Қуръон ўқиш — жиноят(ми)?

Қуръон ўқиш — жиноят(ми)?
Ўзбекистонда мусулмон биродаримиз ижтимоий тармоқларга фарзандининг Қуръон ўқиётган видеосини жойлаштиргани учун жавобгарликка тортилиб, жарима тўлашга мажбур қилинди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат ушбу видеони диний материалларни ноқонуний тарқатиш деб баҳолаган. Бундан ташқари, унинг телефони ҳам мусодара қилинган. У бундай чоралар асосан фақат мусулмонларга нисбатан қўлланилаётганини айтиб, ўз норозилигини билдирди.
Биродаримиз шундай дейди:
«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-2-моддаси билан айбдор деб топилдим ва менга жарима солишди. Шунингдек, телефонимни ҳам мусодара қилишди. Бунга эса ўз фарзандимнинг Қуръон ўқиётган жараёнини “Instagram” саҳифамга жойлаштирганим сабаб бўлди. Кўриб турганингиздек, бизда Қуръон ўқиш ва диний маълумотларни тарқатиш жиноят ҳисобланар экан. Бироқ, очиқчасига одобсиз, уятли сўзларни гапириш демократия саналади. Пиво фестиваллари эса ҳеч қандай тўсиқларсиз ўтказилаверади. Аммо Қуръон ўқисанг — жиноят. Агар билмасангиз, билиб қўйинг ва эҳтиёт бўлинг. Мени қизиқтираётган яна бир савол бор ва уни сизларга бермоқчиман. Бу кодекс, тўғрироғи, ушбу модда фақат мусулмонларга ва Қуръон ўқувчиларгагина тегишлими? Масалан, рус миллатига мансуб инсон Инжил ўқиса бўлаверадими ёки Таврот ўқиётган яҳудийларга ҳам ушбу меъёр татбиқ этиладими? Шахсан мен ушбу модда бўйича мусулмондан бошқа бирор кимсанинг судланганини кўрмадим».




