Арман «кириш эшиги» сифатида

Арман «кириш эшиги» сифатида
Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг 6–7-август кунлари ЕОИИ мажлисида иштирок этиш учун Қирғизистонга қилган амалий сафари бир қарашда икки томонлама муносабатларнинг одатдаги ўзаро ривожланишидек таассурот уйғотиши мумкин. Бироқ бу ташрифни АҚШнинг TRIPP лойиҳасидаги иштироки, арман-озарбайжон муносабатларини тартибга солиш ҳамда Транскаспий транспорт йўлагини шакллантириш жараёнлари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда кўриб чиқилса, унинг ортида ниҳоятда кенг қамровли геосиёсий манзара яширин эканини кўриш мумкин.
Бу ерда табиий бир савол туғилади: Арманистон Россия, Эрон ва сўнгги пайтларда Хитойнинг таъсири жуда кучайиб бораётган минтақага АҚШнинг инфратузилмавий ва сиёсий ҳукмронлиги учун чинакам «кириш эшиги»га айлана оладими? Мазкур жумбоққа жиддий эътибор беришни талаб қиладиган қатор омиллар мавжуд бўлиб, улар орасида лойиҳанинг асл моҳияти ўзгараётгани алоҳида аҳамиятга эгадир.
АҚШнинг роли
Озарбайжон учун Зангезур коридори Арманистон ҳудуди орқали Нахичеван билан тўғридан-тўғри транспорт алоқасини таъминлайдиган муҳим йўл ҳисобланади. Бироқ Вашингтон учун TRIPP лойиҳаси оддийгина қатнов йўлини қуришдан кўра анча кенг ва салмоқли мазмун касб этади. У транспорт, энергетика, рақамли алоқа ва бошқа кўплаб соҳаларни қамраб олувчи яхлит инфратузилмавий тизим сифатида талқин қилинмоқда.
Бу жараёнда Америка томони лойиҳанинг иқтисодий тузилмасида салмоқли улушга эга бўлмоқда. Натижада, АҚШ капитал, бошқарув, илғор технологиялар ва логистика орқали минтақадаги ўз таъсирини сезиларли даражада кенгайтириш имкониятига эга бўлади. Айнан мана шу жиҳат мазкур лойиҳанинг стратегик аҳамиятини кескин ошириши мумкин.
Агар мазкур ташаббус Транскаспий транспорт йўлаги билан уйғунлашиб кетса, унинг қиймати фақатгина Арманистон ва Озарбайжон билан чекланиб қолмайди. Бундай ҳолатда Марказий Осиё — Каспий денгизи — Озарбайжон — Арманистон — Туркия — Европа йўналишидаги муҳим транспорт занжири шаклланиши мумкин. Демак, Арманистон бу йўлакнинг сўнгги нуқтаси эмас, балки янги евроосиёлик транспорт архитектурасининг муҳим бўғинларидан бирига айланиши мумкин.
Вашингтон учун Россия, Хитой ёки Эронни минтақадан буткул сиқиб чиқариш бош мақсад бўлиши шарт эмас. Унинг ўрнига минтақадаги транспорт, энергетика ва коммуникация тармоқларини назорат қилувчи қулай шароитларни яратиш анча самарали стратегия ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Арманистонда Америка таъсирининг кучайиши келажакда бир неча муҳим йўналишларни қамраб олиш эҳтимоли бор.
Бу кимга зарар?
Россия учун энг сезиларли оқибати — Жанубий Кавказнинг транспорт ва иқтисодий тизимидаги рус таъсирининг босқичма-босқич қисқариши бўлиши мумкин. Агар Арманистон муқобил йўналишлар, инвестициялар ва Ғарб билан мустаҳкам инфратузилмавий алоқаларга эга бўла бошласа, унинг рус каналларига қарамлиги кескин камаяди. Айни пайтда, Ереван ҳозирча ЕОИИдан чиққани йўқ. Бу эса Пашинянга бир вақтнинг ўзида бир неча майдондан фойдаланиш имконини бермоқда: у рус-евроосиёлик йўналишини иқтисодий ресурс сифатида ишлатса, европалик ҳамкорларни эса сиёсий ва инвестициявий таянч сифатида кўрмоқда. Демак, гап Россия билан алоқаларни узмоқчи эканида эмас, балки Арманистон учун Москванинг алмаштириб бўлмайдиган мақоми борган сари сусайиб бораётгани ҳақида кетмоқда.
Эрондаги вазият
Бу ерда Арманистоннинг аҳамияти биринчи навбатда унинг географик жойлашуви билан белгиланади. Арманистонда Американинг иқтисодий таъсири кучайиши айнан Эроннинг шимолий чегараларига яқин ҳудудда юз бермоқда. Агар Арманистон орқали барқарор «Шарқ–Ғарб» транзит йўлаги ишга тушса, Эрон ҳудуди орқали ўтувчи муқобил йўналишларнинг аҳамияти пасайиши мумкин. Шу боис мазкур масала Теҳрон учун нафақат иқтисодий, балки ўта жиддий стратегик аҳамиятга ҳам эгадир. Айни пайтда, Эрон Арманистон билан бевосита қуруқлик чегарасига эга давлат сифатида ўзининг Кавказга чиқишини таъминлайдиган муқобил йўллар сақланиб қолишидан манфаатдор. Шу сабабли Теҳрон Арманистоннинг тўлиқ Ғарб таъсиридаги плацдармга айланишини истамайди.
Бундай шароитда Эрондан бир томондан Арманистон билан дўстона муносабатларни сақлаб қолиш, бошқа томондан эса унинг инфратузилмаси Эронга қарши босим ўтказувчи воситасига айланиб кетишининг олдини олиш каби мураккаб дипломатик ёндашув талаб қилиниши мумкин.
Хитой билан боғлиқ вазият бундан ҳам мураккаброқдир
Пекин бир томондан АҚШнинг асосий рақобатчиси бўлса, бошқа томондан янги қурилаётган инфратузилманинг эҳтимолий фойдаланувчисидир. Агар хитой товарлари Марказий Осиё, Каспий денгизи ва Кавказ орқали Европага етказила бошланса, Хитой учун яна бир муқобил савдо йўли очилади. Бироқ бу ерда табиий равишда: «Инфратузилма кимнинг назоратида бўлади — юк эгасинингми ёки транзит йўлагини бошқарувчи томоннингми?» деган ўринли савол туғилади.
Айнан шу пайтда АҚШнинг аралашуви ҳал қилувчи стратегик аҳамият касб этиши мумкин. Вашингтон учун Хитой савдосига тўғридан-тўғри тўсиқ қўйиш шарт эмас, аксинча, савдо оқими ўтаётган асосий йўлаклардан бирига эгалик қилиш Америкага кўпроқ фойда келтиради. Шу боис АҚШнинг стратегиясини Хитойни тўлиқ блокада қилишга уриниш сифатида эмас, балки Евроосиёдаги савдо-транспорт тизимига сингиб кириб, унинг муҳим тугунларида ўз таълим ричагларини яратишга уриниш сифатида баҳолаш мантиқлироқдир.
Арманистон фақат АҚШнинг қуроли эмас
Ереваннинг ҳам ўз миллий манфаатлари мавжуд. Россиянинг хавфсизлик кафолатлари ва инфратузилмасига кўп йиллар давомида қарам бўлиб келган Арманистон ҳозирда имкон қадар кўпроқ муқобил ҳамкорларни жалб этишга интилмоқда.
Пашиняннинг мантиғи оддий: Арманистоннинг барқарорлигидан қанчалик кўп ташқи ўйинчилар манфаатдор бўлса, мамлакатнинг яна қайтадан битта куч марказига қарам бўлиб қолиш хавфи шунчалик камаяди. Шу боис Арманистон ўз ҳудудини Америка капитали, илғор технологиялари ва сиёсий таъсирининг Жанубий Кавказга кириб келиш майдончаларидан бирига айлантиришдан манфаатдор. Жанубий Кавказ орқали эса бу таъсир янада кенгроқ — Евроосиё транспорт тизимига ёйилиши мумкин.
Қирғизистоннинг манфаатлари
Агар масала ҳажми у қадар катта бўлмаган қирғиз-арман савдо айланмаси билангина чекланиб қолганида эди, транспорт алоқалари бу қадар катта стратегик аҳамият касб этмас эди. Бироқ Қирғизистон Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган, ЕОИИ аъзоси ва Хитой билан мустаҳкам иқтисодий алоқаларни сақлаб келмоқда. Бундан ташқари, унинг БМТ хавфсизлик кенгашига сайланиши мамлакатнинг дипломатик вазнини янада оширмоқда. Демак, Қирғизистон анча кенг геосиёсий майдонда ўз ўрнига эга.
Арманистон агар Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон билан алоқаларини кенгайтиришга интилса, у ҳолда бу ўзига хос икки томонлама ҳамкорлик доирасидан чиқиб кетган ташаббус бўлиши мумкин. Унинг ортида Кавказ — Каспий — Марказий Осиё йўналишини ягона транспорт ва иқтисодий маконга айлантиришга қаратилган глобал мақсадлар ётган эҳтимоли бор.
Бундан буён нималарга эътибор қаратиш керак?
Инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳақидаги сиёсатчиларнинг баёнотлари эҳтимолий ўзгаришларнинг асосий кўрсаткичи бўла олмайди. Агар яқин йилларда Арманистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида юк ташиш бўйича аниқ шартномалар тузилса, TRIPP лойиҳаси Транскаспий коридори билан интеграциялашиб, янги логистика тармоқлари пайдо бўлса, шунингдек, АҚШ Марказий Осиёнинг транспорт ва рақамли инфратузилмасида фаол иштирок эта бошласа, бундан ташқари Арманистоннинг Қозоғистон ва Ўзбекистон билан алоқалари мустаҳкамланса ҳамда Каспий ва Кавказ орқали юк ташишнинг янги йўналишлари очилса, у ҳолда АҚШнинг анча кенгроқ стратегияси шаклланиб бораётгани ҳақидаги версия жиддий асосга эга бўлади.
Бундай инфратузилмавий архитектура чиндан ҳам шаклланса, унинг ҳар бир иштирокчиси ўз манфаатига эга бўлади:
- Арманистон транзит давлат мақомини мустаҳкамлайди ва Россияга қарамлигини камайтириш имкониятига эга бўлади.
- Озарбайжон Нахичеван билан алоқаларини мустаҳкамлаб, Каспий денгизидаги марказий транспорт тугуни сифатидаги мавқеини кучайтиради.
- Туркия Кавказ ва Марказий Осиё билан алоқаларини кенгайтиради.
- Марказий Осиё давлатлари Европа бозорига чиқиш учун қўшимча транспорт йўналишига эга бўлади.
- Европа савдо учун яна бир муқобил йўналишга эга бўлади.
- Хитой ўз товарларини айирбошлаш учун яна бир янги эҳтимолий йўналишга эга бўлади.
- АҚШ эса ўзи учун стратегик жиҳатдан муҳим бўлган устунликка, яъни бир неча геосиёсий минтақаларни боғловчи улкан инфратузилмавий жараёнларга доимий таъсир ўтказиш ва аралашиш имкониятига эга бўлади. Айнан шу охирги ҳолат алоҳида эътиборга моликдир.
Хулоса
Шундай қилиб, “Арманистон Жанубий Кавказдаги ва Каспий минтақасидаги кучлар мувозанатини тубдан ўзгартириб юборадиган асосий марказлардан бирига айланиб бормоқда” деб тахмин қилиш мумкин. TRIPP лойиҳаси муваффақиятли амалга ошса, Арманистон чеккадаги бир давлат мақомидан муҳим инфратузилмавий тугунга айланиши мумкин. Бу тугун Транскаспий транспорт йўлаги ва Марказий Осиё билан бирлашса, Арманистоннинг геосиёсий қиймати янада ошади.
Бундай вазиятда гап фақатгина ўзига хос бир транспорт йўналиши сифатидаги «Зангезур коридори» ҳақида эмас, балки янги евроосиёлик транспорт архитектурасининг шаклланиши хусусида бормоқда. Бундай муҳитда АҚШ ўзининг стратегик таянч нуқталарини қуришга, Россия эса минтақадаги таъсирини сақлаб қолишга, Хитой ўз товарларининг узлуксиз ҳаракатини таъминлашга, Эрон стратегик қуршовдан қутулишга, Арманистон эса йирик давлатлар рақобатини ўз миллий манфаатлари йўлида эпчиллик билан ишлатишга ҳаракат қилади. Айнан шунинг учун ҳам бугун Пашиняннинг Қирғизистонга сафари ва у ердаги баёнотларига эмас, балки ушбу музокаралардан сўнг аниқ инфратузилмавий алоқалар тузила бошлашига эътибор қаратиш муҳимдир. Агар арман йўналиши чиндан ҳам Марказий Осиё билан амалда боғлана бошланса, у ҳолда Бишкекка қилинган бу ташриф оддий дипломатик учрашув эмас, балки Евроосиёдаги геосиёсий ва транспорт маконининг анча кенг миқёсда ўзгаришининг илк белгиларидан бири бўлиши мумкин.
Латифул Расих




