Ҳадиси шариф

Мусулмон ва муҳожир

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳадиси Шариф билан

Мусулмон ва муҳожир

Азиз мухлислар, “Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

حَدَّثَنَا آدَمُ بْنُ أَبِي إِيَاسٍ قَالَ حَدَّثَنَا شُعْبَةُ عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ أَبِي السَّفَرِ وَإِسْمَاعِيلَ بْنِ أَبِي خَالِدٍ عَنْ الشَّعْبِيِّ عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: “الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ وَالْمُهَاجِرُ مَنْ هَجَرَ مَا نَهَى اللَّهُ عَنْهُ“

Бизга Адам ибн Абу Иёз Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтди: Пайғамбаримиз шундай дедилар: “Мусулмон – бу тилидан ва қўлидан бошқа мусулмонлар озор топмаган кишидир. Муҳожир эса – бу Аллоҳ қайтарган нарсаларни тарк этган инсондир”.

Азиз биродарлар: Энг гўзал сўз – Буюк Аллоҳнинг каломи, энг тўғри йўл эса – Унинг Пайғамбари Муҳаммад ﷺнинг йўлидир.

Бу ҳадисда мусулмон инсон чинакам мусулмон номига лойиқ бўлиш учун қандай сифатларга эга бўлиши кераклиги баён қилинган. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик берган мусулмон бошқаларга зарар етказмаслиги, аксинча, ҳақни айтиб, доимо тўғриликка интилиши лозим. Мусулмон одам биродарига атайлаб озор бериш у ёқда турсин, ҳатто энг оддий нарсалар билан, яъни тили билан ҳам зарар етказмаслиги керак. Бу – Аллоҳ Таоло томонидан белгиланган ва кўплаб эзгуликларни ўз ичига олган тартибдир. Чунки бу мусулмон инсон учун нималарни айтиш мумкину нималардан тийилиш лозимлигини кўрсатиш орқали ўзаро муносабатларни тартибга солади. Бу эса Аллоҳ Таоло мусулмон жамиятга ато этган юксак фазилат туфайли жамият ва инсонлар ўртасидаги муносабатлар ва хулқ-атворнинг янада гўзаллашишига олиб келади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кўнгилни оғритадиган ноўрин сўзлар мусулмон кишининг ахлоқига ҳеч қачон тўғри келмас экан, у ҳолда катта-катта гуноҳлар ҳақида нима ҳам дейиш мумкин?!

Бу муаззам ҳадис яна бир муҳим масалага, яъни муҳожир тушунчасига ҳам ишора қилмоқда. Расулуллоҳ ﷺ жуда нозик бир ҳолат ҳақида сўз юритдилар. Бу мусулмон киши муҳожир деб аталиши учун зарур бўлган шартдир. Аллоҳ ва Унинг Элчиси қайтарган нарсалардан воз кечиб, Аллоҳ Таолонинг розилигига етакловчи йўлни танлаган инсон ҳадисда чинакам муҳожир деб сифатланмоқда. Чунки у Аллоҳнинг ризоси йўлида барча ёмонликларни тарк этди ва тақиқланган ишлардан узоқлашиб, Аллоҳнинг розилигига эришиш ҳамда У севган бандалар қаторига қўшилиш учун Аллоҳ рози бўладиган амалларни қилиш мажбуриятини ўз зиммасида олди.

Бу Исломни қабул қилиб, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига имон келтирган ва Исломни ҳаёт дастури деб билган ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Мусулмонлар Исломга содиқ қолиши ва Ислом таълимотига зид бўлган ҳар қандай ҳолатлардан юз ўгириб, ўзи учун раво кўрган Аллоҳнинг розилигига муносиб бўлгунча ўзларини руҳан ва ахлоқан юксалтириши лозим. Бу (Аллоҳнинг розилиги) энг гўзал натижа ва энг олий мақсаддир. Биз Аллоҳ Таолодан бизларни жаннат аҳли қаторига қўшишини, Роббимиз бизга буюрган соғлом ва одил ҳаётни насиб этишини ҳамда бизларни тақводор муҳожирлардан қилишини сўраб қоламиз. Амин.

Азиз биродарлар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

1448ҳ йил, 10-робиул аввал.

2026м йил, 23-август.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button