Хабар ва изоҳ

Энг катта жиноятлар ва гуноҳлар: Капиталистик капитал бозорлари!

Энг катта жиноятлар ва гуноҳлар: Капиталистик капитал бозорлари!

Туркия президентининг ўринбосари Жевдет Йилмаз шундай деди: «Капитал бозорларига сармоя киритиш ҳеч қандай жиноят ҳам, гуноҳ ҳам эмас. Шунингдек, одамларда бу бозорларга сармоя тикиш ёмон иш деган фикрни уйғотиш мамлакатимизнинг тараққиёт жараёнига нисбатан ўта нотўғри ёндашув ҳисобланади». («Ҳуррият» газетаси, 03.11.2026).

Изоҳ:

Капитал бозорлари (фонд биржаси) — бу жиноят ва гуноҳнинг айнан ўзгинаси, ҳатто энг улкан жиноятлар ҳамда гуноҳлардан биридир! Бир неча кундан буён Туркия кун тартибини эгаллаб турган инвестиция фондларидаги фирибгарлик можароси орқали одамларнинг мол-мулкини талон-торож қилишни жиноят ва гуноҳ деб билмасак, унда нимани жиноят ва гуноҳ деймиз?! Улар — бу даврнинг ўғри ва қароқчиларидир!

Халқ иқтисодий инқироз оғирликларидан азият чекаётган бир пайтда, бугунги замон ўғрилари бор-йўғи 16 кундан ошмаган қисқа муддат ичида 401 миллиард турк лирасини, ҳатто айрим ҳисоб-китобларга кўра, триллионлаб лираларни ўзлаштириб, чўнтакларига урган ёки хавфсиз ҳисобрақамларга кўчириб ўтказишган. Бу жиноят ва гуноҳ эмасми?! Агар бу жиноят бўлмаса, у ҳолда нега шу вақтгача 121 киши ҳибсга олинди?!

Адолат ва тараққиёт партиясининг ўғрилари содир этган бу талон-торожнинг зарарлари қашшоқлик ва кам маошлар қаршисида қолган халқнинг елкасига юкланмадими?! Бу парламентда шошилинч равишда қабул қилинган инвестиция фондларига оид қонуний ўзгаришлар ҳамда давлат хазинасидан миллиардлаб лира миқдорида ажратилган тўловлар орқали амалга оширилди.

Инвестиция фондларидаги ушбу фирибгарлик можароси Исломни ниқоб қилиб ҳокимият тепасига келган Адолат ва тараққиёт партияси аъзолари аслида Ислом манфаатларини мутлақо ўйламасликларини, аксинча, бойлик тўплашнинг оддийгина воситаси сифатида Исломдан фойдаланиб келишганини фош қилди! Бу жиноятга қўл урган ўғриларнинг, шунингдек, ҳалол-ҳаромни писанд қилмай, пулдан пул топиш илинжида ҳаром бўлган фонд биржасига ўз маблағларини тиккан кишиларнинг Адолат ва тараққиёт партияси аъзолари экани бунинг яққол далили эмасми?!

Инвестиция фондларидаги мазкур можаро Адолат ва тараққиёт партияси вакилларида ҳалол ва ҳаром ўлчови умуман йўқлигини, уларнинг ягона ўлчови бойлик орттириш ва шахсий манфаатларини рўёбга чиқаришдан иборат эканини кўрсатди. Айнан шунинг учун ҳам улар ўғрилик, маблағларни ўзлаштириш ва талон-торож каби ҳар қандай разилликлардан тап тортмайдилар!

Ўша ўғрилардан 121 нафарининг қамоққа олиниши, шунингдек, мазкур талон-торожнинг асосий маркази ҳисобланган Капитал бозорлари кенгаши (SPK) ҳамда Истанбул фонд биржаси масъул ходимларининг лавозимидан озод этилиши халқнинг кўзига чўп суқиш ва уларнинг ғазабини бостиришга қаратилган навбатдаги ҳийладан бошқа нарса эмас! Чунки бундан аввалги барча ишларда бўлгани каби, бу масала ҳам жамоатчилик эътибор марказидан тушиши билан улар ҳам шовқин-суронсиз, аста-секин озод қилиб юборилади.

Фонд биржасини дунёга келтирувчи онаси ҳисобланган капиталистик тузумнинг чириганлиги, бузуқлиги, маънавий тубанлиги ва бу ерда санаб адоғига етиб бўлмайдиган сон-саноқсиз ифлосликлари билан бирга, барча айблари фош бўлиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Шундай бўлишига қарамай, уни қўллашда давом этаётган малай ва тобе ҳукмдорлар билан қўшиб, тубсиз жарликка улоқтирилмас экан, бу тузум ҳар хил номлар ва шакллар остида янгидан-янги ўғриларни етиштиравераверади! Чунки булар капитализм ботқоғидаги пашшаларнинг бир кўриниши холос, ботқоқда эса буларга ўхшаганлар жуда кўп!

Бу ҳаром инвестиция фондларининг можароси Исломдаги иқтисод низоми нега акциядорлик жамиятлари тузилмаларини ботил деб ҳисоблашини, нима учун мол-мулкни амалда тўлиқ қўлга киритмасдан туриб сотишни ҳаром қилганини, нега сохта қимматбаҳо қоғозлар билан савдо қилишни ман қилганини ва нега судхўрлик қатъиян тақиқланганини яққол кўрсатиб қўйди… Ҳақиқий мол-мулк, ҳақиқий савдо ва шаръий ширкат шартномаси бўлмаган капитал бозорлари — бу аслида катта бойликка эга бўлган спекулянтлар экран ортида ўтирган майда инвесторларни ютиб юборадиган уюшган қиморхонадан ўзга нарса эмас!

Инфляция орқали одамларнинг ҳалол топган даромадларини йўққа чиқариб, сўнгра «бундан қутулишнинг ягона йўли» баҳонаси билан уларни фонд биржаси ҳамда инвестиция фондлари тузоқларига етаклаётганлар — мазкур талон-торожнинг энг катта сиёсий шериклари ва ўғриларнинг бош ҳомийлари ҳисобланади!

Рошид Халифалик давлати тикланиб, Исломнинг иқтисодий низоми жорий этилмас экан, бундай ўғрилик ва талон-торожликлар муқаррар равишда давом этаверади. Шунинг учун ҳам мусулмонлар пуллар қоғоз шаклига айлантирилган мазкур қимор столларини вайрон қилиб, уларни бошқариб турган қиморбозларни ҳокимиятдан қулатишлари ҳамда уларнинг ўрнига имкон қадар қисқа муддат ичида Халифалик давлати ва Исломнинг иқтисодий низомини барпо этишлари лозим. Акс ҳолда, бундан-да даҳшатли можаролар ва жиноятлар содир бўлишига ҳеч шубҳа йўқ! Зеро, бўлиб ўтган воқеа айсбергнинг жуда ҳам кичик бир қисмидир, холос!

Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:

وَمَنْ يَعْشُ عَنْ ذِكْرِ الرَّحْمٰنِ نُقَيِّضْ لَهُ شَيْطَانًا فَهُوَ لَهُ قَرِينٌ

«Ким Раҳмон эслатмасидан (яъни Қуръон панд-насиҳатларидан) кўр бўлиб олса — юз ўгирса, Биз унга шайтонни яқин қилиб қўюрмиз, бас у ўша (кофирга доимий) ҳамроҳ бўлур». (Зухруф сураси, 36-оят).

Аржид Такен

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button