Куч тузилмалари ходимлари бир оила боқувчисини саломатлигидан жудо қилди

Куч тузилмалари ходимлари бир оила боқувчисини саломатлигидан жудо қилди
Қирғизистон куч тузилмалари ходимлари навбатдаги сохта жиноят ишини қўзғатиш учун бир оиланинг суянчиғи ва боқувчисини соғлиғидан маҳрум қилди. Мазкур воқеа 2024 йилнинг январь ойида бошланган эди. Қишнинг қаҳратон совуғида, эрталабки соат еттилар атрофида Иссиқкўл вилоятига қарашли Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳамда Қизилсув тумани ички ишлар бўлими ходимлари Жетимишбай ўғли Эрланнинг хонадонида тинтув ўтказиш учун келишди. Ўша пайтда Эрлан уйда бўлмаганига қарамай, куч тузилмалари ходимлари унинг рафиқаси ва вояга етмаган фарзандларига руҳий босим ўтказиб, уйни тинтиб чиқишди. Тинтув давомида ҳеч қандай қонунга хилоф буюм топилмади. Бундан ҳафсаласи пир бўлган ходимлар уйдаги диний китоблар ва телефонларни йиғиштириб кетишди. Бу машъум воқеадан сўнг Эрланнинг ёш болалари қаттиқ қўрққанлигидан касал бўлиб қолди ва оила шифохонасига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Унинг рафиқаси ҳам руҳий жиҳатдан жиддий жабр кўрди. Шунга қарамай, эртаси куни ҳуқуқ-тартибот ходимлари Эрланни чақиртириб, бир суткага ҳибсга олиб, кейин қўйиб юборишди.
Бироқ воқеа бу билангина чекланиб қолмади. 2025 йилнинг март ойида мазкур хонадонда қайтадан тинтув ўтказилди. Бу галги тинтув баённомасида уйдан атиги бир дона дафтар олингани қайд этилди. Бошқа ҳеч қандай ноқонуний ашё топилмади. Шунингдек, телефонлар яна мусодара қилинди. Сўнгра Эрлан бир суткага ҳибсга олиниб, сўроқ қилинди. Кейинчалик унга уйдан олинган дафтар “экспертизага юборилади” деб айтилиб, ўзи қўйиб юборилди. Шундан кейин ҳам у телефон орқали бир неча бор чақиртирилиб, сўроқ давом этди.
Орадан яна бир йил ўтиб, жорий йилнинг апрель ойида, кечки соат 22:00 атрофида куч тузилмалари ходимлари келиб, Эрланни “гумонланувчи” сифатида олиб кетишди. Ўша куни ҳам уйда қайта тинтув ўтказилди. Аммо яна қонунга хилоф ҳеч қандай буюм топилмади.
Кейинчалик эҳтиёт чораси кўриб чиқилиб, етарли далиллар тақдим этилмаган бўлса-да, суд уни 3 июнга қадар қамоқда сақлаш ҳақида қарор чиқарди. У вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида ушлаб турилган кезларда, 2 май куни терговчи Эсенбаев Баймирза Эрланнинг рафиқасига телефон қилиб, турмуш ўртоғи ҳушини йўқотиб йиқилганини ва Қоракўл шаҳридаги вилоят шифохонасига ётқизилганини маълум қилди. Шифокорлар унга “геморрагик инсульт” ташхисини қўйишди. У икки кун давомида жонлантириш (реанимация) бўлимида қолди. Рафиқасининг таъкидлашича, бунгача Эрланнинг соғлиғи жуда яхши бўлган ва ҳеч қачон касалликдан шикоят қилмаган.
Кейинроқ аёли Эрланни кўриш учун шифохонага борганида, унинг қулоғи тагида жароҳат изи борлигини пайқади. 2 майдан 11 майгача бўлган байрам кунлари муносабати билан беморни асосан навбатчи шифокорлар назорат қилиб туришди. Аёлининг айтишича, ушбу давр мобайнида Эрланга фақат оғриқ қолдирувчи дорилар укол қилиб турилган. Оқибатда унинг бадани шишиб, аллергик аломатлар пайдо бўла бошлаган. 11 май куни шифокорлар Эрланни зудлик билан Бишкек шаҳрига олиб бориб, операция қилиш зарурлигини билдиришди. Бироқ эҳтиёт чораси ўзгартирилмагани сабабли, у ўша ҳолича Қоракўлда қолаверди. Фақатгина 14 май куни эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, 15 майда Эрлан тез ёрдам машинасида Бишкек шаҳрига етказилди. У ерда республика неврология бўлими шифокорлари зудлик билан текширувлар ўтказиб, тундаёқ жарроҳлик амалиётини ўтказишди.
Маълум бўлишича, Қирғизистон ҳукумати даъватчиларга ва холис мусулмонларга нисбатан туҳмат тарзида “экстремизм” тамғасини ёпиштириб, қамоққа олишни одат тусига айлантириб бормоқда. Афсуски, куч тузилмалари ходимларининг ҳисобот бериш ёки лавозимда четлатилиш мақсадида очган жиноят ишлари юқоридаги каби икки йилгача чўзилиб, бунинг натижасида Эрлан каби соғлиғидан айрилганлар сони ортиб бормоқда. Ҳатто коррупционерлар ёки “қоралар” (криминал авторитетлар) каби “қусадиган” (озодликни сотиб оладиган) маблағлари бўлмаган кишилар адолатсиз равишда узоқ муддатга қамалиб кетмоқда.
Минг афсуски, Қирғизистонда судхўрлик, монополия, қиморбозлик ва шу каби охири кўринмайдиган ҳаром ишлар гуллаб-яшнаши учун қулай шароитлар яратилаётган бир пайтда, Исломни ўргатиш, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш каби вожиб амаллар жиноятга айлантирилмоқда.
Шундай экан, куч тузилмаларидаги буйруқ ижрочиларига ва уларга буйруқ берувчиларга эслатиб ўтмоқчимизки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сифатлаган «рувайбиза»лардан бўлиб қолманглар! Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«سَيَأْتِي عَلَى النَّاسِ سَنَوَاتٌ خَدَّاعَاتُ، يُصَدَّقُ فِيهَا الْكَاذِبُ، وَيُكَذَّبُ فِيهَا الصَّادِقُ، وَيُؤْتَمَنُ فِيهَا الْخَائِنُ، وَيُخَوَّنُ فِيهَا الْأَمِينُ، وَيَنْطِقُ فِيهَا الرُّوَيْبِضَةُ. قِيلَ: وَمَا الرُّوَيْبِضَةُ؟ قَالَ: الرَّجُلُ التَّافِهُ فِي أَمْرِ الْعَامَّةِ»
«Албатта, инсонларга алдамчи йиллар келади. У йилларда ёлғончи ростгўйга, ростгўй эса ёлғончига чиқарилади, хоинга омонат топширилади, омонатгўй хоинга чиқарилади. У йилларда рувайбиза нутқ сўзлайди. Рувайбиза ким? деб сўралди. Росулуллоҳ: Омма иши хусусида нутқ сўзловчи пасткаш кимсадир, дедилар», деб жавоб бердилар.
Шунингдек, дўзах аҳли бўлган золимлардан бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлинглар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда шундай деганлар:
«صِنْفَانِ مِنْ أَهْلِ النَّارِ لَمْ أَرَهُمَا: قَوْمٌ مَعَهُمْ سِيَاطٌ كَأَذْنَابِ الْبَقَرِ يَضْرِبُونَ بِهَا النَّاسَ…»
«Дўзах аҳлидан икки тоифаси борки, мен уларни кўрмадим: бир қавмки, уларнинг қўлларида сигирнинг думидек қамчилари бўлиб, улар билан одамларни уриб-савашади…»
Ақилбек Асқаров




