Хабар ва изоҳ

Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилиши ташкилотдаги инқирозни бартараф эта оладими?

Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилиши ташкилотдаги инқирозни бартараф эта оладими?

6 август куни Чўлпон-Ата шаҳрида Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Белорусия ҳукумат раҳбари Александр Турчин, Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов, Россия ҳукумат раҳбари Михаил Мишустин ҳамда Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раҳбари Бакитжан Сагинтаев иштирокида Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда жами 15 дан ортиқ масала кўриб чиқилди.

Изоҳ:

Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) Россиянинг минтақадаги сиёсий ва иқтисодий ҳукмронлигини мустаҳкамлаш мақсадида тузилган ташкилотдир. Айниқса, Ғарб томонидан қўйилаётган санкциялар ва тўсиқлар кучайиб бораётган бир пайтда ташкилотнинг Россия учун аҳамияти янада ортиб бормоқда. Мазкур ташкилотнинг Россия манфаатлари йўлида хизмат қилувчи асосий жиҳати бу — божхона тўловларини тақсимлашдир. Божхона тўловларидан тушадиган даромадлар бевосита ЕОИИ орқали тақсимлангани сабабли, асосий улуш Россиянинг чўнтагида қолади. ЕОИИ доирасида қабул қилинган ҳар қандай қарор эса Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсирини кучайтиришга хизмат қилади.

Чунки ташкилотнинг қонун ва нормаларини Россия белгилайди. Масалан, ЕОИИ шартномасига кўра, барча аъзолар ўртасида товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучи алмашинуви эркинлиги, шунингдек, савдо, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва транспорт соҳаларида келишилган ҳолда сиёсат юритиш кафолатланган. Бироқ Қирғизистон каби давлатлардан экспорт қилинадиган товарлар доимо турли тўсиқларга дуч келмоқда. Шунингдек, шартномада кўрсатилган “иттифоқ доирасида ишчи кучининг эркин ҳаракатланиши ва меҳнат муҳожирларига бериладиган имтиёзлар” қоғозда қолиб кетди. Бу эса аъзо мамлакатлар ўртасидаги ишончсизликни кучайтирмоқда. Ҳатто Арманистоннинг Евроосиё Иттифоқидан узоқлашиб, Европа Иттифоқи сари интилаётгани ҳам ЕОИИнинг сиёсий салмоғини пасайтирмоқда. Чунки Путиннинг ЕОИИни тузишдан кўзлаган асосий мақсади —ташкилотга аъзо давлатларни Россияга маҳкам боғлаб олиш ва улардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишдир.

Бундан кўриниб турибдики, мустабид давлатлар ҳеч қачон ўз мустамлакалари билан тенг ҳуқуқли шартнома тузмайди. Бошқача айтганда, “шартнома” ниқоби остида улар устидан ҳукмронлик қилади. Уларнинг ягона мақсади — тобе мамлакатларнинг бойликларини талон-тарож қилиш, халқидан арзон ишчи кучи сифатида фойдаланиш ва моддий манфаат кўришдир.

Демак, Россия ЕОИИ орқали ўзининг ўтмай қолган товарларини сотиш учун янги бозор очди. Шу билан бирга, унга аъзо давлатларнинг Россияга нисбатан иқтисодий қарамлигини кучайтириб бормоқда. Чунки Россия ҳукумати ҳеч қачон Қирғизистон ёки ЕОИИдаги бошқа бирон давлатнинг тараққий этишини истамайди. Бизнинг амалдорлар эса бу ташкилотнинг ҳеч қандай фойдаси йўқлигини била туриб, ўз курсиларини сақлаб қолиш учунгина мамлакатимизни ташкилоти аъзо қилдилар. Бунинг жабрини эса халқимиз тортиб келмоқда.

Нурдин Асаналиев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button