Янгиликлар

Бишкекда сув тарифлари қарийб 50 фоизга қимматлашди

Бишкекда сув тарифлари қарийб 50 фоизга қимматлашди

Бишкек шаҳар кенгаши навбатдаги йиғилишида аҳоли учун ичимлик суви таъминоти ва оқова сув (канализация) хизматларининг янги тарифларини тасдиқлади. Қабул қилинган қарорга кўра, эндиликда шаҳар аҳолиси бир куб метр ичимлик суви учун 15,73 сом, оқова сув хизмати учун эса 6,80 сом тўлайдиган бўлди.

Шу пайтга қадар пойтахт аҳолиси бир куб метр сув учун 10,45 сом, оқова сув учун эса 3,45 сом тўлаб келишаётган эди. Бундан кўриниб турибдики, янги тарифлар кучга киргач, сув таъминоти хизмати тахминан 50 фоизга, оқова сув тизими эса деярли икки баробарга қимматлашади.

Шунингдек, шаҳар кенгаши томонидан тасдиқланган қарорда, сув ва оқова сув хизматлари учун юқори коэффициентлар ҳамда кўп қаватли уйларнинг ички муҳандислик тармоқларига техник хизмат кўрсатиш тарифлари ҳам кўзда тутилган.

Нархларнинг бундай кўтарилиши Бишкекдаги минглаб оилаларнинг ойлик коммунал харажатлари ортишига олиб келади. Айниқса, кам таъминланган оилалар учун бу қўшимча молиявий юк бўлиши шубҳасиздир.

Ҳозирча шаҳар раҳбарияти тарифлар ошишидан тушадиган маблағлар қайси мақсадларга сарфланиши, хусусан, сув қувурларини янгилаш, авариялар сонини камайтириш ёки хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида қандай аниқ мажбуриятлар бажарилиши ҳақида батафсил маълумот бергани йўқ.

Коммунал хизматлар нархининг қимматлаши пойтахтдаги турмуш харажатларини яна бир бор ошириб, шаҳар аҳолиси бюджетига қўшимча босим пайдо қилмоқда.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button