимоий ҳимоя тизимлари орқали аҳолига ёрдам сифатида йўналтирилади.
Қирғизистон ва Тожикистон учун мўлжалланган уч йиллик “DRB” облигацияларининг умумий ҳажми 80 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу облигациялар номинал қийматда жойлаштирилиб, уларни тўлаш 2029 йилнинг 30 майида якунига етади.
Изоҳ:
Жорий йилнинг 9 апрелида Қирғизистон Жоқорқу Кенеши Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан тузилган “фавқулодда вазиятлар пайтида қўллаб-қувватлаш” тўғрисидаги келишувни маъқуллаган эди. Мазкур келишувда офат оқибатларини бартараф этиш учун юқорида тилга олинган облигацияларни (DRB) чиқариш механизми ҳам ўрин олган. Бугун эса ОТБ ушбу облигациялар биржа савдоларига чиқарилганини ошкор қилди. Қирғизистонга йўналтирилган бундай турдаги облигацияларнинг чиқарилиши илк кузатилмоқда.
Аслида, облигацияларнинг умумий шарти қуйидагича: бир томон муайян муддатга облигация чиқариб, сотади ва муддат тугагач, уларни қайта ўзи сотиб олади, яъни инвесторларга маблағни қайтариб беради. Шу билан бирга, облигация чиқарган томон ушбу давр мобайнида келишилган шартга мувофиқ облигацияларнинг фоизларини ҳам тўлаб боради.
«Офат облигациялари» эса бир оз бошқачароқ. Давлат маълум муддатга “DRB” облигацияларини чиқаради ва шу муддат ичида уларнинг фоизини тўлаб туради. Агар белгиланган муддат тугагунга қадар мамлакатда бирор офат (Қирғизистон ҳолатида зилзила ёки сув таошқини) юз берса, давлат инвесторларга маблағларни қайтармайди ёки қайтарса ҳам фақатгина арзимас қисмини қайтариши мумкин. Агар ҳеч қандай офат юз бермаса, давлат инвесторларга маблағларни тўлиқ қайтариб беради.
Бу ерда табиий савол туғилади: модомики бу облигациялар «офат бўладими-йўқми?» қабилидаги таваккалчиликка асосланган экан, инвесторлар бундай облигацияларни сотиб олишдан қандай фойда кўради?
Биринчидан, бундай облигацияларнинг устама фоизи бошқа қимматли қоғозларга қараганда анча юқори, яъни уларнинг даромади баланд бўлади. Чунки бу ерда маблағдан айрилиш хавфи мавжуд. Иккинчидан, офат юз бериши эҳтимоли кўп ҳолларда паст бўлади, кўп ҳолларда офат юз бермайди, юз берган тақдирда ҳам келишувда кўрсатилган талафот даражасига етмайди. Демак, маблағлар инвесторларга фоизи билан тўлиқ қайтади. Бундан ташқари, “DRB” облигацияларига инфляция, сиёсий ўзгаришлар ва бошқа омиллар таъсир этмайди. Шу боис мазкур облигациялар инвесторларни ўзига жалб қилади.
Осиё тараққиёт банки ташаббуси билан Қирғизистон учун чиқарилган «DRB» облигациялари ўзининг мавҳумлиги билан кўплаб шубҳа ва гумонларни уйғотмоқда. Бунинг бош сабаби — шартнома шартларининг очиқланмаганидадир. Аниқроқ айтганда, агар мамлакатда бирор табиий офат юз бермаса, Қирғизистон ушбу 80 миллион долларлик маблағнинг қанча қисмини қайтариши кераклиги қоронғи бўлиб қолмоқда. Шартномага кўра, офатнинг икки тури белгиланган: ер қимирлаши ва сув тошқини. Бироқ уларнинг даражаси аниқ кўрсатилмаган. Масалан, зилзиланинг магнитудаси ёки тошқиннинг даражаси очиқ кўрсатилмаган. Агар офат параметрлари жуда юқори қилиб белгиланган бўлса ва фалокат юз бериб, лекин белгиланган «юқори даража»га етмай қолса, давлат ушбу маблағларни тўлиқ қайтариб беришга мажбур бўлади. Бундан ташқари, офат даражасини «мустақил экспертлар» белгилаши айтилган. Очкўзлик ҳукмрон бўлган бугунги капитализм шароитида, инвесторларнинг ўша экспертлар билан тил бириктирмаслигига ким кафолат беради? Шу боис, бу каби битимлар мамлакат манфаатларига зидлигига ҳеч шубҳа йўқ. Капиталистлар ҳатто табиий офатдан, аниқроғи инсонларнинг мусибатидан ҳам фойда кўриш механизмини аллақачон йўлга қўйиб бўлишган.
Осиё тараққиёт банки ҳукуматга грант ёки кредит ажратар экан, ундан фойдаланиб, мамлакатни молиявий қуллик занжирига янада маҳкамроқ боғлайдиган шартларни илгари суради. Коррупция ботқоғига ботган амалдорлар эса бу шартларни сўзсиз бажаришга шай. Ҳукуматнинг кредит-молия соҳасидаги барча қадамлари айнан мана шундай халқаро молиявий ташкилотларнинг кўрсатмаси асосида ташланмоқда. Бунинг натижасида мамлакат қарзи йилдан-йилга бир неча баробарга ортиб бормоқда. Ислом тамойилларига зид бўлган бундай судхўрлик (рибо) келишимлари мамлакатни қарз ботқоғига чуқурроқ ботирмоқда. Бу ҳаракатлар мамлакатнинг қарз ботқоғидан чиқишига йўл бермайди. Халқаро ташкилотларни жиловлаб олган капиталистларнинг асл муддаоси ҳам шу —мамлакатни қарз ботқоғига ботириб, доимий қарамликда ушлаб туриш. Шундай экан, бундай ҳалокатли келишимларни рад этиб, Ислом иқтисодиёти тамойилларига қайтиш зарурдир. Зеро, бу ботқоқдан чиқишнинг бошқа йўли йўқ.
Ҳарун Абдулҳақ




