Янгиликлар

Рақамли назорат кучайтирилмоқда

Рақамли назорат кучайтирилмоқда

Қирғизистонда рақамли маълумотлар ва телекоммуникация соҳасидаги қоидаларни тубдан ўзгартиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси Жогорку Кенеш муҳокамасига тақдим этилди.

Ушбу лойиҳага кўра, ахборот билан ишлаш тартиби ва алоқа операторлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш усули ўзгартирилади. Аниқроқ айтганда, куч тузилмаларининг ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилади. Эндиликда уларга нафақат техник қурилмалардан, балки тўғридан-тўғри телекоммуникация тармоқлари ва операторларнинг маълумотлар базасидан маълумот олиш имконияти берилади.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида замонавий технологик воситаларни жорий этиш ҳам кўзда тутилган. Шахслар ва транспорт воситаларини маълумотлар базаси орқали автоматик равишда аниқлаш имконини берувчи рақамли тизимлар, шунингдек, серверлар, қурилмалар ва алоқа тармоқларидан маълумот йиғишнинг кенгайтирилган янги имкониятлар шулар қаторига киради. Айни пайтда барча алоқа воситалари ва техник ускуналар устидан назорат кучайтирилади.

Қонун лойиҳасида алоқа операторларининг зиммасидаги мажбуриятлари алоҳида белгиланган. Улар ўз тизимларига тўсқинликсиз киришни таъминлаши, махсус тадбирлар учун зарур техник ечимларни жорий этиши ва энг муҳими — ушбу иш усулларини сир сақлаши шарт. Эътиборли жиҳати шундаки, бундай инфратузилмани вужудга келтириш учун сарфланган барча харажатлар операторларнинг зиммасига юкланади.

Бундан ташқари, барча мобил қурилмаларни давлат тизими орқали мажбурий рўйхатдан ўтказиш таклиф этилмоқда. Асосий рақамли тизимлар ва техник воситалар миллий хавфсизлик органлари назоратига ўтказилади. Фавқулодда вазиятлар ёки низолар юзага келган тақдирда, айрим мобил қурилмаларни вақтинча блоклаб қўйиш имконияти ҳам кўзда тутилган.

Ҳозирги вақтда парламент ушбу қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда. Агар у тасдиқланса, Вазирлар Маҳкамаси олти ой ичида тегишли норматив ҳужжатларни янги талабларга мувофиқлаштириши лозим бўлади.

Ушбу ташаббус жамоатчиликнинг диққат марказида турибди. Зеро, мазкур ўзгаришлар шахсий ҳаёт ва маълумотлар махфийлигига ҳамда рақамли мулоқотлар устидан давлат назоратининг кучайишига бевосита дахлдордир.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button