Қирғизистон Хитойдан яна 1 миллиард юань кредит олади

Қирғизистон Хитойдан яна 1 миллиард юань кредит олади
«Элдик Банк» Хитой Давлат тараққиёт банки билан 1 миллиард юань миқдоридаги янги кредит шартномасини имзолаганини маълум қилди. Расмий хабарларга кўра, ушбу маблағлар кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани яхшилаш, саноат ҳамда «яшил» энергетика соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилиши айтилмоқда. Бироқ бундай йирик битим ортида бир қатор мавҳум саволлар мавжуд.
Энг асосий муаммо — қарз шартларининг жамоатчиликка очиқ эълон қилинмаётганидадир. Маблағлар қандай фоиз ставкасида берилмоқда? Ушбу қарз қанча муддатга мўлжалланган? Қандай кафолатлар кўзда тутилган? Агар қарз ўз вақтида қайтарилмаса, бу хавф-хатар ва масъулият юки кимнинг зиммасига тушади?
Бундан ташқари, гап фақатгина 1 миллиард юань ҳақида кетмаяпти. Расмий маълумотларга кўра, яқин орада банк таркибидаги «Элдик Лизинг» ва «Скай Мобайл» компаниялари учун яна 700 миллион юань ажратиш бўйича алоҳида битим имзоланиши режалаштирилмоқда. Демак, умумий ҳисобда деярли 1,7 миллиард юань миқдоридаги молиявий кўмак устида сўз бормоқда. Бироқ бундай улкан ҳажмдаги маблағлар қандай тартибда тақсимланиши ва айнан нималарга сарфланиши ҳақидаги маълумотлар ҳануз сирлигича қолмоқда.




