Синовларда намоён бўлган Исломнинг бирлаштирувчи кучи

Синовларда намоён бўлган Исломнинг бирлаштирувчи кучи
Кавказда ва Қирғизистонда яқинда содир бўлган қайғули воқеалар Ислом ришталарига асосланган биродарлик, дилдошлик ҳамда энг оғир дамларда яққол кўзга ташланадиган жамоавий масъулият туйғусининг нақадар улкан кучга эга эканини яна бир бор исботлади.
Сунжа дарёсида чўкаётган дўстини қутқараман деб ҳалок бўлган саккиз ёшли Хизир Дербичевнинг фожиасидан сўнг, уни қидириш ишларига ўн минглаб одамлар отланди. Бу қайғули ҳодиса Кавказдан ташқарида ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳатто таниқли россиялик продюсер Максим Фадеев халқнинг бундай бирдамлигидан таъсирланиб, уни нафақат бир болакайнинг тақдири, балки инсонларнинг ушбу мусибат атрофида бу қадар жипслашгани ҳайратга солганини алоҳида тан олди. У Хизирнинг хотирасига бағишлаб қўшиқ ёзар экан, «бундай ҳамжиҳатликни фақат орзу қилиш мумкин» дея таъкидлади.
Орадан бир неча кун ўтиб, худди шундай синов Қирғизистонда ҳам такрорланди. Дарёга оқиб кетган олти ёшли Усманни қидириш ишларида уч мингга яқин киши иштирок этди. Уларнинг аксарият қисмини қутқарув хизмати ходимлари эмас, балки кундалик ташвишларини бир четга суриб, ёрдамга шошилган оддий мусулмонлар ташкил этди. Қидирув ишлари бир неча кун давом этди ва ниҳоят, Аллоҳнинг иродаси билан болакайнинг жасади топилди. Усманнинг яқинлари оғир кунларда мадад бўлган, уларнинг дардларига шерик бўлган барча инсонларга ўзларининг чексиз миннатдорчиликларини билдирди.
Ҳар икки воқеа ҳам Исломда жамиятни бирлаштириш кучи нақадар юксак эканини намоён қилди. Бу ерда инсонларни бирлаштирган омил уларнинг миллати, ижтимоий мавқеи ёки шахсий манфаатлари эмас, аксинча, биродарлик туйғуси, ўзаро масъулият ва вафот этган инсонни қидириб топиб, уни сўнгги йўлга кузатишдек жамоавий фарзи кифояни адо этиш истаги эди. Ёрдам қўлини чўзиш учун Қирғизистоннинг турли гўшаларидан, шунингдек, Қозоғистон ва Россиядан ҳам мусулмонлар келишди.
Шахсий манфаат ва фаровонлик ортидан қувиш устувор бўлган, ўзгалар қайғусига бефарқлик ва ижтимоий ҳамдардликнинг сустлиги яққол сезилиб турган бугунги капиталистик дунёда, бу каби мисоллар Исломнинг адолатли қадриятлари минглаб инсонларни умумий бир мақсад атрофида жипслаштира олишини яққол намойиш этмоқда. Бундай аҳиллик ва ҳамжиҳатлик бошқа дин вакилларида ҳам Ислом динига нисбатан ҳурмат ва ҳавас уйғотмоқда. Зеро, чин дилдан ҳамдардлик билдириш, ўзаро ёрдамлашиш ҳамда ўзгалар учун вақтини ва жонини фидо қилиш бугунги кунда камдан-кам учрайдиган ноёб фазилатга айланиб қолди.
Бундай ҳодисалар Ислом умматининг кучи фақатгина унинг сонида эмас, аввало, қалбларни бирлаштирувчи иймонда, биродарликда ва муҳтожлик дамларида бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қила олиш қобилиятида эканини ёдга солади. Шу боис, айнан мана шу эътиқод ва туйғулар — давлат чегараларини ва миллий айирмачиликларни ҳамда жамиятдаги бефарқликни енгиб ўтишга қодир бўлган ягона куч бўлиб қолмоқда.
Бурана




