Дин давлат қуролига айланганда

Дин давлат қуролига айланганда
Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармаси билан биргаликда йўл транспорт ҳодисалари сонини камайтириш ҳамда ҳайдовчиларнинг масъулиятини оширишга қаратилган профилактик тадбирлар ўтказмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида навбатдаги тадбирлар Норин ва Иссиқкўл вилоятларида ташкил этилди. Диний идора вакиллари ва йўл патруль хизмати ходимлари ҳайдовчилар билан суҳбатлашиб, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш муҳимлигини тушунтирдилар. Шунингдек, уларни тезлик меъёрларини бузмасликка, маст ҳолда машина бошқармасликка ва бошқа ҳайдовчиларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирдилар.
Президент Садир Жапаровнинг билдиришича, сўнгги ўн йил ичида Қирғизистонда 75 мингга яқин йўл транспорт ҳодисаси қайд этилган. Бунинг оқибатида 9 мингдан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмган, яна 13 мингдан зиёд фуқаро турли даражадаги тан жароҳатларини олган.
Бу каби ҳолатларда Диний идора ва Ички ишлар вазирлигининг қўшма акцияси шунчаки ижтимоий ташаббус эмас, балки давлатнинг диний соҳага нисбатан юритаётган сиёсатининг моҳиятини ҳам акс эттирувчи жараёнга айланмоқда. Шубҳасиз, Ислом инсон ҳаётини энг олий қадрият сифатида баҳолайди, шунингдек у Яратган олдидаги масъулият ҳиссини шакллантирувчи асосий омил ҳисобланади. Шу боис, агар Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси ўз мавқеидан йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишга чақириш йўлида фойдаланаётган экан, у ҳолда энг аввало, мусулмонларнинг асосий бурчларидан бири бўлган ҳаётнинг барча жабҳаларида шариат ҳукмларини жорий қилишга даъват этишдан бошлаши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бироқ бу алоҳида таҳлилни талаб қилувчи мавзудир. Зеро, Диний идоранинг фаолиятида Аллоҳнинг ҳукмларини етказишдан кўра, давлат сиёсатининг топшириқларини бажариш устуворлик қилмоқда. Биз эса эътиборни бошқа бир жиҳатга қаратмоқчимиз.
Сўнгги йилларда давлат диний соҳани назорат қилишни янада кучайтириб, диний фаолиятга қўйилаётган талабларни изчил равишда қатъийлаштириб бормоқда. Расмий изоҳларда бундай сиёсат мамлакатнинг дунёвий тузумини сақлаб қолиш ва Исломнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларга таъсирини чеклаш зарурати билан изоҳланмоқда. Бироқ айни пайтда давлат органларининг ўзлари ҳам мусулмон жамоатчилигига таъсир ўтказишнинг энг самарали воситаларидан бири сифатида диний таъсирга мурожаат қилмоқдалар. Бошқача айтганда, бир томондан давлат Исломнинг жамият ҳаётига кўрсатаётган таъсирини чеклашга уринса, иккинчи томондан шу таъсирдан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга уринмоқда.
Айнан шу ерда табиий бир савол туғилади: агар давлатнинг ўзи ташаббус кўрсатганда диний институтларнинг жамият ҳаётига аралашуви фойдали ва мақбул деб топилса, нега худди шундай фаолият диний ташкилотлар ёки фуқароларнинг ўз ташаббуси билан амалга оширилганда, «Исломнинг жамият ҳаётига аралашуви» хавф сифатида баҳоланади ва ҳатто баъзида иш ҳуқуқий таъқибларгача етиб боради? Бундай ёндашув дунёвийлик тамойили қўшма стандартлар асосида қўлларилаётганини кўрсатади. Чунки бу ҳолатда Исломнинг жамият ҳаётига кўрсатган таъсирига берилаётган баҳо унинг мазмуни ёки жамоат учун фойдалилигига қараб эмас, балки ташаббус кимдан чиқаётганига қараб белгиланмоқда.
Масаланинг яна бир муҳим тарафи бор. Давлат йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишни тарғиб этишда Исломдаги ахлоқий қадриятларга ва диний насиҳатларга таянар экан, амалда Исломнинг жамиятга таъсири ва унинг меъёрлари инсонларнинг хулқ-атворини шакллантиришда катта рол ўйнашини тан олмоқда. Бу эса жамиятда барқарор ҳуқуқий маданият ҳамда тартиб ўрнатиш учун фақатгина маъмурий чоралар, жарималар ва қонуний чекловларнинг ўзи етарли эмаслигидан далолат беради. Жамоат тартибини сақлаш учун инсонларнинг ички эътиқодига ва қадриятларига таянадиган мустаҳкам ахлоқий пойдевор ҳам зарурдир.
Бу ҳолат инсонларнинг хулқ-атворига тўғри йўналиш бера оладиган кучли мафкуравий таянч кераклигини очиқ кўрсатиб турибди. Миллатчиликка мойил бўлган давлат эса бу вазифани тўлақонли бажара олмайди. Юқоридаги ҳолат ҳатто йирик капиталистик давлатларда ҳам кузатилади. Ваҳолангки, миллатчилик ғояси ўз вазифасини бажаришга яроқсизлигини аллақачон исботлаган.
Шу билан бирга, мазкур ташаббус яна бир муҳим ҳақиқатни ойдинлаштирмоқда. Агар давлат ижтимоий муаммоларни ҳал этишда диний институтларнинг обрўси ва уларнинг жамиятга кўрсатган таъсирига таянишни зарур деб билса, демак, бу Исломнинг маънавий, ахлоқий қадриятлари инсонларнинг онги ва хулқ-атворини шакллантиришда беқиёс самарага эга эканини билвосита тан олиш ҳисобланади. Айнан шу сабабга кўра, инсон ҳаётини муқаддас санаш, Аллоҳ олдидаги масъулият, адолат, тартиб, камтарлик каби диний қадриятлар юксак тарбиявий кучга эга ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, жамиятдаги салбий ҳолатларнинг олдини олишда маънавий ва ахлоқий қадриятларга таяниш табиий ҳол ҳисобланади. Бироқ давлат сиёсати изчил бўлиши учун бундай қадриятларнинг самарасидан фақат баъзи ҳолатлардагина фойдаланиш кифоя қилмайди. Агар давлат уларнинг жамият ҳаётига ижобий таъсир кўрсата олишини тан олса, у ҳолда бу муносабат фақат сиёсий эҳтиёжларга эмас, балки барча учун бир хил ишлайдиган аниқ ва изчил тамойилларга асосланиши лозим.
Шундай экан, дунёвийликка ва вақтинчалик чораларга асосланган давлат сиёсатининг бундай сиёсий ҳийласи кўзланган натижани бера оладими? Ёки Ислом фақат шахсий ҳаёт учун эмас, балки жамият ва давлат учун ҳам мукаммал ҳаёт тизими эканини тан олиш вақти келмадими? Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:
أَفَتُؤْمِنُونَ بِبَعْضِ ٱلْكِتَـٰبِ وَتَكْفُرُونَ بِبَعْضٍۢ ۚ فَمَا جَزَآءُ مَن يَفْعَلُ ذَٰلِكَ مِنكُمْ إِلَّا خِزْىٌۭ فِى ٱلْحَيَوٰةِ ٱلدُّنْيَا ۖ وَيَوْمَ ٱلْقِيَـٰمَةِ يُرَدُّونَ إِلَىٰٓ أَشَدِّ ٱلْعَذَابِ ۗ وَمَا ٱللَّهُ بِغَـٰفِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ
«Ё китобнинг бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми? Ораларингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда расво бўлиш, қиёмат кунидан эса қаттиқ азобга дучор қилинадилар. Аллоҳ қилаётган ишларингдан ғофил эмасдир» (Бақара сураси, 85-оят).
Абду Шукур




