Янгиликлар

Санкциялар таъсири: 50та компаниянинг фаолияти тақиқланди

Санкциялар таъсири: 50та компаниянинг фаолияти тақиқланди

Қирғизистон Адлия вазирлиги санкциялар хавфи юқори бўлган амалиётларда иштирок этган 50та юридик тарафнинг фаолиятини тўхтатиш тўғрисида буйруқ чиқарди. Бу ҳақда мазкур маҳкаманинг матбуот хизмати маълум қилди.

Расмий маълумотга кўра, ушбу кескин чоралар «Ташқи иқтисодий фаолиятнинг ноинсоф иштирокчиларини ҳамда санкциялар хавфи юқори бўлган амалиётларни аниқлаш бўйича идоралараро ҳамкорлик тўғрисида»ги буйруқ ижросини таъминлаш доирасида қабул қилинган.

Адлия вазирлигининг таъкидлашича, мазкур компаниялар рўйхати Иқтисодиёт ва тижорат вазирлиги ҳамда бошқа тегишли давлат органлари томонидан тақдим этилган. Улар бундан аввал санкция чекловларини четлаб ўтишга уриниш ҳолатлари билан боғлиқ маълумотларни ўрганиб чиқишган.

Маҳкама томонидан берилган баёнотда айтилишича, миллий иқтисодиётни муҳофаза қилиш ҳамда Ғарбдаги ҳамкорлар томонидан Қирғизистон Республикасига нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган иккинчи даражали санкцияларнинг салбий оқибатларини бартараф этиш мақсадида бир қатор назорат механизмлари жорий этилган.

Юқорида тилга олинган компанияларнинг фаолияти тақиқланишидан аввал, президент Садир Жапаров жаҳон ҳамжамияти етакчиларига мурожаат қилиб, Қирғизистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо бўлиш истагини қўллаб-қувватлашни сўраб баёнот берган эди.

Демак, расмий Бишкекнинг ушбу қарорини Европа давлатларининг қўллаб-қувватлашига эришиш йўлида ташланган қадам сифатида баҳолаш мумкин.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button