Хитой Марказий Осиёни кузатиб борадиган сунъий йўлдошларни коинотга учирмоқчи

Хитой Марказий Осиёни кузатиб борадиган сунъий йўлдошларни коинотга учирмоқчи
Хитой Марказий Осиёдаги музликлар, сув ресурслари ва қишлоқ хўжалиги ерларини назорат қилиш мақсадида сунъий йўлдошлар тармоғини ташкил этади. Бу ҳақда Урумчи шаҳрида бўлиб ўтган «Хитой – Евросиё» халқаро кўргазмасида маълум қилинди.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида бешта сунъий йўлдош фазога учирилади. Улар об-ҳаво шароитидан қатъи назар, кечаю кундуз музликлар, дарёлар ва кўлларнинг ҳолатини, ер қатламидаги ўзгаришларни ҳамда экин майдонларини кузатиб боради.
Ушбу лойиҳа Шинжондаги илмий лаборатория томонидан амалга оширилади. Сунъий йўлдошлардан олинган маълумотлар эса махсус ҳисоблаш марказида қайта ишланади.
Шунингдек, лойиҳада сунъий интеллект технологиялари ҳам кенг ишга солинади. Унинг кўмагида табиатдаги ўзгаришларни кузатиш, қишлоқ хўжалигини мониторинг қилиш ва маълумотлардан бир нечта тилда фойдаланиш имконияти туғилади. Хабарда таъкидланишича, ушбу тизим имкониятларидан Марказий Осиё давлатлари ҳам фойдаланишлари мумкин.
Шарҳ:
Бугунги кунда Марказий Осиё йирик давлатларнинг манфаатлари тўқнашган қайноқ нуқталардан бирига айланиб бормоқда. Шу боис, улар Марказий Осиёда ўз таъсир доирасини кенгайтириш йўлида кураш олиб боришмоқда.
Марказий Осиё ўзининг қулай географик жойлашуви билан Хитой учун стратегик аҳамиятга эга. Бир томондан, Хитой иқтисодиётининг локомотиви ҳисобланган «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси айнан шу Марказий Осиё ҳудудидан бошланади. Иккинчи томондан эса, АҚШ Хитой таъсирининг ёйилишига тўсиқ қўйиш ва уни жиловлаб туриш мақсадида Марказий Осиё давлатларида ўз имкониятларини ишга солишга интилмоқда.
Шунинг учун Хитой ўзининг стратегик мақсадларини рўёбга чиқариш учун ушбу минтақада таъсир доирасини кенгайтиришни ва назоратни кучайтиришни кўзламоқда. Бинобарин, юқорида тилга олинган лойиҳани шунчаки экологик ташаббус сифатида эмас, балки минтақадаги технологик ва сиёсий таъсирни мустаҳкамлаш қуроли сифатида ҳам баҳолаш лозим.
Расмий маълумотларга кўра, лойиҳанинг асосий мақсади — музликлар, сув ресурслари ва табиатдаги ўзгаришларни кузатишдан иборатдир. Бироқ ушбу сунъий йўлдош тизимларининг имкониятлари фақат бу билангина чекланиб қолмайди. Сунъий йўлдошлар экологик маълумотлардан ташқари йўллар, кўприклар, гидротехник иншоотлар, чегара ҳудудлари, стратегик ва бошқа муҳим объектлар ҳақидаги маълумотларни ҳам тўплайди. Бундай маълумотлар нафақат илмий мақсадларда, балки стратегик жиҳатдан ҳам беқиёс қийматга эгадир. Лойиҳа доирасида тўпланган маълумотлар Хитойдаги ҳисоблаш марказида қайта ишланиши айтилмоқда. Демак, бу маълумотларни сақлаш, таҳлил қилиш ва улардан фойдаланиш имконияти асосан Хитойнинг қўлида бўлади.
Сўнгги йилларда Хитой Марказий Осиёдаги транспорт, энергетика ва рақамли лойиҳаларга фаол сармоя киритиб келмоқда. Янги сунъий йўлдош тармоғи ҳам ушбу ҳамкорликнинг узвий бир қисми бўлиб, Хитойнинг минтақа устидан назоратини ва сиёсий таъсирини кучайтирувчи муҳим воситага айланиши шубҳасиздир.
Ҳарун Абдулҳақ




