Хабар ва изоҳ

Эрон “Макка иттифоқи”га қўшилишни таклиф қилди

Эрон “Макка иттифоқи”га қўшилишни таклиф қилди

Эрон “Макка иттифоқи”га «таъсисчи ҳамкор» сифатида қўшилиши мумкин. Бу ҳақда Эрон Давлат манфаатларини белгилаш кенгашининг бош котиби, генерал-майор Муҳсин Ризои шанба куни IRINN телеканалига берган интервьюсида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Эрон ва Миср бу каби иттифоқлардан четда қолмаслиги керак ҳамда иккала давлат ҳам битимнинг асосий тамойилларини шакллантиришда иштирок этиши зарур.

«Эрон ва Миср бундай иттифоқлардан четда қололмайди. Аксинча, улар у ерда имзоланган ҳужжатларнинг ғоявий асосини ташкил этувчи таъсисчилар сифатида ўрин эгаллашлари лозим», – деди Ризои.

Изоҳ:

Эслатиб ўтамиз, Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон 7 август куни Макка шаҳрида қўшма мудофаа битимига имзо чекишган эди. Ушбу битимнинг бош тамойили – уч давлатдан бирига қилинган ҳужум барча давлатларга қилинган ҳужум сифатида баҳоланишидир.

Айни пайтда мазкур уч давлатдан Саудия Арабистони Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган гуруҳларнинг ҳужумларига дуч келмоқда. Ўз навбатида, уч мамлакат ўртасидаги мудофаа битимларини кўздан кечирсак, иттифоқни бошқариш ва унинг молиявий харажатларини таъминлаш Саудия Арабистони зиммасига тушиши яққол кўринади. Демак, Саудия Арабистони ўз хавфсизлигини кафолатлаш учун Туркия ва Покистонга маблағ киритиш орқали “Эрон қаршилик кўрсатиш фронти”нинг реакцияларидан ўзини ҳимоя қилишни мақсад қилмоқда. Бунинг учун ҳатто Америкадан хавфсизликни сотиб олмоқда.

Шундай экан, Эрон бу уч давлатнинг хавфсизлик иттифоқи ортида Америка турганини жуда яхши билади ва Ҳурмуз бўғозини назорат қилиш АҚШ қўлига ўтмагунча, бу иттифоққа қўшила олмаслигини ҳам англаб турибди. Шу боис, Муҳсин Ризоининг баёноти мазкур иттифоқнинг асл қиёфасини фош этишга ҳамда ҳозирча амалга ошиши мумкин бўлмаган талабларни қўйиб, уларни ноқулай аҳволга солиб қўйишга қаратилган.

Бу иттифоқнинг тузилиши Исломий ўлкаларнинг бир қалкон остида бирлашишлари мумкинлигини очиқ кўрсатувчи воқеа бўлди. Бироқ улар уммат манфаатларини ҳимоя қилиш ўрнига Трампнинг манфаатларини устун қўймоқдалар. Аслини олганда, улар Аллоҳнинг китоби ва Расули ﷺнинг суннати билан бошқариладиган ягона халифалик соясида бир давлат бўлишлари керак эди. Аллоҳ Таоло очиқ оятларда Унинг арқонини маҳкам тутишни буюрган, парокандалик ва юртларни бўлаклаб ташлашдан қайтарган, кофирлар билан дўстлашиш ҳамда уларнинг манфаатлари йўлида хизмат қилишни қатъиян ман қилган, шунингдек, Ўзи нозил қилган ҳукмлардан бошқа нарса билан бошқаришни очиқ ҳаром қилган. Ана шундагина Аллоҳнинг нусрати ва мадади У Зотнинг изни ила муқаррар равишда келади.

وَيَوْمَئِذٍ يَفْرَحُ الْمُؤْمِنُونَ * بنَصْرِ اللَّهِ يَنْصُرُ مَنْ يَشَاءُ وَهُوَ الْعَزِيزُ الرَّحِيمُ

Ўша кунда мўминлар Аллоҳ (румликларни) ғолиб қилгани сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) Ўзи хохлаган кишини ғолиб қилур. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир”.

Акил Исаков

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button