Мақолалар

Эмомали Раҳмоннинг иложсиз чақириғи: нефть ва сиёсат

Эмомали Раҳмоннинг иложсиз чақириғи: нефть ва сиёсат

Эмомали Раҳмоннинг Марказий Осиёда йирик нефтни қайта ишлаш заводини қуриш бўйича яқинда илгари сурган ташаббуси шунчаки инфратузилма лойиҳаси эмас. Бу минтақа энергетика тизимидаги чуқур қарамликни ва масаланинг нақадар нозик эканини кўрсатувчи мажбурий ташланган қадамдир.

Тожикистон учун бу муаммо ўзгача кескин тус олган. 2026 йилнинг биринчи ярмида мамлакат 600 минг тоннага яқин нефть маҳсулотларини импорт қилди. Бунинг 91,1 фоизи Россиядан келтирилди.

Бир қарашда бу масаланинг ечими жуда оддий кўринади: агар минтақада ёқилғи танқис бўлса, у ҳолда ўзининг нефтни қайта ишлаш заводини қуриш шарт. Бироқ айнан шу ерда иқтисодий масала тезда сиёсий масалага айланади.

Қирғизистон сингари Тожикистон учун ҳам масала фақат завод қуриш билан ҳал бўлиб қолмайди. Уни барқарор ишлатиш учун хомашёнинг узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш, транспорт йўлаклари ва муқобил йўналишларга чиқиш, қўшни давлатларнинг розилигини олиш, шунингдек, ишлаб чиқарилган ёқилғини сотиш учун барқарор бозорга эга бўлиш зарур.

Капиталистик муносабатлар ҳукмрон бўлган ерда ва ҳар бир давлат фақат ўз миллий манфаатларини кўзлайдиган шароитда бундай муаммоларни биргина мамлакат доирасида ҳал қилиш деярли мумкин эмас.

Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги фарқлар фақат давлат чегаралари билангина чекланган эмас. Уларнинг иқтисодий манфаатлари, ташқи сиёсий йўналишлари ва йирик қўшни давлатлар билан олиб бораётган муносабатлари ҳам бир-биридан кескин фарқ қилади.

Қозоғистон нефть захираларига бой бўлса, Ўзбекистон йирик ички бозорга ва ўз нефтини қайта ишлаш саноатига эга. Туркманистон эса йирик энергетика ресурсларига эга мамлакат сифатида ажралиб туради. Қирғизистон ва Тожикистон ёқилғи ҳамда энергетика ресурслар импортига анчагина қарам давлат ҳисобланади.

Бунинг натижасида бутун минтақанинг иқтисодий манфаатларига жавоб берадиган энг содда ва аниқ ечим ҳам ҳар бир мамлакат учун алоҳида сиёсий муаммога айланган.

Айнан шу сабабдан бундай лойиҳа маълум маънода геосиёсий манфаатлар гарови бўлиб қолмоқда. Бу ерда гап фақатгина Россия ҳақида кетаётгани йўқ.

Чунки ҳар қандай йирик энергетиканинг инфратузилма лойиҳаси Россия, Хитой, Эрон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа асосий ўйинчиларнинг манфаатларига тўғри келади ёки билвосита таъсир кўрсатади.

Бир мамлакат учун энергетика хавфсизлигини таъминлаш йўли бўлиб кўринган ечимни бошқа давлат минтақадаги таъсир мувозанатига таҳдид солувчи қадам сифатида ёки ўз корхоналарига янги рақобатчи сифатида қабул қилиши ҳеч гап эмас.

Масаланинг энг қизиқ томони шундаки, эҳтимол, Марказий Осиёга яна бир нефтни қайта ишлаш заводидан кўра кўпроқ умумий ечимларни қабул қилиб, уларни биргаликда амалга ошира оладиган механизм сув ва ҳаводек зарурдир. Бироқ ҳозирги сиёсий шароитда бундай имконият деярли йўқ.

Марказий Осиё босқинчилар томонидан бўлиб ташланишидан олдинги ҳолати каби яхлит бўлиб, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ягона сиёсий ҳамда маъмурий маконни ташкил этганида эди, бугунги энергетика муаммоси бутунлай бошқача нуқтаи назар асосида ҳал қилинган бўлар эди.

Бундай шароитда масала «ким ўз ҳудуди орқали нефть ўтказишга рухсат беради ва ишлаб чиқарилган ёқилғини ким сотиб олади?» деган савол атрофида эмас, аксинча, «минтақанинг бутун мусулмон аҳолисининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, умумий иқтисодиётни энергия ресурслари билан қандай қилиб энг самарали тарзда таъминлаш мумкин?» деган асосий савол атрофида айланган бўлар эди.

Демак, муаммонинг ечими фақатгина битта ташқи таъминотчига, мисол учун, Россияга бўлган қарамликдан қутулиш уринишида эмас. Асосий ечим – Марказий Осиё ўз ҳудудида ким билан ва қандай шартларда ҳамкорлик қилишни мустақил танлай оладиган сиёсий муҳитни яратиш лойиҳасидадир.

Мана шунда нефть, газ, электр энергияси, сув, транспорт ва савдо алоҳида миллий масалалар йиғиндиси эмас, балки ягона сиёсий ва иқтисодий стратегиянинг ўзаро боғлиқ бўлакларига айланади.

Шу боис бундай инқирозларнинг чинакам жавоби фақатгина техника жиҳатидан мураккаб янги корхоналар қуриш билан чекланиб қолмайди. Балки масала ягона сиёсий йўналиш ва умумий иқтисодий манфаатларга эга бўлган яхлит маконни шакллантириш билан ҳал бўлади.

Бироқ мафкуравий жиҳатдан миллатчилик асосида парчаланишдан воз кечилмас экан, бундай бирдамликка эришиб бўлмайди. Бунинг учун минтақадаги мусулмон халқлар капиталистик тузум туфайли келиб чиққан инқирозлар ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда Ислом мафкурасини тўлиқ қўлланма қилиб олишлари зарур.

Бундай маконда ҳокимиятнинг пойдевори эса шахсий манфаатлар ортидан қувган кимсаларнинг хоҳишларига қараб эмас, балки Аллоҳнинг кўрсатмаларига асосланган давлат сифатида шаклланади. Бу эса минтақадаги мусулмонларга Аллоҳ томонидан ато этилган неъматлардан биргаликда фойдаланиш, ўзаро қардошлик асосида яшаш ҳамда ягона ижтимоий-иқтисодий муҳитда фаолият юритиш учун улкан имконият дарвозаларини очиб беради.

Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

وَلَوْ أَنَّ أَهْلَ الْقُرَىٰ آمَنُوا وَاتَّقَوْا لَفَتَحْنَا عَلَيْهِم بَرَكَاتٍ مِّنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ

«Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) ахли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик…» (Аъроф сураси, 96-оят).

Абду Шукур

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button