Тонг отиши туннинг энг қоронғи лаҳзасидан кейин бошланади

Тонг отиши туннинг энг қоронғи лаҳзасидан кейин бошланади
Умм Билол – Фаластин
Инсонларни Исломга даъват қилиб, улар билан елкадош бўлиб юрган киши Умматнинг айрим қатламларида пайдо бўлган лоқайдлик ва бепарволикни пайқаши учун кўп куч сарфлаши шарт эмас. Бу бепарволик нафақат оғзаки сўзларда, балки мустабид тузумлар ўз халқига қарши қилаётган очиқ-ойдин зулм-ситамларга нисбатан муносабат ва реакцияларнинг сўниб бораётганида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Халқни қашшоқлаштирган, ризқини қийган, ҳақ-ҳуқуқларини топтаб, қадр-қимматини аёқ ости қилган режимлар бу ифлос ишларини ҳеч нарса бўлмаганидек бемалол давом эттиришмоқда. Аммо минг афсуски, бу зулмнинг кўламига яраша каршиликларга дуч келишмаяпти.
Бу ҳолат сирли бир жумбоқ ёки умматлар тарихидаги ғайритабиий ҳодиса эмас. Аксинча, бу йирик мағлубиятлардан кейин халқлар бошига табиий равишда келадиган тушкунлик кайфиятидир. “Араб баҳори”нинг муваффақиятсиз якунланиши билан Уммат ўз вужудида чуқур мағлубиятни ҳис қилди. Зеро, умидлар халқаро сиёсатнинг “ошхоналарида” тайёрланган сиёсий воқелик қоясига урилиб, чилпарчин бўлди. Бунинг ортидан Ғазо аҳли оғир аҳволда ёлғиз ташлаб қўйилди ва умумий ожизлик очиқ-ойдин кўриниб қолди. Бу эса, айниқса, воқеаларнинг олдинги сафида турганлар орасида асосий бир саволни қайтадан кун тартибига чиқарди. Улар: «Биз нима қилишимиз керак?» – дея нажот излай бошладилар. Бироқ уларга берилган жавобларнинг аксарияти қониқарли бўлмади. Берилган жавоблар асосан якка тартибдаги ҳаракатлар атрофида айланиб, ё дунёдан узилган ҳолда фақат ибодат ва дуо билан банд бўлишга, ёки майда-чуйда масалаларга ўралашиб қолишга олиб келди. Асосий муаммони илдизи билан даволайдиган ва тубдан ўзгариш ясайдиган жиддий ечимлар таклиф қилинмади. Натижада уларнинг онгида илгаригидан ҳам кўпроқ саволлар ва шубҳалар пайдо бўлди.
Албатта, охирги пайтларда халқларнинг аҳволи барқарор эмаслигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Улар ҳаяжон, шубҳа, мағлубият, умидсизлик ва ҳар бир йирик воқеа ёки сиёсий ҳаракатдан кейин пайдо бўладиган бошқа руҳий ҳолатлар орасида тинимсиз ўзгариб турибди. Бундай ўзгаришлар оддий халқнинг хулқ-атворида тушунарли ҳолдир. Чунки улар табиатан ҳукмрон сиёсий вазиятнинг кўтарилиши ёки пасайишидан тез таъсирланадилар. Бироқ мана шу турфа хил кайфиятлар уйғониш ва юксалиш учун ҳаракат қилаётган кишиларни ўз мақсадларидан буриб, чалғитиб қўйиши — алоҳида эътибор қаратиш ва ҳатто ҳушёр бўлиш зарур бўлган нуқталардан бири ҳисобланади. Зеро, уйғониш жараёнига Умматнинг ўзгариб турувчи кайфиятининг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Уйғониш умумий кайфият устига қурилмайди ва халқнинг шижоати ёки лоқайдлигини кутиб ўтирмайди. Аксинча, у Уммат ичидаги Аллоҳнинг нусратига лойиқ бўлган ихлосли бир қатламнинг онгли ва шаръий жиҳатдан мукаммал бўлган тўғри амали асосида амалга ошади.
Оддий халқ эса, кўпинча мезонлар ўзгариб, сиёсий воқелик алмашган паллада бу ҳаракатга келиб қўшилади. Имом «Жиҳодга ва зафарга шошилинг!» деб чорлаган лаҳзада, улар гуруҳ-гуруҳ бўлиб сафга тизиладилар. Чунки Уммат ичида ҳақиқатнинг устувор бўлишини соғинган инсонларнинг туйғулари жуда кучли ва ҳал қилувчи бурилиш пайти келганда золимлар бундан ҳайратда қолишади. Шунинг учун Ислом йўлида хизмат қилаётган зотлар Умматнинг бугунги заиф ҳолатидан тушкунликка тушмасликлари лозим. Шунингдек, улар ўзлари тутган йўлнинг тўғрилигини одамларнинг бугунги вақтинчалик муносабатлари билан ўлчамасликлари керак. Аксинча, улар шаҳдам қадамлар билан юришни давом эттириб, ўз йўлларида маҳкам туришлари ва асло ортга чекинмасликлари зарур. Зеро, ортга чекинган кимса манзилга етолмайди. Йўл узун ва тўсиқларга тўла, бироқ ўзгариш тариқати ҳеч кимни истисно қилмайди. Кимки маҳкам туриб, собитқадамлик билан йўлини давом эттирса, кеч бўлса-да, барибир мурод-мақсадига эришади.
Бугун Умматнинг айрим қатламларида тарқалган лоқайдлик бу йўлнинг тугаганини англатмайди. Балки, бу унинг бир босқичи бўлиши мумкин, холос. Ундан кейинги босқич эса кутиб ўтириш ёки норози бўлиш билан эмас, балки замон тўлқинларининг ўзгариши билан тебранмайдиган ва вазиятларнинг алмашиши билан заифлашмайдиган барқарор, очиқ-ойдин ва фидокорона ҳаракат билан амалга ошади. Шунинг учун биз Ислом Умматига ҳар доим эслатиб келамиз: Халифалик — бу Расулуллоҳ ﷺ кўрсатиб берган ва саҳобаи киромлар (розияллоҳу анҳум) татбиқ этган сиёсий низомдир. Шунингдек, у Ислом Умматига тарих давомида иззат-шараф бахш этган тузум бўлиб, Уммат фақатгина унинг соясида улуғликка эришган. Шу боис Уммат уни қайта тиклаш учун бугун амалий ҳаракатга киришиб, уни ўзининг ҳаёт-мамот масаласига айлантириши вожибдир.
Халифалик лойиҳаси шаръий ҳукм ва исломий ҳаётни қайта бошлашнинг амалий тариқати сифатида ўртага ташланган пайтда, мавжуд режимлар уни дарҳол қоралаб, қўрқинчли бир бало сифатида кўрсатишга шошилишади. Чунки у ушбу малай режимлар қурилган пойдеворга қақшатқич зарба бермоқда. Халифалик — суверенитетни инсон томонидан тўқилган конституцияга эмас, балки Шариатга топширадиган буюк лойиҳадир. У умумий бойликларни Умматнинг мулки деб ҳисоблаб, уларни шариат ҳукмларига мувофиқ бошқаришни мақсад қилади. Шунингдек, у халқаро муносабатларни қарамлик ва бўйин эгиш асосида эмас, балки Исломни дунёга даъват ва жиҳод орқали етказиш асосида юритади.
Режимлар қўрқадиган онг – кундалик инқирозларни асосий тизим билан боғлай оладиган теран онгдир. Иқтисодий инқироз шунчаки бошқарувдаги камчилик эмас, аксинча, капиталистик тузумни қабул қилишнинг аччиқ мевасидир. Сиёсий қарамлик ҳам тактик хато эмас, балки халқаро тизимга таркибий жиҳатдан боғланиб қолишнинг оқибатидир. Мусулмон ерларининг бўлиниб-парчаланиб кетгани эса шунчаки географик тасодиф эмас, балки бирлаштирувчи Халифалик давлати қулатилиб, унинг ўрнига сохта миллий давлатчалар ўрнатилишининг тўғридан-тўғри натижасидир. Агар Уммат Ислом асосидаги сиёсий онгини қайта тикласа, унда у вақтинчалик манфаатлар кетидан югурмайди. Аксинча, сиёсий тузумни ақида асосида қайта қурадиган туб ўзгаришни мақсад қилади. Бу ўзгариш ҳиссиётларга берилиш билан эмас, балки мабдаий ва уюшган сиёсий фаолият орқали ва ташқаридан кириб келган сохта тушунчаларнинг юзини очиб ташлайдиган фикрий кураш орқали ҳамда режимларнинг чет эл лойиҳалари билан тил бириктирганини фош қиладиган сиёсий кураш орқали амалга ошади. Шунинг учун ҳам ҳукмдорлар Халифалик ғоясидан қаттиқ даҳшатга тушишади. Чунки агар Уммат фақатгина бир Имомнинг бўлиши ва у Ислом ҳукмларини татбиқ қилиши фарзлигини, шунингдек, Ислом билан ҳукм юритмаётган режимлар остида тарқоқ ҳолда яшаш гуноҳлигини англаб етса, дарҳол муқобил ва ҳақиқий исломий ечим сари юз тутишини улар жуда яхши билишади. Ўшанда ғоя кучга, ишонч жамоатчилик фикрига, жамоатчилик фикри эса ирода ва буюк ўзгаришга айланади.
Умматнинг бугунги кураши қуролли курашдан аввалги фикрий ва сиёсий курашидир. Агар фикр ва онг ғалаба қозонса, сохта легитимликлар қулаб, Ислом ақидасидан келиб чиққан ҳақиқий легитимлик намоён бўлади. Агар Уммат ўз мабдаий сиёсий лойиҳасига қайтса, у ҳолда исломий ҳаётни қайта бошлаш йўлига биринчи қадамини қўйган бўлади. Бу шунчаки ҳиссиётга таянган шиор эмас, балки бу Умматнинг бирлигини, қадр-қимматини ва етакчилигини қайтариб берадиган умумий сиёсий воқеликдир. Шунинг учун даъватни елкасига олганлар Ислом дунёсидаги воқеалар ривожига алоҳида тўхталиб, Умматнинг диққатини икки муҳим нарсага тортишлари лозим:
Биринчиси: малайлар томонидан мустамлакачи кофир Ғарбнинг зиёнидан сақланиш ёки унинг розилигига эришиш учун унга бўйин эгишга бўлган барча чақириқлар сиёсий жиҳатдан ўз-ўзини ўлдиришдир. Бундай йўлнинг охири унга эргашганлар учун фақат ҳалокат ва йўқотиш билан тугайди. Бундан ташқари, бу ҳаром амалдир. Чунки у Расулуллоҳнинг ﷺ манҳажларига ва рошид халифалар тутган йўлга бутунлай зиддир. Шунингдек, бу дунёда ва охиратда Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг ғазабига дучор қилади.
Аллоҳ Таоло айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَتَّخِذُوا عَدُوِّي وَعَدُوَّكُمْ أَوْلِيَاءَ تُلْقُونَ إِلَيْهِم بِالْمَوَدَّةِ وَقَدْ كَفَرُوا بِمَا جَاءَكُم مِّنَ الْحَقِّ
«Эй мўминлар! Менинг ҳам душманим, сизларнинг ҳам душманингиз бўлган кимсаларни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хат-хабар) юборурсизлар, ҳолбуки улар сизларга келган Ҳақ (дин ва Қуръон)га кофир бўлгандирлар!». (Мумтаҳана сураси, 1-оят).
Иккинчидан: Уммат мустамлакачи кофир Ғарб ва унинг малайларининг «Уммат ўз ҳокимиятини қайта қўлга киритишга қодир эмас» деган пуч чақириқларига алданиб қолмаслиги керак. Ғарбдаги имкониятлар кўзбўямачи сохта ҳайбатдан бошқа нарса эмас. Мана, армияси дунёдаги энг қудратли ҳарбий куч деб тан олинган Американинг ўзи дунёга ўз ҳукмини ўтказа олмай қолди. У Эрон билан бўладиган тўқнашувни худди Венесуэлада қилганидек осон кечади деб ўйлаган эди. Бироқ уруш чўзилиб, мураккаблашиб кетди. Трамп ва унинг шериклари боши берк кўчага кириб қолишгач, Эроннинг ҳарбий салоҳиятини йўқ қилишдаги сохта муваффақиятлари ҳақида кетма-кет ёлғон гапиришга ўтишди. Шу билан бирга, уларнинг ўзлари бу боши берки кўчадан чиқиш йўлини излашмоқда.
Шу боис, олдиндаги босқич турли хил эҳтимоллар учун очиқлигича қолмоқда. Улар орасида АҚШ ҳозирги мувозанатни бузишга уриниб, кенг кўламли кескин қадам ташлаши мумкин. Ёки бўлмаса ҳар бир томоннинг расмий манфаатлари сақланиб қоладиган сиёсий битимга юз тутиши ҳам мумкин. Ёхуд минтақадаги кучлар мувозанатини чуқурроқ ўзгартириб юборадиган узоқ муддатли, ҳолдан тойдирувчи урушга киришиб кетиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Бу сценарийларнинг қайси бири содир бўлмасин, бир ҳақиқат ўзгаришсиз қолаверади — буюк ўзгаришлар туҳфа сифатида берилмайди, улар фақатгина тинимсиз меҳнат ва кураш билан қўлга киритилади. Тарихий ҳал қилувчи лаҳзалар иккиланиб, довдираб турганларни кутиб ўтирмайди. Аксинча, уларни воқеликни тўғри англай олган ва имкониятларни ғанимат билган онгли, иродали ва мард азаматлар вужудга келтиради.
Бу ўзгаришларнинг марказида турган Ислом Уммати — ўзини қарамлик ва заифлик ботқоғидан олиб чиқишга уринаётган, туб ўзгаришни соғинаётган Уммат сифатида — бугун бу воқеаларни теран англашга мажбурдир. Уларни халқаро кучлар ўртасидаги шунчаки вақтинчалик тўқнашув деб эмас, балки йўналишни ўзининг ҳазорий лойиҳасига қайта буриш учун тарихий имконият деб билиши керак.
Кучлар мувозанатининг бузилиши ва мутлақ ҳукмронликни ўтказиш қудратининг заифлашиши тарихда камдан-кам учрайдиган бир имконият эшигини очмоқда. Бу эшик орқали Ислом асосидаги буюк лойиҳани илгари суриш мумкин. У инсониятни ҳолдан тойдирган ва дунёни устма-уст турли инқирозларга тортаётган очкўз тузумларга муқобил мукаммал ечим таклиф қила оладиган ягона лойиҳадир. Бу эса шунчаки қуруқ дуоларга суяниб қолиш эмас, балки теран сиёсий онгни, букилмас иродани ва уюшган ҳаракатни талаб этади. Бундай ҳаракат бугунги имкониятдан унумли фойдаланиб, уни зинҳор бой бермаслиги лозим. Шундагина Уммат олдиндаги босқичнинг натижаларини шунчаки қабул қилиб олувчи томон эмас, балки унинг йўналиши ва хусусиятларини белгилаб берувчи таъсирли кучга айланади.
Аллоҳ Таоло улуғ кун учун тўсиқларни енгиллаштираётганига имонимиз комил. Умматнинг ихлосли фарзандлари «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» байроғи остида кучларини бирлаштирсалар, худди Форс ва Рум императорлари Аллоҳнинг улуғ Пайғамбари ﷺ ва у зотнинг саҳобалари қаршисида саноқли йиллар ичида тиз чўкканидек, бу байроқ қаршисида ҳам куфр жамоалари яна мағлуб бўлажак. Биз ҳақиқат эгалари эканимизга қаттиқ ишонамиз ва ҳақиқат, Аллоҳнинг изни ила, албатта зафар қозонади.
Ҳақиқатда эса, Ҳизб ут-Тахрир бу улуғ фарзни қайта ҳаётга қатариш учун исломий соқофат ва сиёсий онгни тайёрлаб қўйган. Шундай экан, Аллоҳнинг нусратидан суюнинг ва ўзингизни ўша улуғ кунга тайёрланг. Зеро, ботил худди юпқа пўстлоқ кабидир, у тез орада чилпарчин бўлиб, ҳақиқат ўз нури билан оламни ёрита бошлайди. Ўша лаҳзада қалблар ҳам, кўзлар ҳам севинч билан тўлади. Ҳақиқатга қарши турган ботилни қулатиш қуроли бўлган ва ҳақиқат биносининг бир ғиштига айланган инсонларга муждалар бўлсин!
Охирги дуоимиз – бутун оламларнинг Роббиси бўлмиш Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!




