«Ҳалол» сўзини тақиқлаш муаммони ҳал қиладими ёки бу навбатдаги адолатсизликми?

«Ҳалол» сўзини тақиқлаш муаммони ҳал қиладими ёки бу навбатдаги адолатсизликми?
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси юридик шахсларнинг фирма номларида «ҳалол» ва «адал» сўзларидан фойдаланишни тақиқловчи ташаббусни жамоатчилик муҳокамасига чиқарди. Мусулмонлар истиқомат қиладиган мамлакатда бундай қадамнинг ташланиши нафақат истеъмолчилар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини, балки фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилик ҳамда камситишга йўл қўймаслик тамойилларига риоя қилишини ҳам хавф остида қолдиради.
Қирғизистон мусулмон аҳолисининг аксарият қисми учун «ҳалол» ва «адал» тушунчалари шунчаки диний термин эмас, балки кундалик ҳаётдаги хулқ-атворнинг энг асосий мезони ҳисобланади. Мусулмонлар учун товар ва хизматларни «ҳалол» ва «ҳаром» нуқтаи назаридан фарқлаш ҳаётий аҳамиятга эга. Зеро, бу – халқнинг кундалик турмушида тобора кенг ёйилиб бораётган шариат меъёрларига ва туб эътиқодларига амал қилиши билан бевосита боғлиқдир.
Бундан ташқари, Қирғизистонда ва умуман минтақада ҳалол стандартларига бўлган талаб доимий равишда ўсиб бормоқда. Бу талаб нафақат озиқ-овқат маҳсулотларини, балки молиявий хизматлар, туризм, меҳмонхона тармоғи, логистика, косметика, фармацевтика ва бошқа соҳаларни ҳам қамраб олмоқда.
Буларнинг барчасини эътиборга оладиган бўлсак, мазкур ташаббус Исломнинг ҳаётий кўринишларига қарши қаратилган кескин кураш чораси сифатида таассурот уйғотмоқда. Шу билан бирга, у истеъмолчиларнинг салмоқли қисмига тегишли бўлган кўплаб манфаат ва эҳтиёжларни эътибордан четда қолдирмоқда.
Давлат ҳалол индустрияси мавжудлигини қонун даражасида тан олади ва уни алоҳида қонун орқали тартибга солиб туради. Шундай экан, компанияларнинг номларида ҳаммага маълум бўлган тушунчадан фойдаланишни чеклаш ички зиддиятни келтириб чиқаради.
Ушбу ташаббусни илгари сураётганларнинг даъво қилишича, гўёки истеъмолчиларни чалғитиб қўйиш хавфи бор эмиш. Бироқ терминни суиистеъмол қилиш муаммоси қайсидир компания номидаги сўзни тақиқлаш билангина ҳал бўлиб қолмайди. Номдаги белги маҳсулотнинг сифатини ўзгартирмайди ва стандартларнинг сақланишига кафолат бера олмайди. Агар ташкилот истеъмолчиларни алдаса, ҳалол белгисидан ноқонуний фойдаланса ёки сертификатлаш талабларини бузса, унда айнан мана шу қонунбузарликлари учун жавобгарликка тортилиши лозим.
Қолаверса, бундай ёндашув танлама хусусиятга эга бўлмоқда. Агар давлат номдаги белги истеъмолчиларни чалғитиши мумкин деб ҳисобласа, унда шунга ўхшаш чекловлар бошқа кўплаб маркетинг номларига ҳам татбиқ этилиши шарт эди. Мисол учун: «табиий», «экологик», «элита», «премиум», «ишончли», «халқчил», «миллий» ва шу каби кўплаб сўзлар мавжуд. Бироқ бундай ҳолатларда давлат, одатда, сўзларнинг ўзини тақиқламасдан, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчилик механизмлари орқали берилаётган маълумотларнинг ҳаққонийлигини назорат қилади. Иқтисодий чекловларни жорий этишда эса асос сифатида диний тузилмаларнинг фикрига таяниш бундан-да катта баҳс-мунозараларни келтириб чиқаради.
Диний ташкилотлар ва мутахассислар диний тушунчаларнинг моҳиятини шарҳлаб бериш ҳуқуқига эга. Бироқ тадбиркорлик фаолияти, рақобат, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва иқтисодий сиёсатни тартибга солиш масалалари, энг аввало, ҳуқуқий, иқтисодий ва соҳавий экспертизани талаб этади.
Терминнинг диний келиб чиқишининг ўзигина уни хўжалик фаолиятида қўллашни чеклаш учун етарли асос бўла олмайди. Фуқароларнинг қонун олдидаги тенг ҳуқуқлилиги масаласи ҳам алоҳида эътиборга молиқ. Расмий равишда бу ташаббус муайян терминлардан фойдаланишга қарши қаратилган бўлса-да, унинг амалдаги оқибатлари асосан мусулмонларга ва уларнинг эҳтиёжларини қондиришга қаратилган бизнесга таъсир кўрсатади.
Шу муносабатга кўра табиий бир савол туғилади: «Нима учун мамлакат аҳолисининг аксариятини ташкил этувчи халқлар учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган диний тушунчаларга нисбатан айнан шундай чекловлар жорий этилмоқда, ваҳоланки бошқа дунёқарашдаги маданий ёки мафкуравий номларга нисбатан бундай чекловлар қўлланилмайди?».
Бундай ёндашув, айниқса, мусулмонларга қарши қаратилган камситиш ҳаракати сифатида қабул қилинади. Бу ташаббус диний асосдаги чекловларни очиқчасига эълон қилмаган бўлса-да, унинг оқибати мусулмонларнинг ўз эътиқодларига мос келадиган товарлар, хизматлар ва бизнесни эркин танлаш ҳамда белгилаш ҳуқуқини чеклаш ҳисобланади. Бундан ташқари, ушбу тақиқ истеъмолчининг маҳсулот ҳақида аниқ ва тушунарли маълумот олиш ҳуқуқини ҳам чеклайди.
Кўплаб фуқаролар учун компания номидаги «ҳалол» сўзи ташкилотнинг фаолият йўналишини тезкорлик билан аниқлаш имконини берувчи муҳим белги ҳисобланади. Бундай белгини олиб ташлаш бозорнинг шаффофлигини оширмайди, аксинча, тегишли товар ва хизматларни қидиришни қийинлаштириб қўйиши мумкин.
Таклиф этилаётган чоранинг самарадорлиги ҳам маъносиз. Ушбу сўздан фойдаланиш юридик жиҳатдан расмий номланишда тақиқланган тақдирда ҳам, у рекламаларда, брендларда, товар белгиларида, хизматлар тавсифида ва маркетинг материалларида бундан кейин ҳам қўлланилавериши тўлалигича эҳтимолдан холи эмас. Демак, истеъмолчиларни чалғитиш хавфи сифатида кўрсатилаётган муаммо амалда давом этаверади.
Ниҳоят, масаланинг иқтисодий оқибатларини ҳам ҳисобга олиш зарур. Бугунги кунда ҳалол индустрияси нафақат минтақада, балки бутун жаҳон иқтисодиётида ҳам энг тез ривожланаётган тармоқлардан бири ҳисобланади. Қирғизистон ҳалол маҳсулотлар экспортини ривожлантиришга ва Исломий ўлкалар бозорлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилишини бир неча бор эълон қилган. Шундай экан, саноат тармоғидаги асосий терминлардан фойдаланишга чекловлар киритиш қадамини маҳаллий бизнесга ва халқаро ҳамкорларга нисбатан иккиюзламачилик ҳамда зиддиятли белги сифатида қабул қилиш мумкин.
«Ҳалол» терминини суиистеъмол қилишга қарши курашиш, умуман олганда, тўғри ва қонуний мақсад ҳисобланади. Бироқ компаниялар номларида бу сўзларни таъқиқлаш мусулмонлар манфаатларига нисбатан адоватли муносабатни очиб беради ҳамда ҳаддан ташқари ошириб юборилган, ноўрин ва самарадорлиги паст чора сифатида баҳоланади.
Тадбиркорлар ва истеъмолчиларнинг умумеътироф этилган номлардан фойдаланиш ҳуқуқларини чекламаган ҳолда, сертификатлашни, белги қўйишни, рекламани ва сифат стандартларига риоя этилишини назорат қилиш кучайтирилганда эди, анча тўғрироқ ечим бўлар эди.
Мусулмонлар ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун жон куйдириб сайланган Жўқорғу Кенеш (Олий Кенгаш) вакиллари, Исломнинг ҳаётий кўринишларига қарши қаратилган, қайта-қайта такрорланаётган бундай ташаббусларни кескин равишда рад этишлари керак. Ҳукумат мустамлакачиларнинг буйруқларини сўзсиз бажариб, мусулмонларга нисбатан турли чекловлар жорий этиш орқали ўзининг душманона муносабатини такрор-такрор, очиқдан-очиқ кўрсатиб келмоқда.
Шу сабабли, мусулмонлар умматнинг эҳтиёжларини қондиришда ҳукуматнинг виждони ва англашига умид боғлаб, унга суянмасликлари лозим. Уларнинг қўл очиб дуо қилишлари ёки саф тортиб намоз ўқишлари, Ислом меъёрларини бажаришга шошилаётганликларини англатмайди. Шунга кўра, мусулмонлар ҳукумат вакилларининг айёрликлари ва найрангларига алданиб, Уммат хавфсизлигини ҳеч қачон уларнинг қўлига топшириб қўймасликлари керак! Амалдаги ҳукумат вакиллари капитализм тузумини кўр-кўрона маҳкам тутиб, у орқали қуруқ фойда кўришни ва ўз ҳокимиятларини сақлаб қолишни кўзлаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Латифул Расих




