Жаннат боғлари

Келажакда мусулмонларнинг ана шундай халифаси бўлади

Келажакда мусулмонларнинг ана шундай халифаси бўлади

(Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу)

Дарҳақиқат хулафои рошидинлар тавозеълик, ўз халқининг ташвишлари билан бедор бўлиш, ҳаёт лаззатларидан юз ўгириш ва Исломни тўла-тўкис татбиқ этишга интилиш сифатлари билан ажралиб чиқдилар. Бу хислатлар уларни яхшилик ва ҳидоят тимсолига айлантирди. Улар ортларидан асрлар мобайнида ўчмас из қолдирдилар. Ана шундай халифалардан бири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эдилар. Ҳақиқатдан, Исломга ва унинг давлатига нусрат беришда Умарнинг тутган ўрни беқиёсдир.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: Умар Исломга кирмагунича биз Каъбанинг олдида намоз ўқий олмасдик. Умар Исломга киргандан бошлаб азиз бўла бошладик.

Суҳайб ибн Синонур-румий айтадилар: Умар Исломга киргач, Ислом зохир бўлди, унга очиқчасига даъват этилди. Байтуллоҳнинг олдида ҳалқа бўлиб ўтирдик, уни тавоф қилдик, бизларга қўполлик қилганлардан ҳаққимизни талаб қила бошладик, уларнинг қилмишларига яраша жавоб ҳам қайтара бошладик.

Умар розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ ﷺга яқин эдилар. Муҳим ишларда у зотдан маслаҳат сўрардилар ва ҳамиша у зот билан бирга эдилар. Росулуллоҳ ﷺ Умарнинг қизлари уммул-мўминин Ҳафса розияллоҳу анҳага уйланганлар. Абу Бакр ҳам Умардан кўп маслаҳат сўрардилар. Улуғ саҳобалар билан кенгашиб, уларнинг розилиги билан унга Халифаликни топширган эдилар. Ислом давлати Умарнинг даврида Форс ва Рум устидан ғолиб бўлди. Ҳижратнинг 23 санаси бомдод намозига имомликка ўтиб турган амирул-мўмининга мажусий Абу Луълуъ суиқасд қилган кунга қадар Ислом давлати юксалиб, кенгайиб бораверди. Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даври 10 йилу 6 ойга тўғри келди. Амонатини топширганлирида 63 ёшда эдилар.

Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик давридаги сийратлари:

Мусулмонлар Умар розияллоҳу анҳуга байъат қилишга ижмо қилишгач, Умар Росулуллоҳ ﷺнинг минбарларига қўтарилдилар ва: «Эй инсонлар, мен сизларга бошлиқ этиб тайинландим. Агар мен сизлар учун энг яхшиларингиздан бўлишимга, кучлироқ бўлишимга, ташвишларингизни кўпроқ елкамга олишимга умидим бўлмаганда эди, мен сизларга асло бошлиқ бўлмас эдим. Умарга ҳисоб-китоб кунини кутиш кифоядир. Агар бу ишга бирор кишининг мендан кўра кучлироқ эканини билганимда, бу ишни албатта унга топширардим. Бундай ҳолда мени ундай кишининг устидан волий бўлишимдан кўра ўлганим афзалдир. Албатта Аллоҳ Таоло сизларни мен билан, мени эса сизлар билан синади. Соҳибим Абу Бакрдан кейин мени сизларга қолдирди. Аллоҳга қасамки, сизларнинг бирор ишингиз менинг назаримдан четда қолмайди. Жумладан сизларга таъйинланган амирларим ҳам. Агар улар шуни чиройли олиб борсалар, мен ҳам уларга яхшилик қиламан, агар ёмон бўлсалар, уларни ошкора жазолайман», дедилар. Сўнг Аллоҳдан мадад сўраб илтижо қилдилар: «Аллоҳим, мен қўрсман мени ўзинг юмшат, заифман ўзинг қувватла, бахилман Ўзинг саҳийлардан қил». Усмон ва Али унинг байтулмолдан оладиган маоши ҳақида сўрашганда, шундай деди: «Менга иккита чопон етади, бири жазирама ёзга, бири қишга. Менинг ва аҳли оиламнинг нафақаси бой ҳам, фақир ҳам бўлмаган бир қурайшликники билан бир хил бўлади. Мен ўзимга Аллоҳнинг моли – байтулмолни етимнинг молидек тасаввур қиламан: Агар ҳожатим тушмаса, ундан олмайман. Агар муҳтож бўлиб қолсам, ундан яхшилик билан фойдаланаман.

Умар розияллоҳу анҳунинг ҳокимлик ҳақидаги хутбаси:

Умар розияллоҳу анҳу дедилар: «Ҳокимият ишига ўзида қуйидаги 4 хислатни мужассам қилган кишигина аралашишга ҳақли: заифлик бўлмаган мулойимлик, нафратдан келиб чиқмаган шиддаткорлик, бахилликдан олис бўлган тежамкорлик ва исрофга олиб бормайдиган саҳоват. Агар бу хислатлардан бирортаси топилмаса, қолган учтаси ҳам йўққа чиқади».

Инсонларга нисбатан тутган ўринлари:

Умар розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ ﷺ ва Абу Бакр розияллоҳу анҳуларнинг йўлларидан боришга интилдилар. Жундан тўқилган ямоқли тўн киярдилар. Елкаларида дарра олиб юриб, бозорларни айланиб юрардилар, кези келганда одамларни шу дарра билан одобга чақирардилар.

Умар розияллоҳу анҳу тунда айланиб юриб халқнинг аҳволи билан қизиқар эдилар, уларнинг ҳожатларини чиқарар, уларни тўғри йўлга бошлар, уларга таълим берар ва талабларини қондирар эди. У кишининг шиорлари: «Сен эй нафсим, қиёматда менинг гуноҳларимни бўйнинга оласан» эди.

Волийларга нисбатан тутган ўринлари:

Умар розияллоҳу анҳу амирликни сўрамаган, унга ҳаракат ҳам қилмаган, билъакс ундан қўрқиб қочадиган кишиларни волий этардилар. Агар бирортасини волий қилмоқчи бўлсалар, унга мактуб ёзар ва муҳожирлардан бир нечасини бунга гувоҳ қилардилар. Унга шарт қўярдилар: Волий олий даражадаги зотдор маркаб минмаслиги, таомнинг яхшисини емаслиги, юмшоқ ҳарир либос киймаслиги, ҳожатсиз эшигини ёпмаслиги лозим. Агар бу шартлардан бирортасини бажармаса, уни жазолар эдилар. Умар волийларга Аллоҳдан қўрқиш ва унга итоат этишни васият қилардилар. Абу Мусо Ашъарийга айтган эдилар: «Энг бахтли бошлиқ халқи бахтли бўлганидир, Аллоҳнинг олдида энг бадбахти эса, халқи бахтиқаро бўлганидир. Сен маишатга берилишдан ўзингни тийгин. Унда қўл остингдаги ходимларинг ҳам маишатпараст бўлиб кетадилар. Бундай ҳолда сен Аллоҳнинг наздида ҳайвонга ўхшаб қоласан. Ҳайвонки, қараса ҳамма ёқ кўкариб гуллаб ётибди, у семираман, деб ея бошлайди. Албатта унинг ҳалокати семиришида эди. Ассаламу алайка».

Умар инсонларга айтардилар: «Мен сизларнинг устингизга ҳокимларни одамларингизни уришлари, номусларингизни тўкишлари ёки молларингизни тортиб олишлари учун эмас, балки сизларга Роббингизнинг китобини ва пайғамбарининг суннатини ўргатишлари учун ҳоким қилганман. Кимнинг ҳокими бирор зулм қилса, албатта буни менга етказсин, мен албатта унинг қасосини олиб бераман».

Умар розияллоҳу анҳу аскар амирларига мактуб йўллаб, жумладан шундай дердилар: «Мусулмонларга зарба берманг, унда сиз уларни йўлдан тойдирасиз. Уларни маҳрум қилманг, унда сиз уларни ношукрликка мажбурлайсиз. Улар устидан жиноят қилманг, унда уларни фитналайсиз. Улардан ғазабланманг, уларни йўқотиб қўясиз».

Умар розияллоҳу анҳу ҳаж мавсумида волийларни, ҳокимларни йиғиб олиб, уларни муҳосаба қилиб, айтардиларки, «Менинг қайси бир волийим, ҳокимим бирортасига зулм қилса, ҳозир уни менга етказсин. У қандай зулм қилса, мен ҳам унга худди шундай зулм қиламан».

Умар розияллоҳу анҳу волийларнинг қандайлигини ва инсонлар улардан қай даражада розиликларини доимий равишда сўраб турар ва уларни халқнинг олдида муҳосаба қилардилар.

Умар розияллоҳу анҳу Муҳаммад ибн Муслимани Кўфанинг волийси Саъд ибн Абу Ваққоснинг эшигини ёқиб юборишга буюрди. Чунки у эшигини одамлардан беркитиб олган эди. У киши волийларини аҳдига содиқ туришга буюрардилар.

Умар розияллоҳу анҳу «Буни қаердан олдинг» деган услубни қўллашда қаттиқ турардилар.

У киши волийлардан волийлик қилиб турган даврда топган мол-мулкларини олиб қўярдилар. Баҳрайн волийси Абу Ҳурайрага ҳам шундай қилган эдилар. Фарзандларини ўпиб-эркаламайдиган волийдан волийликни тортиб олардилар. Чунки ўз фарзандларига раҳм қилмаган инсон бошқаларга нисбатан ҳам раҳмсиз бўлади. Ўзининг қаттиққўллигини ҳам мулойимлик ва раҳмдиллик сифатларига қориштирар ва: «Бу ишга (яъни етакчилик) зўравонлик қилмайдиган шиддатга ва заифликдан йироқ бўлган ҳалимликка эга бўлган одам салоҳиятли бўлади», дердилар.

Умматнинг молини муҳофаза қилиши ва уни инсонларга тақсимлаши:

Аммо Умматнинг мулки борасида олиб борган сиёсатлари ақлларни лол қолдиради. Агар садақа туяларидан бирор бўталоқ Дажла дарёси соҳилида йўқолиб қолса, Аллоҳнинг олдида жавоб беришдан қўрқарди. Ёзнинг жазирама кунида туяни топиб, ўз ўрнига қўйиб қўйишга аҳд қилардилар. Ҳатто бу ҳақда Али розияллоҳу анҳу айтган эдилар: «Ҳақиқатдан сиз эй Умар, ортингиздан келадиган халифаларни қийин аҳволга солдингиз».

Умар мусулмонларнинг мулкларини ўзи қўриқлар эдилар. Фуқаро ва мискинлар – агар улар Исломга биринчи кирган мусулмонлардан бўлсалар – уларга алоҳида ҳурмат кўрсатардилар. Мусулмонлар орасида бирор оч-ялонғоч ёки муҳтож қолмагунча молларни инфоқ қилишга шошардилар.

Умар розияллоҳу анҳу ижтимоий тенглик келажагини ҳам режалаштирардилар. Айтардиларки, «агар имконияти бўлганда бойларнинг молини ортиқчаларини олиб, муҳожир фуқароларга тақсимлаб берар эдим». У киши исломий жамиятда яшайдиган зиммийларнинг фуқароларига ҳам қарилик нафақаларини таъминлашга амр этганлар.

Умар розияллоҳу анҳу зироатчилик ва иқтисодни ривожлантириш учун ўлик ерларни тирилтиришга буюрардилар. «Ким ўлик ерни тирилтирса, ўша ер уникидир» дер эди.

Умар розияллоҳу анҳунинг ўзига белгилаган нафақаси:

Умар Умматнинг мулкида Аллоҳдан қўрқар эдилар. Ўзини ва аҳлини қаттиқ тияр, кифоя қиладиган нарсага рози бўлар эдилар. Агар молга муҳтож бўлиб қолсалар байтулмолдан қарз олмас эдилар.

Мусаввир ибн Муҳрима айтадилар: Биз тақвони доим Умардан ўрганар эдик. Аллоҳ мусулмонларга шаҳарларни фатҳ этиб, уларнинг бойликлари Умарнинг қўл остига келиб тушгач, қизлари Ҳафса оталаридан ўзига ҳам сал кенгроқ бўлишни талаб қилдилар. Қизларига Росулуллоҳ ﷺнинг ҳаётларини эслатди ҳатто уммул-мўминин йиғлаб юбордилар.

Умар дунёдан юз ўгирдилар. Қодир бўла туриб, унинг лаззатларидан нафсини тийдилар.

Аҳлига қилган нафақалари:

Умар розияллоҳу анҳу ўғиллари Осимни уйлантиргач, байтулмолдан бирор нарса олмаслик учун тижорат билан шуғулланишга буюрдилар. Аҳлларига айтардилар: «Сизларнинг бирортангиз мен қайтарган нарсани қилса, унинг азобини икки баробар қилиб бераман. Ўғиллари Абдуллоҳ яйловда асраб юрган туясини сотганидан хабар топгач, унга ҳожатига етадиган маблағни бериб, қолганини байтулмолга топширтирган эдилар. Абу Мусо Ашъарий Умарнинг аёллари Отика бинти Зайдга гилам ҳадя қилганларида, бунга бизнинг эҳтиёжимиз йўқ, деб уни ўзига қайтариб берган эдилар.

Таом ва либослари:

Умар розияллоҳу анҳу жон сақлашга етадиган таом билан кифояланар эдилар. Ўзини ҳам, аҳлини ҳам ҳаёт лаззатларидан, яхши таомлардан тияр эдилар. У киши хутба ўқиб турганларида Салмон нега иккита тўн кийиб олдингиз, деб Умарга эътироз билдирди. Шунда Умар ўғиллари Абдуллоҳни чақириб иккинчи тўн қаерданлиги ҳақида сўради. Шунда Абдуллоҳ «Уни отамга мен бердим, дедилар. Шундан сўнг буюринг эй амирул-мўминин, эшитамиз ва итоат қиламиз деди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд айтади: «Умарни кўп эсланг, чунки уни эслаганда, ёдингизга адолат келади».

Қурғоқчилик йили:

Умар розияллоҳу анҳу қурғоқчилик йилида Аллоҳга бундай дуо қиларди: «Эй Аллоҳ, Сен бизларни ташналик билан азобламагин. Бизлардан балони кўтаргин». У Амр ибн Ос, Шом волийси Муовия ибн Абу Суфён, Ироқ волийси Саъд ибн Абу Ваққослардан ёрдам сўрадилар. Шунда улардан мадад келиб, инсонлар таскин топдилар, хатар бартараф бўлди.

Умар розияллоҳу анҳу ходимларининг инсонларга таом тарқатиб беришлари билан кифояланмай, ўзлари таомларни елкалаб олиб, ҳожатмандларга улашиб юрардилар. У киши қурғоқчилик йилида умуман гўшт ейишни ўзларига ман қилган эдилар. Ҳатто зайтунни тановул қилаверганидан қоринлари ғулдирар эди.

Умарнинг фатҳлари:

Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида куйидаги шаҳар ва диёрлар фатҳ этилди:

Шомдан Ярмук, Басра, Рамас, Урдун, Байсон, Жобия, Табария, Фаластин, Ромла, Асқалон, Ғазо, Савохил, Қуддус, Баълбакка, Химс, Қинасирин (Сурия), Халаб (Сурия), Антокия, Жазира, Хирон, Рихо, Риққо, Насибайн, Раъсуайн, Сумайсот, Айн (Абу Даби), Ридда, Баср диёри, Робиъа диёри, Мусул шаҳри (Ироқ), Арманистон, Миср, Искандария, Ғарбий Таробилис (Ливия), Барқа (Ливия), Ироқ ва Форс томондан Қодисия, Хайрат, Вахри Сир (Ливан), Сабоб, Хамадон (Яман), Рой (Эрон) Қавлис, Хуросон, Истахор (Эрон), Исфахон (Эрон), Сус, Марв, Нишопур (Эрон), Журжон (Эрон) Озарбайжон ва бошқа шаҳарлар. Умарнинг аскарлари Нил дарёсини бир неча бор кесиб ўтдилар. Унинг чавондозлари Афғонистон ва Ўрта Осиё тоғларида шаҳид бўлишди.

Ҳижрий тарих:

умар саҳобаларга мусулмонлар учун тарихий санани бошлаш ҳақида маслаҳат солдилар. Росулуллоҳ ﷺнинг Мадинага ҳижрат қилишларини сананинг боши, муҳаррам ойини йилнинг боши, деб санашга иттифоқ қилинди. Бу воқеа ҳижратнинг 16 йилида бўлган эди.

Фатҳ этилган ерларнинг ҳукми:

Умар розияллоҳу анҳу саҳобалардан фатҳ этилган ерлар мужоҳидларга бўлиб берилиши ёки бундай ерлардан хирож олиниб, ўз эгаларига қолдириши ҳақида маслаҳат сўрадилар. Фатҳ этилган ерлардан хирож олиниб, ерлар ўз эгаларига қолдирилиши ҳақида бир қарорга келинди ва бу энг тўғри қарор эди.

Девонларни тузиш:

Фатҳ қилинган юртлар кўпайиб, Исломий Давлат сарҳадлари кенгайгач, мол-мулк кўпайиб, атрофдан маблағлар оқиб келиб, маблағлар байтулмолга сиғмай қолди. Шундан сўнг Умар розияллоҳу анҳу маслаҳат мажлисида одамларни тутган ўринларига қараб ёзиб чиқишга буюрдилар. Буни Росулуллоҳ ﷺнинг қариндошлари Ҳошимийлар авлодидан бошлашди. Умар розияллоҳу анҳу одамларга тақсим  қилган мол тўғрисида бундай дер эдилар: Менинг одамлардан фарқим йўқ. Аммо бизнинг Аллоҳнинг Китобига нисбатан тутган ўрнимиз ва Росулуллоҳ ﷺнинг бир бўлаги бўлганимиз эътиборга олинади. Бас, бир одам Исломда синовга учраганлигига, Исломга аввалроқ кирганига, Исломда бой бўлганига, муҳтожлигига қараб белгиланади. Аллоҳга қасамки, мол ортиб қолса, ундан Санъо тоғидаги чўпонга ҳам – чўпонни жойидан қимирлатмаган ҳолда – ўз насибаси тегади.

мусофирхона:

Умар розияллоҳу анҳу Макка билан Мадина ўртасида мусофир ва йўловчиларга нон, толқон, хурмо ва майиз каби озуқалар билан ёрдам кўрсатадиган бир уй қуришга буюрдилар. Шунингдек одамларни сув ва эҳтиёжлари билан таъминлаш учун йўллар қуришга буюрдилар.

Чақалоқнинг маоши:

Умар розияллоҳу анҳу кўкракдан чиққан гўдаклар учун нафақа белгиладилар. Бир куни Умарнинг қулоғига бир гўдакнинг онаси боласини вақтидан илгари кўкракдан чиқармоқчи эканлиги етгач, «Афсус эй Умар, мусулмонларнинг қанча гўдаклари нобуд бўлдийкин, деб шундан кейин нафақани Исломда туғилганки болага белгиладилар. Шу билан болани кўкракдан эрта чиқаришга ундовчи омил қолмади.

Аскарлар тўрт ойдан ортиқ ушлаб турилмасин:

Умар розияллоҳу анҳу одатларига кўра тунда Мадина кўчаларини айланиб чиқар эканлар, бир аёлнинг фироқ ўтида қовурилиб қилаётган ноласини эшитиб қолдилар. Умар келиб, Ҳафса розияллоҳу анҳадан аёл киши эрсиз қанчага чидай олади, деб сўрадилар. Ҳафса розияллоҳу анҳа тўрт ой, деб жавоб бердилар. Шундан кейин Умар аскарларни тўрт ойдан ортиқ ушлаб турмаслик тўғрисида фармон бердилар.

Уйланмаган ва чавандоз йигитларни ғазотга жўнатардилар:

Умар розияллоҳу анҳу жиҳодларга уйлангандан кўра уйланмаган йигитларни, ғайратли чавандозларни юборардилар. Ўзлари ғозийлар орасида юриб, сафларини бузадиган нарсалардан қайтарар эдилар.

Бирор киши душман яқинида жазоланмасин:

Душманларга яқин жойларда ҳадларни ижро қилиш баъзи имони заиф кишиларнинг қалбларига қутқу солиш учун шайтонга кенг йўл очиб беради. Натижада улар кофир томонга қочиб кетишлари мумкин. Шунинг учун Умар аскар етакчиларидан душманга яқин жойларда дарралаш ҳадини ижро қилмасликларини талаб қилдилар.

Яҳудларни бадарға қилиш:

Росулуллоҳ ﷺ Хайбарни фатҳ қилгач, унинг аҳлини ўз хоҳишига қўйиб, Хайбар хурмозорларидан олинадиган ҳосилнинг ярми мусулмонларга тегишига қарор қилган эдилар. Умарнинг даврига келиб, Хайбар яҳудийи ансорлардан бирига, кейин Абдуллоҳ ибн Омирга тажовуз қилади. Шунда Умар Росулуллоҳ ﷺнинг «Араб жазирасида икки дин жам бўлмайди», деган сўзларини ижро этиб, уларни бадарға қилишга амр қилдилар.

Мадинага балоғатга етган асир киритилмайди:

Умарнинг бундан мақсади Мадинани худосизлик хатари ва Исломга адоват қилувчиларнинг ёмонлигидан сақлаш эди. Бироқ Куфа волийси Муғира ибн Шўъба Умарга қўлидан жуда кўп ишлар келадиган бир ғулом ҳақида ёзганида, Умар унинг Мадинага киришига изн берган эдилар. Юқорида айтганимиздек, Умарнинг бундай эҳтиёткорликдан мақсади Мадина даъватнинг мустаҳкам қўрғони бўлиб қолиши эди.

Масжиди набавийни кенгайтириш:

Умарнинг даврига келиб, мусулмонлар анча кўпайиб кетгач, у киши Росулуллоҳ ﷺнинг масжидларини кенгайтиришга қарор қилдилар. Аббос ибн Абдулмуттолиб ва уммул мўмининларнинг ҳужраларидан бошқа масжиднинг атрофидаги барча ховлиларни сотиб олдилар. Умар Аббосдан ховлисини  сотишини сўрадилар. Аббос унамади. У сўзида маҳкам туриб олгач, икковлари Убай Ибн Каъбга ораларини очиқ қилиб қўйиши учун бордилар. Росулуллоҳ ﷺнинг босқинчиликдан қайтарувчи ҳадисларига кўра, иш Аббоснинг фойдасига ҳал бўлди. Умар бу ҳукмга рози бўлдилар. Мана шу вақтда Аббос ховлисини чин дилдан эҳсон қилиб, масжидга бериб юборди.

Инсонларни таровиҳ намозига жамлаш ва масжидни ёритиш: 

Умар розияллоҳу анҳу инсонларни таровиҳ намозига жамладилар ва масжидни қандиллар билан юритиб юбордилар. Шунда Али ибн Абу Толиб дедилар:

Эй Аллоҳ, масжидларимизни ёритиб берган Умарнинг қабрини ҳам ёрит, нурга тўлдир».

Аҳли собиқларни яқин тутдилар:

Умар Исломга биринчилардан бўлиб кирган ва бу йўлда ҳар хил синовларга учраган мусулмонларни ўзларига яқин тутар эди. Бир куни унинг эшиги олдига Қурайш шайхлари келишди. Улар орасида Суҳайл ибн Амр, Абу Суфён ибн Ҳарб ва бошқалар бор эди. Умар биринчи Суҳайб, Билол ва Аммор каби аҳли Бадрни таклиф қилди. Шунда Абу Суфён «Бугунгидек кунни ҳеч кўрмаган эдим, анави қулларга изн беради, бизга эса қиё боқмайди, деди. Умар: «Аллоҳга қасамки, мен сизларнинг юзингиздаги ғазаб ва норозилик аломатини кўриб турибман. Агар ғазаблансангиз, ўзингиздан ғазабланинг. Чунки улар ҳам, сизлар ҳам бирдек даъват этилдингиз. Улар динга шошиб киришди, сизлар эса имиллаб кирдингиз», дедилар.

Умарнинг биринчи бўлиб қилган ишлари:

Умар розияллоҳу анҳу замондан илгари юрардилар. У биринчи бўлиб Қуръонни мусҳафга жойладилар. Биринчи бўлиб ҳижрий санани жорий қилдилар. Инсонларни битта имом ортидан таровиҳ намозига жамладилар. Биринчи бўлиб инсонларни тўрт такбир билан жаноза ўқишга жамладилар. Биринчи бўлиб тунда қоровуллик қилиб юрдилар, ҳақорат қилган одамга жазо белгиладилар. Биринчи бўлиб, ароқ ичганга саксон дарра урдилар. Биринчи бўлиб Мисрдан кемада Мадинага озиқ-овқат келтирдилар. Биринчи бўлиб даромадидан садақа қиладиган ерни вақф ери, дедилар. Биринчи бўлиб даррани қўлладилар. Биринчи бўлиб шаҳар қурган ҳам Умар бўлдилар. Биринчи бўлиб унумдор ерларни ва тоғ ерларни ўлчади. Биринчи бўлиб қозиларни сўроққа тутдилар. Биринчи бўлиб Росулуллоҳ ﷺнинг масжидларига тош ётқиздилар.

Тавозе ва Аллоҳдан қўрқишлари:

Узукларига «Воиз истасанг, ўлим етар. Эй Умар», деб нақшланган эди. Умар розияллоҳу анҳу тунда Мадинанинг ҳолидан хабар олгани чиқдилар. Бир ансорийнинг ховлиси ёнидан ўтаётса, ансорий қоим туриб намоз ўқирди. Умар аста унинг қироатини тинглай бошлади.

إِنَّ عَذَابَ رَبِّكَ لَوَاقِعٌ ﴿٧﴾ مَّا لَهُ مِن دَافِعٍ

– „ Парвардигорингизнинг азоби шак-шубҳасиз воқеҳ бўлгувчидир! Унинг учун бирон дафҳ қилгувчи — тўсиқ йўқдир“. [52:7-8]

Шу ерга етганда Умар «Каъбанинг Роббисига қасамки, бу ҳақ», дедилар. Сўнг эшагидан тушдиларда, деворга суяниб узоқ туриб қолдилар. Кейин манзилига қайтдилар. Шундан сўнг Умар бир ой касал бўлиб ётиб қолдилар. Инсонлар уни кўргани келиб, қандай касал эканлигини англай олмасдилар.

Бир куни минбарга чиқиб, инсонларга хутба қилдилар. Бу пайтда у киши амирул мўминин эдилар. Аскарлари Кисро ва Рум салтанатини вайрон қилаётган эдилар. Минбарда туриб: «Эй инсонлар, мен тушимда хурмо ёки майиз эвазига Бани Маҳзумлик тоғаларимни қўйларини боқиб юрганимни кўрдим, дедилар. Умар минбардан тушганларида инсонлар ҳайратдан донг қотдилар. Абдураҳмон ибн Авф келиб, эй амирал мўминин, бу билан нима демоқчисиз, деди. Шунда Умар жавоб бердилар: Эй ибн Авф, ёлғиз қолдим. Шунда нафсим «сен амирул мўмининсан, сен билан Аллоҳнинг ўртасида ҳеч ким йўқ, бас, сендан афзал одам борми», деди. Шунда нафсимга қадрини билдириб қўяй дедим».

Кўпинча Мадина кўчаларида йўлиққан ёш болаларнинг қўлларидан ушлаб олиб, кўзлари тўла ёш билан «Эй болам, менинг ҳаққимга дуо қилгин, сен гуноҳдан холисан, сенинг дуоинг мустажоб», дердилар.

Кўпинча Абу Мусо Ашъарийни чақириб олиб, таъсирли ва ширин овоз билан Қуръон оятларидан тиловат қилиб беришни сўрардилар. «Бизларга Роббимизни эслатинг, эй Абу Мусо», дердилар. Абу Мусо тиловат қилар, Умар эса йиғлар эди.

Агар тунда ухласам, нафсимни ўлдираман. Кундузи  ухласам, халқимнинг ҳаққини зое қиламан, дердилар.

Умар Шомдан Мадинага қайтгач, халқининг аҳволидан хабар олиш учун одамлардан ажралиб қолдилар. Чодирда бир кампир ўтирарди. Умар унинг олдига бориб:

  • Умар нима иш қилаяпти, деб сўради.
  • Умар соғ-саломат қайтиб келди, дедилар.
  • Аллоҳ унинг ажрини бермасин.
  • Нега?
  • У мўминларга амир бўлгандан буён менга на бир дирҳам ва на бир динор тегди.
  • Умар сизнинг аҳволингизни билмаса керак-да.
  • Субҳаналлоҳ! Инсонларга волий бўлган одам мағрибда нима гап, машриқда нима гап эканлигидан бехабар қолади, деб ўйламаган эканман.

Шунда Умар йиғлаб дедилар:

  • Эй она, Умар ҳақидаги бу шикоятни қанчага сотасиз? Менга унга раҳмим келади. Қиёматда қандай жавоб беради?
  • Эй болам, устимдан кулма.
  • Мен кулаётганим йўқ.

Охири Умар кампирни кўндирдилар. Шикоятни 25 динорга сотиб олдилар. Улар шундай тортишиб турганларида Али ибн абу Толиб билан ибн Масъуд келиб, амирул мўмининга салом бердилар. Шунда кампир қўлларини бошига қўйиб олиб:

  • Вой шарманда, ҳали мен амирул мўмининнинг ўзини олдида ҳақорат қилдимми, деди. Умар:
  • Ҳечқиси йўқ, Аллоҳ сизга раҳм қилсин, дедилар.

Умар бир парча қоғоз олдириб, унга қуйидагини ёздилар: «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бу Умар ибн Хаттоб халифа бўлганидан бошлаб то фалон, фалон кунгача бу аёлга қилган зулми ҳақидаги шикоятни ундан 25 динорга сотиб олганлиги ҳақидаги номадир. Энди бу кампир маҳшарда Умарга даъво қилмайди. Умар бундан покланди. Бунга Али ибн Абу Толиб ва Абдураҳмон ибн Масъуд гувоҳдир». Сўнг Умар мактубни ўғлига олиб бориб, «Агар ўлсам, буни кафанимга қўшиб кўм, Парвардигоримга олиб кетаман», дедилар.

Умар касал бўлиб қолганларида унга асални даво дейилди. Байтулмолда озроқ асал бор эди. Минбарга чиқиб: «Агар рухсат берсанглар, асалдан олай, рухсат бермасанглар, уни олиш менга ҳаром», дедилар. Мусулмонлар унга рухсат бердилар.

Ўлим тўшагида:

Ўлим  яқинлашаётганда  ўғли  Абдуллоҳга  деди:   «Эй  Абдуллоҳ,

бошимни болишдан олиб, тупроққа қўй. Кошки Аллоҳ менга қараб, раҳм қилса».

Умарга  хоинларча  ортидан  ханжар  урилганда табиб унга сут ичирди. Сут жароҳатланган жойдан чиқиб кетди. Шунда Умар ўзи ҳам йиғлади, атрофидагиларни ҳам йиғлатди: «Агар менга ер юзидаги барча нарсалар инъом этилганда, Қудратли, Олий Зотдан қўрққанимдан ҳаммасини қурбон қилиб юборар эдим», дедилар. «Сиз фақат шунга йиғлаяпсизми», деб сўрашди. «Бундан бошқа нарса мени йиғлатгани йўқ, дедилар. Шунда Ибн Аббос: «Эй амирул мўминин, Аллоҳга қасамки, сизнинг Исломга киришингиз катта нусрат бўлди, сизнинг имомлигингиз фатҳларга бой бўлди, қасамки. Сизнинг амирлигингиз ер юзини адолатга тўлдирди. Икки киши хусуматлашиб қолса, албатта, улар сизнинг гапингизга кирадилар», деди. Шунда Умар мени ўтирғизинглар, деди. Ўтириб олгач, Ибн Аббосга гапларингни менга қайтар, деди. Ибн Аббос гапларини такрорлагач, мен учун шундай қилиб Аллоҳнинг ҳузурида ҳам гувоҳлик берасанми, дедилар. Ибн Аббос ҳа, деб жавоб берди.

Умар яралангач, инсонлар у билан видолашгани келганларида уларга мен Росулуллоҳ ﷺ билан дўст бўлдим. У зот мендан рози бўлдилар. Сўнг Абу Бакрга дўст бўлдим. Уни эшитиб, итаот қилдим. Сўнг Абу Бакр вафот этдилар. Мен эшитувчи ва итоат этувчи бўлиб қолдим. Мен фақат мана шу амирлик ишингиздан қўрқаман».

Халифа сайлаш ва шўро асҳоблари:

Умар кимни халифа қилиб сайлаш масаласини Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Зубайр ибн Аввом, Толҳа ибн Убайдуллоҳ, Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос ўртасига ташлади. Абдуллоҳ ибн Умар ҳам шўрога ҳозир бўлардию аммо ҳеч нарсага бош бўлмас эди.

Оталарини Росулуллоҳ ﷺнинг қабрлари ёнига қўйишларини Оиша онамиздан сўрадилар.

Аллоҳ Таоло амирул мўмининдан рози бўлсин. Бутун олам пайғамбарлардан кейин унинг ўхшашини асло кўрмаган мана шундай покиза сийратни қайталовчи халифани келишини Росули акрам ﷺ башорат қилганлар. Бугунги кунда умматнинг интизорлик билан кутиб турган мана шу башорат рўёбга чиқсин. Бу башоратнинг рўёбга чиқиши қандай бахтли кишига насиб этаркин. У нафақат умматнинг балки бутун оламнинг бахт-саодати бўлажакдир, инша аллоҳ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button