Янгиликлар

Имом болалардан музқаймоқ қоғозларини сотиб олди

Имом болалардан музқаймоқ қоғозларини сотиб олди

Қирғизистоннинг Чўй вилояти Жайил туманида жойлашган Сосновка қишлоғида маҳаллий имом байрам тадбирларидан сўнг ўзгача бир акция ташкил этди. У болалардан музқаймоқ қоғозини 3 сомдан сотиб олди. Ушбу акция тасвирланган видеолавҳани маҳаллий мактаб маъмурияти ижтимоий тармоқларга жойлаштирди.

Видеодаги лавҳаларда ўнлаб болалар ўзлари тўплаган музқаймоқ қоғозларини имомга олиб келаётганини кўриш мумкин. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, бу ташаббусдан кўзланган асосий мақсад — болаларга атроф-муҳитга ғамхўрлик қилиш намунасини кўрсатиш ва уларнинг қалбида тозаликка муҳаббат уйғотиш ҳамда уларни кўча-кўйга чиқинди ташлаш одатидан халос этишдир.

Бу акция ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Айрим фойдаланувчилар имомни ҳақиқий мусулмон намунаси деб атаб, шахсий ўрнак орқали ёш авлодни тарбиялашга бўлган интилишини юқори баҳолаган бўлса, баъзи фойдаланувчилар болаларни тозаликка ўргатиш жараёнида уларни фақатгина пул мукофотига ўргатиб қўймаслик кераклигини таъкидлаб, покизаликка риоя қилиш ҳеч қандай моддий манфаатларсиз, ўз-ўзидан амалга ошиши лозим деган фикрни илгари суришди.

Атрофдаги баҳс-мунозараларга қарамай, бу каби ташаббуснинг ўзини муҳим бир қадам сифатида эътироф этиш лозим. Бу ҳолат Ислом динида покизалик, ижтимоий масъулият ва ёшлар тарбияси масалаларига алоҳида аҳамият қаратиш лозимлигини яна бир бор исботлайди. Зеро, Ислом покликка алоҳида эътибор қаратади. Бу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Поклик иймоннинг ярмидир», — деган машҳур ҳадисларида ҳам ўз аксини топган. Айнан шу боис ҳам кўпчилик инсонлар имомнинг бу ҳаракатида шунчаки атроф-муҳитни тозалашга бўлган даъватни эмас, балки ёш авлодга покизалик олий ахлоқий қадриятлардан бири эканлигини эслатишни кўра олдилар.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button