Инсон Халифалик амонати ва фоний дунёнинг ёлғон жилваси ўртасида

Инсон Халифалик амонати ва фоний дунёнинг ёлғон жилваси ўртасида
Мунис Ҳамид – Ироқ
Аллоҳ инсонни яратганда уни беҳуда, мақсадсиз яратмади. Уни бу кенг заминда қаровсиз ҳам ташлаб қўйгани йўқ. Аксинча, уни ер юзида Ўз халифаси қилди ҳамда юксак тоғлар ҳам, ер-у осмонлар ҳам кўтаришга ожизлик қилган улуғ амонатни унинг зиммасига юклади. Инсонга Ўз руҳидан “пуфлаб”, уни ақл ва эркин танлов (ирода) имконияти билан мукаррам қилди. Фаришталарга эса инсоннинг қадр-қимматини ҳурмат қилиш учун унга сажда қилишни буюрди. Сўнг унинг вужудига бир сирни жойладики, ўша сир туфайли инсон Аллоҳга энг яқин мартабаларга кўтарилишга ҳам, тубанликнинг энг қуйи поғоналарига қулашга ҳам лойиқ бўлди.
Инсоннинг энг биринчи бурчи — ҳақиқатга гувоҳ бўлиш, эзгулик йўлида саъй-ҳаракат қилиш ҳамда ер юзида бузғунчи эмас, балки ислоҳ қилувчи бўлиш эди. Ундан дунёни осмоннинг қадриятлари билан обод этиш ва ўз ҳаётини абадий жаннатга олиб борувчи кўприкка айлантириш талаб қилинди. Бироқ инсоннинг энг катта йўқотиши мақсадни унутиб, ўткинчи воситалар билан овора бўлган кунидан бошланди. Дунё уни шу қадар машғул қилиб қўйдики, оқибатда у ўзининг асл ғоясини унутди.
Кўпчилик учун дунё охиратнинг экинзори бўлишдан чиқиб, мустақил мақсадга айланди. Оқибатда инсон гўё абадий ҳаётни сотиб оладигандек мол-дунё ортидан чопa бошлади. Азизлик ва улуғликни гўё одамлар берадигандек мансаб-мартабага интилди. Бир кун келиб, шак-шубҳасиз, ортда қолдириб кетишини аниқ била туриб, ўткинчи дунё лаззатларининг кетидан қувди. Дунёни қанчалик қаттиқ севгани сайин, уни йўқотиб қўйишдан шунчалик қўрқа бошлади. Унга қанчалик яқинлашгани сайин, айнан ундан излаган ҳаловатидан шунчалик узоқлашаверди.
Энг ҳайратланарлиси, инсон дунёнинг шунчаки бир хомхаёл ва сароб эканини билиб турса-да, унинг ортидан чопгани-чопган. Ўлим атрофдаги одамларни бир-бир олиб кетаётганини кўради. Қасрлар вайронага айланганини кўради. Подшоҳлар-у бойларнинг номлари унутилганига гувоҳ бўлади. Шундай бўлса ҳам қалбида ўзининг охират сафари ўзидан олдингиларнинг сафаридан бошқачароқ кечади, деб ўйлайди.
Кўплаб инсонлар халифалик амонати бўлмиш рисолатни эътиборсиз қолдириб, унинг ўрнига “истеъмолчилик рисолати”ни танладилар. Уларнинг ҳар бири учун асосий мақсад — берганидан кўпроқ олиш, бунёд этганидан кўпроқ эгалик қилиш ва ҳақиқатда қандай бўлса, ундан кўра салобатлироқ кўриниш бўлиб қолди. Руҳлар ғийбат, беҳуда гап-сўз ва кўнгилочарлик денгизига шўнғиди. Оқибатда кунлар ортида ҳеч бир эзгу амалсиз, асосий ғоясиз ва эгасини Аллоҳга яқинлаштирадиган хайрли амалсиз ўтиб кетмоқда.
Шу тинимсиз чалғишлар орасида ваъда қилинган жаннат унутилди. Оламда ҳеч бир кўз кўрмаган, ҳеч бир қулоқ эшитмаган ва ҳеч бир инсоннинг хаёлига келмаган неъматлар бор ўша жаннат унутилди… бу Жаннат бир неча соатлик маишат, саноқли йилларда ўтиб кетадиган фаровонлик ёки шон-шуҳрат ва мансабнинг ўткинчи жилвалари эвазига унутилди. Шундай қилиб, кўпчилик одамлар абадийликни ўткинчиликка, аниқни гумонга ва боқий хазинани вақтинчалик роҳатга алмаштириб юбордилар. Ваҳоланки, у роҳат тутундек тез тарқаб кетади. Ўлим келганида эса ҳаётнинг ҳақиқий юзи намоён бўлади.
Инсон бошидан кечираётган энг катта инқироз — қашшоқлик ҳам, хасталик ҳам ёки ресурсларнинг танқислиги ҳам эмас. Аксинча, энг катта инқироз инсон нима учун яратилганини унутиб қўйганидир. Чунки инсон ўз борлиғининг маъносини йўқотганда, унинг зоҳирий барча муваффақиятлари ортида чуқур руҳий бўшлиқни яширган сохта ғалабаларга ўхшаб қолади. Агар инсон ўз рисолатини қайта англаб етса, дунёнинг ҳақиқатини кўради: у муқим яшайдиган жой эмас, шунчаки ўтиш бекати; мақсад эмас, оддий восита; абадий маскан эмас, балки синов майдони эканини тушуниб етади.
Шу тариқа, асрлар оша Аллоҳнинг даъвати янграб келмоқда. У инсонни ўз асл вазифасига қайтишга чақиради. Яъни, ер юзида Аллоҳнинг халифаси бўлиб, ҳақиқат, адолат ва раҳмат қадриятларини кўтариб юришга, ўлимдан кейинги ҳаёт учун амал қилишга ва Парвардигорига йўлиқишга ҳозир бўлишга чорлайди. Ким шу ҳақиқатни англаб етса, дунёни юрагида эмас, қўлида тутиб яшайди. Унда муқим сифатида эмас, йўловчи сифатида одимлайди. Дунёдаги ҳар бир қадамини тақводорларга ваъда қилинган жаннатга олиб борувчи озуқага айлантиради. Шундай экан, сафари қаригунча ўз рисолатини ёдда тутган ва умр қанчалик узун бўлмасин қисқа, дунё қанчалик безалган бўлмасин қадрсиз эканини англаган инсонга хушхабарлар бўлсин!
Исломнинг улуғворлиги ана шунда намоён бўлади. Чунки у фақат муайян вақтлардагина адо этиладиган ибодатлар йиғиндиси ёки масжидгагина чекланган маросимлар эмас. Аксинча, Ислом инсонга ўзлигини ва ўз бурчини қайта англатадиган мукаммал ҳаёт низомидир. Ислом инсонни ғафлатдан уйғотиш, унга ер юзида Аллоҳнинг халифаси эканини ҳамда Роббиси, дини, уммати ва умуман инсоният олдида масъулияти борлигини эслатиш учун келган.
Мусулмон кишининг бу диндаги роли шунчаки мусулмон деб аталиш ёки диндорликнинг зоҳирий кўринишлари билангина чекланиш эмас. Аксинча, унинг роли дин рисолатини кўтариб юришда, қадриятларини ҳимоя қилишда ва унинг гўзал ахлоқини турмушда амалий акс эттиришда намоён бўлади. Демак, мусулмон ўзининг ростгўйлиги, омонатдорлиги, адолати, илми ва амали орқали Исломнинг тирик намунаси бўлишга мажбурдир. У вайрон қилувчи эмас, бунёдкор; бузғунчи эмас, ислоҳ қилувчи бўлмоғи лозим.
Аллоҳ Таоло бу умматни одамлар устидан гувоҳ бўлувчи уммат қилиб танлади. Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло шундай марҳамат қилади:
﴿وَكَذَٰلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطًا لِّتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ﴾
«143. Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик». (Бақара сураси, 143-оят).
Бу гувоҳлик — мусулмон кишидан бу диннинг инсонни тўғри йўлга бошлашга ва уни бахтиёр қилишга қодир эканини исботлайдиган ахлоқий-маданий ва даъват масъулиятини дунёга кўрсатиб беришни талаб қилади.
Исломга уни шунчаки шиорлар билан кўтариб чиқадиганлардан кўра, уни ҳаётга татбиқ этадиган ва амал билан кўтариб чиқадиганлар кўпроқ керак. Мусулмон ўз умматига содиқ ва ихлосли бўлиб, дини ва рисолати олдидаги масъулиятини омонатдорлик билан адо этганда ҳамда ўз динига бўлган ушбу чуқур тушунчани қайта жонлантирганда, Аллоҳ унга белгилаб қўйган ҳақиқий мавқеини — ер юзида халифа, ҳақиқат устида гувоҳ ва раҳмату ҳидоят рисолатини кўтарувчи мақомини қайта қўлга киритади. Ана шунда унинг ҳаёти кўз очиб юмгунча ўтиб кетувчи вақтинчалик лаззатлар ортидан чопадиган ҳаётдан абадий роҳат сари интиладиган ҳаётга айланади. Натижада ҳар бир хайрли амал Аллоҳ Ўз мўмин бандаларига ваъда қилган жаннатга олиб борувчи йўлдаги қутлуғ бир қадамга айланади.




