Хабар ва изоҳ

Уммат Дорул-Исломга интизор

Уммат Дорул-Исломга интизор

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдоған 2026 йил 25 август куни Туркиянинг Аҳлат шаҳрида машҳур Малазгирт жангининг 955 йиллигига бағишланган тадбирда иштирок этди. Тадбирда нутқ сўзлаган Эрдоған қуйидагиларни таъкидлади:

«Аҳлат — шаҳидларнинг, бахт ва осойишталикка эришганларнинг, бошқача айтганда, саййидларнинг; Аллоҳнинг каломини олий қилиш йўлида курашганларнинг, яъни ғозийларнинг ватанидир… Рум диёрини Дорул-Исломга айлантирган, бу ерларни эзгулик, яхшилик ва адолат билан нақшлаб безаган куч-қудрат ва ирода ҳам айнан Аҳлатда юзага келган».

Изоҳ:

Малазгирт жанги Исломнинг Кичик Осиёга ёйилишида муҳим ўрин эгаллаган воқеалардан бири ҳисобланади. Бу жанг 1071 йил 26 августда Шарқий Анатолияда Рум (Византия) ва Салжуқийлар султонлиги ўртасида бўлиб ўтган. Рум императори Роман IV салжуқийларнинг кенгайишини тўхтатишни мақсад қилган эди. Бироқ султон Алп-Арслон Рум армиясини мағлуб этиб, Роман IVни асирга олди. Мазкур мағлубият Рум империяси инқирозининг дебочаси бўлди.

Бу воқеалар мусулмонларнинг аждодлари қандай улуғ мақсадлар йўлида курашганини, қандай фидойриликлар кўрсатганини, молу-жонини аямасдан, Аллоҳнинг каломини олий қилиш учун шаҳид бўлгунча жанг қилганини яққол кўрсатиб туради. Улар ҳеч нарсадан ҳайиқмай ўша даврдаги энг қудратли империялардан бирига қарши жангда чинакам жасорат кўрсатишди. Чунки уларнинг асосий мақсади — Исломни кенг ёйиш ва Аллоҳнинг розилигига эришиш эди.

Бироқ бугунги кунга келиб, мусулмонларнинг раҳбарлари ўз аждодларининг йўлидан юз ўгиришди. Улар Исломни дунёга ёйиш у ёқда турсин, ҳатто ўз ўлкаларида шариатни жорий этишни четга суриб, унинг ўрнига Ғарбнинг куфр тузумини татбиқ этиб келишмоқда. Улар тор миллатчиликка таяниб, ўз ҳукмронликларини мустаҳкамлаш билан банд. Бунинг натижасида элликдан ортиқ майда давлатчаларга бўлиниб кетишди.

Эрдоған ўз нутқида «Рум диёрини Дорул-Исломга айлантирди», деб айтди. Бу ўринда у атайлаб «Рум диёри» сўзини қўллади, холбуки, аслида «куфр диёри» ёки «Дорул-куфр» дейиши лозим эди. Чунки Рум империясининг ҳудуди куфр ери эди. Мусулмонлар эса Румни енгиб, бу заминларни — Эрдоған айтганидек — Дорул-Исломга (Ислом диёрларига) айлантирган эдилар. Бошқача айтганда, у ерларда куфр низомлари тўхтатилиб, шаръий аҳкомлар татбиқ этила бошланди. Шунинг учун, агар Эрдоған «куфр диёри» жумласини ишлатганида, унинг бугунги режими ҳам айнан шу таърифга тушиб қолган бўлар эди. Чунки унинг ҳукумати шариат билан эмас, балки Ғарбнинг куфр тизими билан ҳукм юритмоқда. Шу сабабли у бу ноқулай вазиятдан чиқиш учун «куфр диёри» эмас, балки «Рум диёри» иборасини танлади.

Ислом фиқҳига кўра, ўлкалар Дарул-Ислом ва Дарул-куфр сифатида иккига бўлинади. Аниқроғи, Ислом билан ҳукм юритиладиган ўлкалар ёки куфр билан ҳукм юритган ўлкаларга бўлинади. Шунинг учун бу ҳолат фақатгина Эрдоған режимигагина хос эмас. Бугунги кунда элликдан ортиқ майда давлатларга парчаланиб кетган барча Исломий ўлкаларнинг аҳволи ҳам худди шундай. Уларнинг барчаси дорул-куфр ҳисобланади. Чунки уларда шариат билан эмас, куфр тузуми билан ҳукм юритилмоқда.

Шундай экан, бугунги кунда Эрдоған ва бошқа мусулмон раҳбарлар аждодларининг жасоратларидан фойдаланиб, халқни манипуляция қилиш ва ўз ҳокимиятларини мустаҳкамлашга қанчалик уринишмасин, ҳақиқат кундек равшан ва ошкорлигича қолаверади. Эй Исломий ўлкалар раҳбарлари! Сизлар билан ўша улуғ аждодларимизнинг орасида осмон билан ерча фарқ бор. Сизлар Ғарбнинг куфр тизимини муқаддас билиб, шариатни четга суриб қўйдингиз; Фаластин каби ўлкаларда биродарларингиз қон йиғлаб ёрдам сўрашига қарамай, уларни ёрдамсиз ташлаб қўйдингиз; АҚШ бошчилигидаги Ғарбга тобе бўлиб, уларнинг хавфсизлигини таъминладингиз ва бойликларимизни уларга тортиқ қилдингиз; терроризм ва экстремизмни баҳона қилиб ўз Умматингизни тазйиқ остида олдингиз, ҳаққини талаб қилиб чиққанларни эса калтаклаб, зиндонларга тиқдингиз.

Уммат сизнинг кимлигингизни жуда яхши билиб турибди. Алп-Арслон, Салоҳиддин, Абдулҳамид, Муҳаммад Фотиҳ, Абу Бакр ва Умар каби чинакам Ислом йўбошилари чиқишига кўз тикиб турган бу Уммат уларнинг раҳбарлиги остида куфр диёрларини Ислом диёрларига айлантириб, адолат ва осойишталикни бутун дунёга ёйишга интизор бўлиб турибди.

Ҳорун Абдулҳақ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button