Сақофат

Ҳазорат (Цивилизация)

Ҳазорат (Цивилизация)

XVII-XVIII асрларда Ғарбда ҳаётга нисбатан янгича бир дунёқараш шаклланди. Унинг мазмун-моҳияти қуйидагича эди: бу ҳаётдан олдинги ва ундан кейинги нарсаларнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ; дин ҳаётдан ажратилиши лозим; бу заминнинг ягона эгаси инсон бўлиб, у эркин туғилади ва унинг эркинлиги кафолатланиши шарт. Инсон ўз хоҳишига кўра яшаш ҳуқуқига эгадир.

Ана шу янги дунёқараш асосида жамият учун мутлақо янгича бир ҳаёт тарзи жорий этилди, давлат ва унинг бошқарув тизимлари барпо қилинди, бунинг ортидан моддий тараққиёт юз берди. Кейинчалик улар ўзларининг ушбу янги мафкурасини тарғиб қилишга киришдилар. Уни кенг ёйиш мақсадида мусулмонларга қарши фикрий ва сақофий хужумларни бошлашди. Бу кураш янги сўзлар ва истилоҳлар (терминлар) воситасида олиб борилди.

Чунки уларнинг қаршисида турган ягона кучли рақиб Ислом эди. Исломнинг ҳам ҳаётга нисбатан ўз дунёқараши, эътиқоди, низомлари, қонун-қоидалари ва ўлчовлари бор бўлиб, булар Ғарбнинг бу янги мафкурасига бутунлай зид эди.

Ғарб Исломга қарши тараққиёт, эркинлик, цивилизация, маданият, демократия, миллатчилик, ватанпарварлик ҳамда шу каби сўзлар ва истилоҳлар билан гўё осмондан ёққан ўқдек шиддатли ҳужум уюштирди. Мусулмонлар эса ўзларига етган фикрий заифлик сабабли бу сўзларнинг асл мағзини ва яширин маъноларини англаб етмадилар, уларнинг изоҳини эски луғатлардан қидира бошладилар. Ғарб эса аллақачон бу сўзларга ўз дунёқарашига мос ва уйғун бўлган маъноларни сингдириб улгурган эди. Ғарбликлар бор куч ва имкониятларини аямай, ушбу тушунчаларни мусулмон жамияти орасида турли услублар билан ёйишди.

Улар ҳужум қуроли қилиб олган ўша истилоҳлардан бири — цивилизация (ҳазорат) ва культур (маданият) сўзлари эди.

Ғарб дастлаб «цивилизация» атамасини “тоғлар ва ўрмонларда бўлган кўчманчи ҳаёт тарзи қаршисидаги шаҳар ва қишлоқларда муқим, ривожланган, тартиб-интизомли ва барқарор ҳаёт тарзи” деган маънода ишлатди. Бу эса Ғарб ёзувчиларининг асарларида тахминан уч аср давомида шу маънода қўлланилди. Кейинчалик бу сўзнинг маъноси бора-бора иқтисодиёти ривожланган, яшаш шароитлари қулайлашган жамиятларга нисбатан қўлланила бошланди. Унинг акси сифатида эса, шаҳарда ёки қишлоқда бўлса ҳам, ҳали ривожланмаган, қолоқ жамиятлар тилга олинадиган бўлди. Сўнгра бу термин янада бошқачароқ тус олди: европаликлар фақатгина ўзларини ва ўз ютуқларини цивилизация деб ҳисоблаб, қолган барча халқларни қолоқ ва қоронғу жамиятлар сифатида кўра бошладилар. Уларнинг карвонига қўшилганлар цивилизацияга эришган бўлиб, қўшилмаганлар эса ортда қолган жоҳиллар бўлиб қолаверди. Кейинчалик бу маъно ҳам четда қолиб, ёзувчилар ўз адабиётлари ва китобларида бошқа бир маънога ўтдилар. Шу тариқа, цивилизация сўзи бошқалардан ажралиб турувчи ўзига хос ҳаёт тарзига эга бўлган жамиятларга нисбатан қўлланила бошланди. Масалан: Ғарб цивилизацияси, Ислом цивилизацияси, Қадимги Миср цивилизацияси, Ҳинд цивилизацияси ва ҳоказо.

Аввал бошда кундалик турмушда қўлланиладиган моддий шаклдаги воситаларга нисбатан ҳам, бошқа соҳаларга нисбатан ҳам баробар қўлланиб келинган «цивилизация» сўзи кейинчалик моддий нарсалардан ажратилди ва бу икки тушунчага икки хил термин берилди. Моддий воситаларга нисбатан «маданият» сўзи ишлатила бошлаган бўлса, ҳаёт тарзига тегишли тушунча ва фикрларга нисбатан «ҳазорат» (цивилизация) сўзи қўлланила бошланди.

Ғарб ўзга цивилизацияларга қарши турган мусулмонларга қараб: «Сизлар машиналарга, учоқларга, поездларга қаршимисиз? Сизлар тараққиётга қаршимисиз? Сизлар ёввойилик ва қолоқликни ёқлайсизми?» дея мурожаат қила бошлади. Мана шундай сўз ўйинлари орқали улар ўзларининг ҳаёт тарзини ҳам мусулмонларга сингдирмоқчи бўлдилар.

Ҳаёт тарзи — бу ҳаётга нисбатан кўзқараш, эътиқод, ҳаётнинг мазмуни ва бахт-саодат ҳақидаги тушунчалар, ўлчовлар ҳамда ҳаёт қонунларидир. Буларнинг барчаси алоҳида шахснинг, жамиятнинг ва давлатнинг ҳаёт тарзини шакллантиради. Мана шу турмуш ҳақидаги тушунчалар мажмуи — цивилизация (ҳазорат) дейилади.

Маданият эса моддий шакллар бўлиб, у инсоннинг ҳаёт тарзига (дунёқарашига) таъсир кўрсатмайди. Ҳеч бир мусулмон Германияда ишлаб чиқарилган машинани мингани билан ғарблик одамга айланиб қолмайди. Худди шунингдек, бирор-бир европалик қирғизнинг отига минса ёки қалпоғини кийса, қирғиз бўлиб қолмайди. Компьютер, телевизор, интернет, бинолар ва технологиялар — буларнинг барчаси ўз моҳиятига кўра моддий шакллар бўлиб, улар нейтралдир, ҳеч қайси мафкурага тегишли эмас. Булар инсонга қандай яшаш кераклигини ўргата олмайди.

Компьютер ва интернет орқали бузуқлик ёйиш, одамларни йўлдан оздириш, кишиларга туҳмат қилиш ва бошқа ҳаром ишларни амалга ошириш мумкин бўлганидек, у орқали инсонларни Исломга даъват қилиш, ёмонликдан қайтариб, яхшиликка чақириш ҳам мумкин. Биз бу мезонларни моддий нарсаларнинг ўзидан олмаймиз, чунки улар бизга нима қилиш кераклигини кўрсатиб бера олмайди.

Маданият иккига бўлинади: хос маданият ва умумий маданият. Хос маданият — цивилизация (муайян дунёқараш) билан узвий боғлиқ бўлган маданиятдир. Масалан: ҳайкаллар, хоч (крест) тасвири туширилган кийимлар, авратлари очиқ уятли суратлар ёки кинолар, қимор ўйинлари, маст қилувчи ичимликларнинг турлари ва ҳоказо. Бундан бошқа барча нарсалар умумий маданиятга киради. Чунки улар ҳаётга бўлган муайян дунёқарашга алоқадор бўлмай, балки бутун инсониятга тегишли умумий нарсалардир. Бу ерда ажратиб олиш лозим бўлган жиҳат шундаки, умумий маданият «нарсалардаги асл асос мубоҳликдир» деган шаръий қоидага мувофиқ бўлиб, ундан фойдаланиш жоиздир. Аммо хос маданиятни, яъни бошқа цивилизацияларнинг маданиятини қабул қилиш асло мумкин эмас.

Шу ўринда табиий бир савол туғилади: Моддий воситаларнинг юзага келишида цивилизациянинг ҳам ҳиссаси бор-ку, қандай қилиб биз маданиятни ҳазоратдан ажратамиз? Ахир, бугунги Ғарб эришган юксак моддий ютуқларга унинг цивилизацияси сабаб бўлган эмасми?

Бунга жавоб қуйидагича: Ҳазорат инсонни моддий ишлаб чиқаришга ундаши табиий ҳолдир. Ғарб цивилизацияси ҳаётга моддийлик назари билан қарайди. Унинг наздида ҳаётнинг мазмуни — фойда (манфаат)дан иборат, бахт-саодат эса жисмоний лаззатларига кўпроқ шўнғишдир. Бу дунёқараш инсонни ўзига қулайлик яратадиган, ҳаётини енгиллаштирадиган ишлаб чиқаришга ундаши табиийдир. Бироқ бу — Ғарбдан бошқа цивилизациялар ишлаб чиқаришга тарғиб қилмайди, дегани эмас. Тарихга назар ташласак, Ислом ҳазорати ҳам инсонни ҳамиша бунёдкорлик ва ишлаб чиқаришга ундаб келганига гувоҳ бўламиз. У инсонни ишлаб чиқаришдан асло тўсмайди, аксинча, унга чорлайди ва бу йўлдаги эзгу ниятига яраша охиратда улкан ажр-мукофотлар ваъда қилади. Давлат ҳам ўз сиёсатида (сиёсат — умматнинг ички ва ташқи ишларини ғамхўрлик билан бошқариш деган эътиборда) бу масалага катта аҳамият қаратади. Чунки бу воситалар халққа ғамхўрлик қилишга хизмат қилади, ишларни енгиллаштиради.

Биз, мусулмонлар, қандай умр кечиришни, яхши билан ёмонни қандай ажратишни, халққа қандай ғамхўрлик қилиб сиёсат юритишни, қандай қонунлар билан бошқаришни, ишларни қандай мезонлар билан ўлчашни ва қандай қилиб бахтли ҳаёт кечиришни билишда на Ғарбга ва на Шарққа муҳтожмиз. Аллоҳ Таоло айтади:

أَلَيْسَ اللَّهُ بِكَافٍ عَبْدَهُ ۖ وَيُخَوِّفُونَكَ بِالَّذِينَ مِنْ دُونِهِ ۚ وَمَنْ يُضْلِلِ اللَّهُ فَمَا لَهُ مِنْ هَادٍ

«Аллоҳ Ўз бандасига  етарли эмасми?! (Эй Муҳаммад), улар сизни (Аллоҳдан) ўзга бутлари билан қўрқитурлар. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас». (Зумар сураси, 36-оят).

Биз ёлғиз Аллоҳ Таолонигина Яратувчи Илоҳ, ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигина бандаларнинг ишларини тартибга солиб, қонун қўйишга ҳақли Зот, ёлғиз Угина ҳалол ва ҳаромни белгилаб берувчидир деб иймон келтирмаганмидик?! Аллоҳ Таоло бизга ҳеч бир камчилиги бўлмаган, мукаммал ҳаёт тузумини нозил қилиб қўймаганмиди?!

الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا

«Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим». (Моида сураси, 3-оят).

Биз ҳаётга тегишли асл тушунчаларимизни Исломдан бошқа манбалардан олишдан эҳтиёт бўлишимиз лозим. Исломдан ўзгасига асло рози бўлмаслигимиз керак. Бугун бутун инсоният бошига тушаётган муаммолар, иқтисодий ва сиёсий инқирозлар, фақатгина бойлик орттириш йўлида олиб борилаётган урушлар ва қирғинбаротлар — буларнинг барчаси моддий манфаатдан бошқа ҳеч нарсани кўра олмайдиган, инсониятга манфаатпарастликни ҳаётнинг асл мазмуни қилиб кўрсатган, одамларнинг муаммоларини ечимсиз қолдириб, уларнинг Яратувчи билан бўлган алоқасини узиб ташлаган капитализм тузумининг ҳукмронлик қилаётганига бориб тақалади.

Аллоҳ Таоло айтади:

وَمَنْ أَعْرَضَ عَنْ ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنْكًا

«Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур…» (Тоҳо сураси, 124-оят).

Биз Исломни ҳаётда қайта татбиқ қиладиган, унинг ҳукмлари билан бизга ғамхўрлик қиладиган, уни даъват ва жиҳод орқали бутун оламга ёядиган Халифалик давлатини барпо этиш орқалигина бу дунёдаги хорликдан қутулиб, азиз ва шарафли ҳаётга эришамиз. Охиратда эса хор қилувчи азобдан қутулиб, кенглиги осмонлару ердек бўлган абадий жаннатга лойиқ бўламиз!

Сақофат бўлими

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button