Янгиликлар

Австрия қизларга ҳижоб кийишни тақиқлаши кутилмоқда

Австрия қизларга ҳижоб кийишни тақиқлаши кутилмоқда

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Австрияда 14 ёшгача бўлган қизларнинг мактабларда ҳижоб кийишини тақиқловчи қонун кучга кириши кутилмоқда. Ушбу янги қоидалар давлат мактабларига ҳам, хусусий таълим муассасаларига ҳам бирдек тааллуқли бўлади. Бу чеклов мамлакат миқёсида тахминан 12 минг нафар ўқувчига таъсир қилиши кутилмоқда. Мазкур янги қонун жамоатчиликда қизғин баҳс-мунозараларни келтириб чиқариб, мактабларда юзага келиши мумкин бўлган можаролар бўйича хавотирларни янада кучайтирмоқда.

Агар ўқувчи қиз мактабга ҳижоб билан келса, энг аввало мактаб маъмурияти қизнинг ўзи ва унинг ота-онаси билан тушунтириш ишларини олиб бориши лозим бўлади. Аммо бу ҳолат давом этаверса, оилага 150 евродан 800 еврогоча жарима солиниши мумкин. Белгиланган жарима ўз вақтида тўланмаган тақдирда, икки ҳафтагача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам қўлланилиши эҳтимоли бор.

Бу каби ҳолатлар Австрия ҳукуматининг позициясидаги зиддиятларни яққол кўрсатиб турибди. Зеро, демократия ва эркинлик фақатгина болаларни ҳимоя қилишни эмас, балки инсоннинг шахсий танлови, диний эътиқоди ҳамда жамиятдаги турфа хилликни ҳам ҳурмат қилишни талаб қилади. Давлат маълум бир диний кийимни тақиқлаб, унга амал қилмаган оилаларга жарима солиши Ғарб томонидан бонг урилаётган эркинлик ва толерантлик қадриятларига қай даражада мос келади?!

Хуллас, янги тақиқ шунчаки мактаб формасига боғлиқ оддий масала эмас. Бундан кўзланган мақсад болаларни ёшлигидан дунёвий ҳаёт тарзига мослаштириб тарбиялашдир. Бу — Ғарб цивилизацияси ва Ислом олами ўртасидаги ғоявий тўқнашувда Ислом мавқеи нақадар устун эканлигини яққол кўрсатиб турибди. Чунки мусулмонлар Ғарб қадриятларини рад этиб, Исломни маҳкам ушлашни давом эттиришмоқда. Ғарб эса ўз мафкурасини уларга мажбуран сингдира олмади. Шу боисдан ҳам, Ғарб давлатлари сўз ва эътиқод эркинлиги, демократия ҳақида қанчалик баландпарвоз гаплар гапирмасин, ўз қадриятларига зид равишда диктаторлик усулларини қўллашга мажбур бўлмоқда.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button