САҲОБАЛАР ҲАВАС ҚИЛГАН ЗУЛ-БИЖОДАЙН

САҲОБАЛАР ҲАВАС ҚИЛГАН ЗУЛ-БИЖОДАЙН
Райён Исо (Ироқ)
У қабрга қўйилган илк сониялардаёқ Сарвари Коинот Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«اللهم إني أصبحت راضياً عنه فارضَ عنه»
«Аллоҳим! Мен ундан рози бўлдим, Сен ҳам ундан рози бўлгин!» деган бутун борлиқни ларзага солувчи муборак дуоларига сазовор бўлди.
Ислом тарихида «Зул-Бижодайн» (Икки парча дағал мато соҳиби) номи билан шуҳрат қозонган улуғ саҳобий — Абдуллоҳ ибн Абд Наҳм Музаний розияллоҳу анҳудир. У зотнинг бутун ҳаёти Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурли суҳбатларига муштоқликда ўтди, муборак остоналаридан бир лаҳза бўлсин айрилмади. Абдуллоҳ муҳожирларнинг энг фақир ва зоҳидлари паноҳ топган «Аҳли Суффа» мадрасасининг энг пешқадам ва забардаст вакилларидан эди.
У зот Қуръонга фидо бўлган жон эди; тиловатга киришганда мунгли ва баланд овози масжид деворларини титратар, бутун борлиғи билан илоҳий зикрга шўнғир эди. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни: «У ҳақиқий «Аввоҳ12»дир!», дея юксак таърифладилар. Муборак қалби ҳамиша шаҳидлик соғинчи билан ёниб-куярди. Ва ниҳоят, Набий алайҳиссалом билан бирга чиққан Табук ғазотида орзу қилган манзилига етиб, Роббиси ҳузурига риҳлат қилди.
Абдуллоҳ ислом тарихида Ҳақ йўлидаги метиндек собитқадамлиги, Аллоҳ учун дунё матоҳларидан бутунлай воз кечиши ҳамда дафн этилаётган лаҳзада Сарвари Коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан кўрсатилган мисли кўрилмаган эҳтиром ва юксак мавқеи билан машҳурдир.
Унинг жоҳилиятдаги исми Абдул-Уззо бўлиб, Расулуллоҳ صلى الله عليه وسلم уни «Абдуллоҳ» деб қайта номладилар. Музайна қабиласига мансуб бўлган бу йигит амакисининг паноҳида етимликда улғайди. Амакиси унга бор меҳрини бериб, тўкин-сочинлик ва карам билан парваришлади. Бироқ қалбида ҳақиқат офтоби порлагач, амакисининг меҳри шафқатсиз қаҳрга айланди:
«Агар Муҳаммадга эргашадиган бўлсанг, сенга берган бор-будимни қайтариб оламан!» — деб важоҳат билан таҳдид қилди. Абдуллоҳнинг жавоби эса қиличдек кескин бўлди: «Мен мусулмонман ва имонимдан асло қайтмайман!» Ғазаби тошган амакиси унинг ҳатто эгнидаги либосигача тортиб олиб, яланғоч ҳолда кўчага ҳайдади. Аммо имон ҳаловати Абдуллоҳ учун дунёнинг ўткинчи матоҳларидан минг чандон устун эди. У муштипар онасининг ҳузурига яланғоч ва ғариб ҳолатда келди. Онаизор ўғлининг бу аҳволини кўриб, юрак-бағри эзилди ва уйдаги ягона мато — ўзининг ўта дағал ва қалин жун бижодини иккига бўлиб берди. Абдуллоҳ баданга ёғочдек ботадиган ва қавартириб ташлайдиган бу дағал жун матонинг ярмини лунги қилиб белига ўради, иккинчи ярмини эса елкасини ёпиб, ташлади-ю, Мадина сари йўл олди. Илк бомдод намозини эса Сарвари Коинот صلى الله عليه وسلم билан бирга адо этди.
Сарвари Коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан сўнг келувчиларни муборак назарлари билан кўздан кечирар эканлар, эгнидаги дағал матоси билан ажралиб турган ғариб йигитга кўзлари тушди ва: «Сен кимсан?» — деб сўрадилар. Йигит: «Мен Абдул-Уззоман», дея оҳиста жавоб берди. Набий алайҳиссалом марҳамат қилдилар: «Йўқ! Сен бугундан бошлаб «Зул-Бижодайн» (Икки парча дағал мато соҳиби) бўлган Абдуллоҳсан! Менинг ёнимдан асло айрилма!».
Шу кундан эътиборан у пайғамбар хонадонининг энг содиқ хизматчисига ва Аллоҳни кўп зикр этувчи зоҳидга айланди. Унинг масжид деворларини титратган баланд овоздаги мунгли зикрларини эшитган ҳазрати Умар: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу киши риёкорлик қилмаяптими?» — деб сўраганида, Набий алайҳиссалом: «Уни ўз ҳолига қўй, эй Умар! Чунки у чин қалбдан тазарру қилиб оҳ урувчи — «Аввоҳ»дир», дея унинг беғубор ихлосини тасдиқладилар.
Абдуллоҳ Зул-Бижодайн розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг содиқ ва фидойи ҳамроҳи сифатида ҳаёт кечирди. У бутун умрини Қуръон тиловатининг ҳаловати ва Аллоҳга тинимсиз тазарру қилиш билан ўтказган фазилатли зот эди. У зотнинг бу дунёдан кетиши ва вафоти ҳам ҳар қандай тирик инсон ҳавас қиладиган даражада нурафшон бўлди.
Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўша тарихий ва муаззам кечани шундай хотирлайди: «Гўё ҳозир ҳам кўз олдимда тургандек: Табук ғазотининг тунларидан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ Зул-Бижодайн учун қазилган лаҳаднинг ичига тушиб олган эдилар. Ҳазрати Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо майитни эҳтиром билан қабрга туширишар, Сарвари Коинот صلى الله عليه وسلم эса муборак қўлларини чўзиб: «Биродарингизни менга яқинроқ узатинглар!» — дея мурожаат қилардилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам майитни қибла томонидан муборак қўллари билан қабул қилиб олдилар ва ўзлари лаҳадга жойладилар. Дафн ишлари якунига етгач, Сарвари Коинот алайҳиссалом қиблага юзланиб, муборак қўлларини баланд кўтардилар ва бутун борлиқни ларзага солувчи ушбу дуони қилдилар: «Аллоҳим! Мен ундан рози бўлган ҳолда кеч қорайтирдим, Сен ҳам ундан рози бўлгин!».
Бу мисли кўрилмаган манзарани кузатиб турган улуғ саҳобаларнинг юраклари ҳавасга тўлди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу кўзида ёш билан: «Аллоҳга қасамки, мен ундан ўн беш йил аввал имон келтирган бўлсам-да, ўша лаҳад эгасининг ўрнида бўлишни жуда-жуда истардим!» — дея нидо қилдилар. Ҳатто Сиддиқи Акбар — Абу Бакр розияллоҳу анҳудек зот ҳам: «Қани эди, ушбу қабрга қўйилган банда мен бўлсам эди», дея орзу билан термулиб қолгандилар.
Тарихчи Муҳаммад ибн Исҳоқ ва бошқа муқтадир муҳаддис имомлар иттифоқига кўра, бу буюк воқеа Табук ғазотида юз берган. Биргина имон шарафи учун дунёнинг бор лаззатидан воз кечиб, баданини жундан бўлган эски ва дағал «икки парча шолча»га ўраган ошиқнинг оқибати мана шундай саодатли якун топди.
Эй Аллоҳим! Ўз беқиёс раҳматинг ила бизлардан ҳам рози бўлгин! Бизларни Икки олам сарвари ва у зотнинг нурли йўлдошлари бўлган саҳобаи киромлар билан бирга маҳшаргоҳда жамлагин! Уларнинг барчасидан Ўзинг рози бўл! Омин!

