Абу Суфённинг қизи мўминлар онаси Ромла «Умму ҳабиба» розияллоҳу анҳа

Абу Суфённинг қизи мўминлар онаси Ромла «Умму ҳабиба» розияллоҳу анҳа
Абу Суфён ибн Ҳарб қурайшликлардан бири менинг салтанатимга қарши чиқади ёки бирор муҳим ишда менга мухолиф бўлади, деган ўйни ҳаёлига ҳам келтирмаганди. Чунки у ўзини маккаликлар бошлиқ сифатида итоат қилишиб, чин кўнгилдан ихлос қўйишган шахс, деб ўйларди. Аммо таҳаллуси «Умму Ҳабиба» бўлмиш қизи Ромла эса, унинг бу ўйини чиппакка сиқарди. Бу иш шундай бошланди. Ромла отасининг олиҳасига куфр келтирди ва эри Абдуллоҳ ибн Жаҳш билан бирга ҳеч қандай шериксиз бўлган ёлғиз Аллоҳга имон келтириб, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ﷺнинг росуллигини тасдиқ этди. Абу Суфён ўзининг ва ота-боболарининг динига қизи билан куёвини қайта олиб киришга ўзининг барча куч ва имконияти билан ҳаракат қилди, аммо уддасидан чиқолмади. Чунки имон Ромланинг қалб тубидан шундай мустаҳкам жой олган эдики, Ромладан уни на Абу Суфённинг босимлари, на қаҳр-ғазаби суғура олмас эди. Қизининг Исломга кирганлиги сабабли бўлган ғам-ғусса Абу Суфённи қаддини букиб қўйди. У қизини ўз измига бўйсундириб олишдан, Муҳаммад ﷺга эргашишига чек қўйишдан ожизлик қилгач, қурайшликлар кўзига қандай қарашни билмай қолди.
Қурайшликлар ҳам Абу Суфённинг қизи билан куёвидан қаттиқ дарғазаблигини кўришгач, Ромла ва унинг эрига тазйиқ ўтказишди. Улар қурайшликлар қўллаган жабр-зулмнинг қаттиқлигидан ҳатто Маккага ҳам сиғмай қолдилар.
Росулуллоҳ ﷺ мусулмонларга Ҳабашистонга ҳижрат қилишларига изн бергач, Ромла қизчаси Ҳабиба ва эри ҳамроҳлигида Аллоҳ учун динлари билан ҳижрат қилаётган, имонлари билан Нажошийдан ҳимоя сўраётган муҳожирларнинг олдинги сафида бўлди. Аммо Абу Суфён ва унинг қурайшлик зодагонларига бир нафар мусулмонлар уларнинг қўлларидан қочиб, Ҳабашистонда роҳат ва ором таъмини тотишлари оғир ботди. Шу боис, Нажошийга элчилар жўнатишди. Бу элчилари Нажошийни мусулмонларга қарши гиж-гижлашиб, уларни ушлаб Қурайшга топширишини талаб қилишди. Кейин, Нажошийга мусулмонлар Масиҳ ва онаси Марям тўғрисида гўё ёмон гап айтаётганларини айтишди. Шунда Нажоший муҳожирлар бошлиқларига элчи жўнатиб, динларининг асл ҳақиқати ҳақида ва Исо ва онаси Марям ҳақида нима дейишлари ҳақида сўради. Пайғамбарлари Муҳаммад ﷺга нозил бўлган Қуръондан унга ўқиб беришларини талаб қилди. Муҳожирлар Нажошийга Ислом дини ҳақиқатини етказишиб, Қуръони Карим оятларидан тиловат қилиб беришган эди, у йиғлаб юборди… кўз ёшларидан соқоллари нам бўлди…Кейин Нажоший муҳожирларга бундай деди: Ҳеч шубҳа йўқки, Пайғамбарингиз Муҳаммадга нозил бўлган нарса билан Исо ибн Марямга нозил бўлган нарса иккаласи ҳам битта меҳробдан чиқмоқда… Кейин Нажоший ҳеч шериксиз бўлмиш ёлғиз Аллоҳга имон келтирганини, Муҳаммад мустафо ﷺнинг пайғамбарликларини тасдиқ этганини очиқ эълон қилди… Яна у атрофидаги патриархлар Исломга киришмай, насроний динида қолишларига қарамасдан, унинг тупроғига ҳижрат қилган мусулмонларни ўз ҳимоясига олишини ҳам эълон қилди.
Шундан сўнг, Умму Ҳабиба қора кунлари тугаб, осмони мусаффо кунлар келганини, йўл азобларига тўла сафари уни омонлик водийсига келтириб қўйганини ҳис қилди. Чунки у тақдир ҳали унинг бошига не кунларни солишини билмасди… Дарҳақиқат, ҳикмати буюк бўлмиш Аллоҳ уни оқилу доноларнинг ҳам ақлини оздириб қўядиган, заковат соҳибларининг ҳам фаҳмини тебратиб юборадиган шундай бир оғир имтиҳон билан синамоқни ва оқибатда, бу имтиҳондан у музаффар ҳолда чиқиб, муваффақият тахтида роҳатланиб ўтиришини ирода қилди…
Бир куни кечқурун Умму Ҳабиба жойига келиб ётди ва туш кўрди. Тушида эри Абдуллоҳ ибн Жаҳш жуда ёмон аҳволда эмиш. У устма-уст тўлқин ва унинг устида қора булут қоплаб олган денгизда адашиб юрганмиш… Умму Ҳабиба қўрқувдан чўчиб уйғониб кетди… Аммо кўрган тушини эрига ёки бировга айтиб бериш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади… Бироқ, кўрган туши рўёбга чиқди. Яъни, ўша машъум тундан бир кун ўтмаёқ, Абдуллоҳ ибн Жаҳш Исломдан муртад бўлиб, насроний динига кирди… Кейин у нажосатларнинг онаси бўлмиш майга ружу қўйди ва еб ичиб бўкадиган майхўрларнинг қовоқхонасидан бери келмай қолди… Эри Умму Ҳабибага иккаласи ҳам аччиқ-аламли бўлган икки йўлдан бирини танлашини айтди: ё сени талоқ қиламан, ё насроний бўласан…
Умму Ҳабиба ўзини уч иш орасида қолганлигини ҳис қилди: Ё насронийликни қабул қиласан, деб туриб олган эрининг чақириғини қабул қилиб, Исломдан муртад бўлиб – Аллоҳ сақласин – яна дунё шармандалигига ва охират азобига қайтиши керак. Бу ишни у танасидаги гўштлари суягигача темир тароқ билан таралса ҳам, асло қабул қилмас эди… Ёки отасининг ҳануз ширк қалъаси бўлиб турган уйига қайтиб, танлаган Исломида мағлуб ва мақҳур бўлиб яшаши керак… Ёхуд шу ерда, Ҳабашистон ерида қолиб, оиласиз, ватанисиз, ёрдамчисиз бир ўзи ёлғиз-ёвуқ яшашаши керак… Умму Ҳабиба розиаллоҳу анҳо аввалги иккисини ҳам тарк қилиб, ўз ҳолида қолишни афзал кўрди ва то Аллоҳ Ўз даргоҳидан ёруғ кунларни бергунига қадар Ҳабашистонда қолишга қарор қилди.
Умму Ҳабиба узоқ вақт интизор бўлмади. насронийликни қабул қилганидан кейин озгина бирга яшаган эридан иддаси тугаши биланоқ, унга ёруғ кунлар келди… Ҳеч кутмаган пайтида, бахт қуши ўзининг яшил зумрадли қанотларини қоқиб унинг маҳзун бошпанаси узра қўнди… Кумуш жилвали, нурафшон чеҳрали бир субҳидамда эшиги тақиллади. Очса, остонада Ҳабашистон подшоҳи бўлмиш Нажошийнинг чўриси «Абраҳа» турибди. У одоб ва ҳуш чеҳра билан саломлашиб, ичкарига киришга изн сўради. Ичкарига киргач деди: Албатта, подшоҳ сизга салом йўллаб, дедики, Аллоҳнинг Росули Муҳаммад сизни ўз никоҳига сўраяпти экан… Яна подшоҳ сизга бир мактуб жўнатдиким, унда ўрталарингиздаги никоҳ битимида подшоҳ Росулуллоҳнинг вакили бўлиши битилмишдир. Сиз ҳам хоҳлаган кишингизни ўзингизга вакил қилармишсиз… Умму Ҳабиба шодликдан қушдек парвоз қилди… Чўри қизга – хушхабаринг учун Аллоҳ сенга яхшилик ато қилсин, хушхабаринг учун Аллоҳ сенга яхшилик ато қилсин, дея ҳайқирар, шоша-пиша устидаги зийнату тақинчоқларини ечиб, Абраҳага бера бошлади… Аввал, билагузугини ечиб берди, кейин дарҳол, оёғидаги халхоласини ечиб берди… Зум утмай, узуги ва сирғасини ечиб, уларни ҳам чўри қизга тутқазди… Шу чоғда ҳатто дунёнинг ҳамма зеб-зийнатлари уники бўлса ҳам, чўрига суюнчи қилиб бериб юбориши аниқ эди… Шундан сўнг унга – мен ўзимга Холид ибн Саид ибн ал-Осни вакил қиламан, у мен учун энг яқин инсон, деди.
Ҳабашистондаги гуллаб яшнаган боғларининг бири бўлмиш сердарахт қир адирида ястаниб савлат тўкиб турган, фараҳбахш нақшлар билан жило берилган, гўзал мис чироқлар билан нурафшон этилган, зарбоп гиламлару чиройли анжомлар билан жиҳозланган Нажошийнинг кенг ва ҳашаматли саройида ҳабашлар юртида муқимлик қилмиш саҳобаларнинг улуғлари тўпландилар. Уларнинг бошлиқлари Жаъфар ибн Абу Толиб, Холид ибн Саид ибн ал-Ос, Абдуллоҳ ибн Ҳузофа ас-Саҳмий ва бошқалар бўлиб, уларнинг бари Абу Суфён қизи Умму Ҳабибани Росулуллоҳ ﷺга никоҳланишининг шоҳиди бўлиш учун келгандилар. Ҳамма келиб бўлгач, Нажоший мажлисга раислик қилиб, шундай хутба ўқиди:
Қуддус, Мўмин ва Жаббор бўлмиш Аллоҳга ҳам айтаман. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг Росулилигига ҳамда Исо ибн Марям ҳам у ҳақда башорат берганлигига гувоҳлик бераман.
Аммо баъд, Албатта, Росулуллоҳ r мендан уни Абу Суфён қизи Умму Ҳабибага никоҳлашимни сўраган эдилар, мен қабул қилдим ва Аллоҳу Росулининг суннатига биноан, Росулуллоҳ ﷺ тарафидан Умму Ҳабибага тўрт юз олтин динор маҳр бераман… Нажоший шундай деб, Холид ибн Саид ибн ал-Оснинг олдига динорларни тўкди.
Шунда Холид ўрнидан турди ва бундай деди: Аллоҳга ҳамд бўлсин. Унга ҳамд айтурман, Ундан мадад сўрарман, Унга истиғфор айтиб, Унга тавба қилурман. Гувоҳлик берурманки, Муҳаммад Аллоҳнинг Росули ва бандасидур. Аллоҳ ул зотни ҳарчанд кофирлар кариҳ кўрсаларда, барча динлар узра ғолиб этмоқ учун, ҳидоят ва ҳақ дин ила жўнатмишдур.
Аммо баъд, батаҳқиқ, мен Росулуллоҳ r сўраган талабига розиман ва мени вакил қилмиш Умму Ҳабиба бинти Абу Суфённи Росулуллоҳга завжа қилдим. Аллоҳ Ўз Росулига ушбу завжасидан барака ато этсин ва Умму Ҳабибага ҳам Аллоҳ тақдир қилган бу яхшилик муборак бўлсин… У шундан кейин маҳрни олиб, уни Умму Ҳабибага элтиб беришга ошиқди. Уни кўришиб саҳобалар ҳам кетишга ҳозирландилар. Шунда уларга қараб Нажоший – ўтиринглар, ахир, пайғамбарларнинг суннати бўйича, улар уйлансалар таом тановул қилганларку, деди-да, уларга таом буюрди. Тўпланганлар таом ейишгач, тарқалдилар.
Умму Ҳабиба шундай ҳикоя қилади: Менга маҳр моли етиб келгач, ундан эллик мисқол олтинни ажратиб, менга хушхабар келтирган Абраҳага бердим ва – менга хушхабар келтирган чоғингда менда маблағ йўқ эди, сенга берганимни бердим холос, дедим… Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, хузуримга Абраҳа яна келди ва унга берган олтинларимни қайтариб берар экан, орасидан унга берган тақинчоқларимни ҳам чиқариб берди ва – Подшоҳ менга сиздан ҳеч нарса олмасимни тайин этди, аёлларига эса, ўзларидаги бари атир-упаларни сизга келтириб беришларини амр қилди, деди. Кейин чўри қиз эртасига менга варс (заъфарон тайёрланадиган сариқ гиёҳ), гул ва анбар келтириб берди ва сизда бир илтимосим бор, деди. Нима илтимос? дедим. Чўри қиз деди: Дарҳақиқат, мен Исломни қабул этдим ва Муҳаммад ﷺнинг динига эргашдим. Бас, энди мендан набийга салом йўлланг, мен Аллоҳ ва Росулига имон келтирганимни ул зотга билдириб қўйишни унутманг. У шундай дея мени сеп-сидирға ила безади.
Кейин мени Росулуллоҳ r га узатдилар. Ул зот билан учрашганимда никоҳ ҳақидаги ушбу воқеани, Абраҳага қилган ишларимни айтиб бердим ва у йўллаган саломини етказдим. Росулуллоҳ ﷺ унинг саломидан ҳушнуд бўлдилар ва алайҳассаламу ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу, дедилар.
Булар Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло Исломда мўминлар онасига берган яхшиликларнинг бир қисмидир. Мўминлар онасининг дастурхони Аллоҳнинг булардан бошқа яхшиликлари билан ҳам тўлиб тошгандирки, шояд, бундан мусулмонларнинг аёллари таълим олишиб, бошқаларга гўзал намуна бўлсалар.

