Ҳадиси шариф

Ислом ҳукмлари инсон фитратига тўлиқ мос келади

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳадиси Шариф билан

Ислом ҳукмлари инсон фитратига тўлиқ мос келади

Азиз мухлислар, “Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

عن سهل بن سعد أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: «لَا يَزَالُ النَّاسُ بِخَيْرٍ مَا عَجَّلُوا الْفِطْرَ». رواه البخاري برقم 1856.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: Аллоҳнинг Элчиси ﷺ айтдилар: «Одамлар ифторликни (оғиз очишни) тезлаштирар эканлар, яхшиликда давом этаверадилар».

Азиз биродарлар:

Ислом ўз ҳукмлари билан доимо бизни қувонтириб, севинтириб келади. Оғиз очишни тезлаштиришнинг катта ҳикмати бор, чунки у бизни динда ғулув кетишдан ва уни оғирлаштириб юборишдан йироқлаштиради. Бу яҳудий ва насронийларнинг қилмишларига зид бўлиб, пайғамбарларнинг гўзал ахлоқини акс эттиради. Пайғамбаримиз ﷺ бу пайғамбарлик ахлоқларидан бири эканини ва унда таомланиш одоби мужассамлигини таъкидлаганлар.

Эй мусулмонлар:

Инсонлар оғиз очишга шошилсалар, саломат бўладилар. Бу Пайғамбаримиз ﷺнинг «Одамлар ифторликни тезлаштирар эканлар, яхшиликда давом этаверадилар» деган муборак сўзларидан яққол кўриниб турибди. Инсонлар ўз эътиқодларига содиқ қолган ҳолда ибодат қилиб, шариатнинг фақатгина бир ҳукмини бажариш натижасида шунчалик улкан яхшиликларга эришар экан, Исломнинг барча ҳукмларига тўлиқ амал қилсалар қандай бўларкин? Агар улар ўз Яратувчиларининг қонунларини комил суратда ҳаётга татбиқ этсалар нима бўларкин? Агар улар золим бошқарувчиларнинг ҳокимиятини қулатиб, уларнинг ишларини назорат қилиб, уларни тўғри йўлга етаклайдиган халифани тиксаларчи?

Ислом инсоннинг фитратига тўлиқ мос келгани боис, яхшиликларнинг нақадар кенг ва буюк бўлишида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аллоҳ Таоло инсонни Ўз қонунларига мутлақо ҳамоҳанг бўлган соф табиат билан яратди. Агар инсон бахтли яшашни истаса, мана шу тизим ва илоҳий шариат ҳукмларига амал қилиши лозим. Акс ҳолда, у изтиробда ҳаёт кечириб, бугунги кунда бутун инсоният бошидан кечираётган оғир синовларга дучор бўлади. Инсон ўз Парвардигори ва Яратувчисининг йўлидан адашди, шу боисдан ҳам бугун машаққат чекмоқда. Аллоҳ Таолонинг қуйидаги сўзлари бугунги кундаги инсоният ҳаётига ғоятда мос келади:

 (وَمَنْ أَعْرَضَ عَن ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنكًا).

«Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг (бахтсиз) ҳаёт бўлур». (Тоҳо сураси, 124-оят).

Азиз биродарлар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

Ҳижрий 1448 йил, 11-сафар.

Милодий 2026 йил, 25-июль.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button