Мадина бозорида савдогарлар яна намойишга чиқишди

Мадина бозорида савдогарлар яна намойишга чиқишди
Бишкек шаҳридаги «Мадина» бозорида бир гуруҳ савдогарлар яна норозилик намойиши ўтказишди. Бунга савдогарлар қўлига огоҳлантириш варақалари қайтадан тарқатилгани сабаб бўлди. Уларнинг сўзларига кўра, савдо расталарини бўшатиб қўйиш учун бозор маъмурияти уларга 10 кун муҳлат берган.
Тадбиркорлардан бири бозорни кўчириш ортида бошқа манфаатлар ётган бўлиши мумкинлигини билдирди: «Бу бозор ҳам хусусий мулк, у бозор ҳам хусусий мулк. Бироқ бу ерга шаҳар ҳокимлиги вакиллари, президент маъмурияти ходимлари, ҳатто Туманбаевнинг ўзи ҳам келиб аралашяпти. Уларнинг бу ерда нима иши бор? Буни икки бозорнинг раҳбарияти ўзаро ҳал қилса бўларди. Қирғизистонда хусусий бозорлардан бошқа муаммо қолмаганми? Менинг фикримча, янги очилган бозорни ишлатиш учун бизни кўчиришмоқда. Очиғини айтсам, ҳалқ орасида ўша янги бозор президентнинг яқинларига тегишли, деган гап-сўзлар юрибди. Мени қамашса қамашсин, мен халқнинг айтганини айтяпман», – деди савдогар Максуда Матиева.
Эслатиб ўтамиз, 30 август куни «Мадина» бозорида ёнғин чиқиб, 50дан ортиқ савдо дўкони ёниб кетган эди. Жабрланганларга ҳамон ҳеч қандай ёрдам кўрсатилгани йўқ.
Изоҳ:
«Мадина» бозори атрофидаги можаролар Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) томонидан ўтган йили уюшган жиноий гуруҳлар билан алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган бозор асосчиси Турсунтой Салимовнинг “иш”ига бориб тақалади. Ўтган йили Салимов ҳибсга олиниши ортидан, унинг мулклари ва «Мадина» бозори ҳокимиятга яқин «Тарим Трэйд» компанисияга ўтиб кетди. «Мадина» бозори билан бирга унга туташ бўлган «ЖБИ заводи»нинг 13 гектар ер майдони ва «Сан Сити» дам олиш маркази ҳам бошқаларнинг қўлига ўтди. Мазкур ҳудудда янги тўқимачилик бозори қурилиб, ҳозирда савдогарларни ана шу янги бозорга кўчириш талаби қўйилмоқда. Тадбиркорлар янги қурилаётган бинолардан савдо ўринларини ҳаддан ташқари қиммат нархларда (200 000 – 240 000 АҚШ долларига) сотиб олишга мажбур қилинмоқда.
Демак, «Мадина» бозори атрофида содир бўлаётган вазият шунчаки қайта таъмирлаш ҳаракати эмас. Йирик молиявий имкониятларни ҳукуматга яқин шахслар қўлида жамлаш Капитализм табиатига мосдир. Афсуски, бу каби мулкни тортиб олиш жараёнида нафақат бозорнинг эски эгалари, балки бутун умрини савдо-сотиқ билан ўтказган оддий тадбиркорлар ҳам оғир аҳволга тушиб қолмоқда. Шу боис, агар ҳукумат савдогарларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб, очиқ-ойдин шароитлар яратиб бермаса, бу ҳолат аҳолининг янги норозилик тўлқинига сабаб бўлувчи воқеалардан бирига айланиб кетиши ҳеч гап эмас. Бундан ташқари, мазкур жараённинг натижаси аллақачон оғир аҳволда қолган тўқимачилик соҳасини ҳам жиддий инқирозга олиб келиши мумкин.
Ислом шариятида хусусий мулк дахлсиз ҳисобланади. Шариатда давлат ёки амалдорлар бировнинг хусусий мулкини тортиб олиши қатъиян тақиқланади. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз ﷺ шундай марҳамат қилдилар:
«مَنْ ظَلَمَ قِيدَ شِبْرٍ مِنَ الْأَرْضِ طُوِّقَهُ مِنْ سَبْعِ أَرَضِينَ»
«Ким бир қарич ерни зулм билан ноҳақ тортиб олса, (қиёмат куни) етти қават ер осиб қўйилади» (Имом Муслим).
Ақлбек Исаков




